1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Шаҳидлар хотираси ёд этилди

14:27 / 31.08.2023 1311 pdf Ўқиш режими + -

Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.


Қуръони Карим тиловат этилиб, ўтганлар ҳақига дуо қилинди. Элга ош тортилди.


Мустақиллик кунларида миллатимиз ойдинлари хотирасини эъзозлаш, хизматларини эслаш яхши анъана. Чунки улар халқимиз озодлиги учун, бугунгидек эмин-эркин кунлар учун интилган эди. Бу сана Ватанга фидойилик унутилмаслигини, ҳамиша қадрланишини англатади.


Мустабид тузум даврида юртимизда минг-минглаб одамлар қатағонга учраган. Оилалари хонавайрон бўлиб, болалари етим қолган. Биргина 1937-38 йиллардаги катта қирғин даврида 7 мингга яқин ватандошимиз отилган.


Ҳозирги хиёбон шундай қатллар ижро этиладиган мудҳиш жой бўлган. Мустақиллик йилларида у обод масканга айлантирилди. Бу ерда “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда унинг филиаллари ташкил этилди. Айни пайтда музейда Туркистон маърифатпарварларига бағишланган кўргазма очилган.


Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди.


- Ҳар сафар бу ерга келиб, халқимиз озодлиги йўлида қурбон бўлган жасур боболаримизни эслаб, кўнглимиз таскин топади. Уларни хотирлаш, эзгу ишларини давом эттириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Қатағон қилинган етакчиларимизнинг тақдири барчамизни мустақиллигимизни қадрлашга, уни асраб-авайлашга ундайди. Мана шундай мустақилликда, тинчликда яшашнинг ўзи Аллоҳ таолонинг катта марҳамати, неъмати. Бунинг учун шукроналик билан, унинг қадрига етиш керак, - деди Президент.


1937-53 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учрагани, уларнинг 13 минг нафари отиб ташлангани яна бир бор ёдга олинди. Афсуски, тазйиқлар бу билан чекланиб қолмаган.


Ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб юртдошларимиз адолатсизлик қурбони бўлган. “Пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан республикамиз бўйича 40 минг киши тергов қилинган, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган.


Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонга йигирма беш йил раҳбарлик қилган, ўзбек халқининг буюк фарзанди Шароф Рашидов ҳам ўлимидан кейин сиёсий қатағонга учрагани аламли эканини айтди.


Жадид боболаримиз ҳаётини ўрганиш, ноҳақ қатағонга учраган инсонлар хотирасини абадийлаштириш бўйича хайрли ишлар қилинаётгани таъкидланди.


- Бу борада адолатни тиклаш бўйича кўп ишлар қиляпмиз. Тарихчи олимлар иштирокида комиссиялар тузилди, архив ҳужжатлари ўрганилаяпти. Охирги икки йилда Ўзбекистон Олий суди 850 нафардан зиёд, бу йил 240 нафар ана шундай жабрдийда ватандошларимизнинг номини оқлади. Бундай изланишларни ҳеч қачон тўхтатмаслигимиз керак. Негаки ҳақиқатни халқимиз билиши керак, - деди Шавкат Мирзиёев.


Бу даврга оид тарих янги топилаётган ҳужжатлар ва ашёлар билан бойиб бормоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича “Хотира” китоблари тайёрланди. Уларга 40 мингга яқин ватандошимиз тўғрисидаги маълумотлар киритилди. Бу тўпламлар яқин вақт ичида чоп этилади.


Президентимиз шулар билан бирга қатағон қурбонлари яшаган маҳаллаларда уларнинг номлари, фаолиятини муҳрлаб қўйиш зарурлигини таъкидлади.


– Музейлар қилдик, китоблар чиқаяпти, кўпчилиги оқланяпти. Лекин шу билан унутилиши керак эмас. Менинг назаримда, қатағон қурбонлари туғилиб ўсган ёки бугун авлодлари яшаётган маҳаллада, ўша ердаги мактабда уларнинг номларини ёзиб қўйсак, ҳам савобли, ҳам ибратли иш бўларди. Қолаверса, мана шундай байрамларда, хотира кунларида хонадонларини зиёрат қилиш керак. Нега уруш қатнашчиларини уйига борамизу, қатағон қурбонларини эсламаймиз?! Уларнинг ҳар бирининг ҳаёти – қаҳрамонлик. Биз буни ўрганиб, ташвиқот қилиб, ёшларимизга етказишимиз керак, – деди давлатимиз раҳбари.

 

 

Мавзуга оид мақолалар
Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов билан учрашдилар.Меҳмонлар муфтий Усмонхон Алимов давоми...

5015 13:40 / 19.04.2019
Ўзбекистон суперлигасиниг навбатдаги ўйини Машъал Локомотив клублари ўртасида ўтказилди. .Муборакдаги ўйиндан сўнг кийиниш хонасида ифторлик учун дастурхон давоми...

3336 10:52 / 07.05.2021
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ кечаларидан изланглар, давоми...

2314 16:28 / 20.03.2025
Индонезияда .Шайх Зайд, масжидининг нусхаси қурилади. Бу ҳақда islam.ru сайти хабар беради.Амирликнинг энг юқори мартабали амалдорлари Индонезиядаги .Шайх Зайд, давоми...

1719 14:30 / 10.03.2021
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021