1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Мен учун ўрганиб кел!

11:51 / 09.01.2024 4374 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ўрнашгач, Бани Нажжор қабиласи Зайд ибн Собитни олиб келди. Ўшанда Зайднинг ёши ўн олтидан ўтмаган эди. Улар:
- Эй Аллоҳнинг расули! Бу бола сизни хурсанд қиладиган даражада Қуръон ёдлаган, - дейишди.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ўкишини сўрадилар. У Қоф сурасини ўқиб берди.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайднинг зеҳнидан ҳайратландилар. Унда закийлик, нурли ақл борлигини англадилар ва дедилар:
- Эй Зайд! Мен учун яҳудийлар ёзувини ўрганиб кел. Мен мактубимни яҳудийларга ишонмайман.


Ўн беш кун ичида Зайд ибронийчани ўрганиб олди. У энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийларга мактуб юбормоқчи бўлсалар, ёзиб берар, у зотга яҳудийлар мактуб ёзса, уларнинг мактубини ўқиб берар эди.


Бу сайёрада биз ёлғиз эмасмиз. Бунда бошқа халқлар, миллатлар ва маданиятлар бор. Бошқа тиллар бор. Ўша маданиятни, ўша миллатлар ва уларнинг тилларини ўрганиш албатта лозимдир.


Аммо бу ишни маърифат учун қилиш бошқа, фахр учун қилиш бошқа.
Бугун инглиз тили илм тилидир. Талабаларимиз бугун шу тил орқали илмий ихтисосларига эга бўлишмоқда. Бу мутахассисликларни ўрганиш албатта вожиб. Чунки вожибга олиб борадиган нарса ҳам вожиб.


Араб билан гаплашганида фарангча ёки инглизча сўзларни фахрланиб қўшиб гапириши илмдан кўра кўпроқ нотурғунлик ва маданий жиҳатдан таназзулга юз буришдир.


Барчанинг ўз қобилияти бор. Қобилиятсиз инсон йўқ. Бу баҳслашилмайдиган мавзу. Баъзи ўқувчиларда тил ўрганиш қобилияти юқори бўлади, аммо математикани яхши тушунмайди.
Баъзи ўқувчилар эса физика ва кимёдаги тенгламаларни осонлик билан ечади, аммо тўрт қатор нарсани ёд олиши қийин. Баъзиларга эса ўн бет нарсани ёдлаш геометрик масалаларни ечишдан осонроқдир.


Оилада ҳам, мактабда ҳам боланинг қобилиятини аниқлаб олиш лозим. Сўнг ўша томонга қараб йўналтириш керак.


Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Собитнинг тил ўрганишдаги қобилиятини кўра олдилар. Унга йўналиш бердилар. Натижада, жуда қисқа муддатда иброний тили ва ёзувини ўрганиб олди. Бу мислсиз натижа эди. Ҳали вақтнинг қисқалиги маъносида ҳеч ким бу натижани янгилагани йўқ.


Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Ал-бидоя ван-ниҳоя» асарида ёзади: «Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ниҳоятда закий бола эди. Яҳудийларнинг тилини ўн беш кунда ўрганди. Форс тилини Кисронинг элчисидан ўн саккиз кунда ўрганди. Ҳабаш тилини, румийлар ва қибтийлар тилини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимларидан ўрганиб олди».


Тушунаман, шифокор одам фарзандининг ҳам шифокор бўлишини истайди. Аммо улар фарзандларини ўз рағбатларига бўйсундириши, уларнинг истагини ҳисобга олмаслиги зулмдир.


Агар уни ўзи майл қилган соҳага йўналтирилганида мингта шифокордан ҳам ўзиб кетадиган даҳо бўлиши эҳтимоли бор эди.


Тасаввур қилинг, агар имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ, табибликка мажбурланганларида уммат қанақа муҳаддисдан маҳрум бўлар эди?!


Ибн Сино муҳаддисликка мажбур қилинсалар, уммат қанақа табибдан маҳрум бўлар эди?!
Шоир Мутанаббийни тикувчиликка мажбур қилишганида уммат қанақа шоирдан маҳрум бўлар эди?!
Ва ҳоказо...
Болаларга қобилияти бор нарсани ўргатинг!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланди.
 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон киши, эркак бўлсин, аёл бўлсин, кийим Аллоҳ таолонинг неъматларидан бири эканини доимо эсга олиб, бу неъматга шукр қилиб туриши лозим.Кийим кийишда давоми...

6316 12:28 / 12.04.2017
Австралияда қадоқланадиган ушбу маҳсулот этикеткасига Оқиб турган дарё бўйида бўлсанг ҳам, сувни исроф қилмаrdquo деб ёзилиб, остига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи давоми...

3802 11:00 / 01.02.2024
Кўпчилик одамлар яхши ниятда ҳам ёмон мақсадда ҳам нима учун мусулмонларни дунёда таҳқирланган ҳолда бошқаларни эса ҳурмат ва иззатда кўрамиз Нима учун уларни давоми...

6592 16:35 / 21.01.2018
1969 йил 20 июлда Америкалик машҳур астронавт Нил Армстронг биринчи бўлиб ой сатҳига оёқ қўяди. Унинг эсдаликларида қуйидаги гаплар ёзилган.Мен реал инсонман. давоми...

5425 11:00 / 22.03.2021
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021