1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Инсон тилига эҳтиёт бўлмоғи лозим

14:28 / 28.10.2023 5628 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада бемор бўлиб, жисми заифлашиб, озғин бўлиб қолган бир кишини зиёрат қилгани бордилар. Кўрган киши уни куни битган деб ўйлар эди.

Унинг аҳволи Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг эътиборларини тортди. Ундан сўрадилар:

- Бирор нарса деб дуо қилганмидинг?

У деди:

- Ҳа, «Аллоҳим! Охиратда берадиган азобингни шу дунёда бергин», деб дуо қилган эдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

- Субҳаналлоҳ! Бунга тоқатинг етмайди-ку!

Нега: «Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни бергин, охиратда ҳам яхшиликни бергин», деб сўрамадинг, - дедилар.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур дуони ўқиган эдилар, Аллоҳ унга шифо берди.

Инсон тилига эҳтиёт бўлмоғи лозим. Гоҳида Аллоҳнинг раҳматига терс бўлган шартларни қўйиб илтижо қилишади. Улар хатоларини англасинлар учун Аллоҳ сўраган нарсаларини беради.

Бу саҳобий ҳам охиратдаги азобдан қўрққанидан ҳамма азобни шу дунёда бўлишини хоҳлади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам унга тўғри йўлни кўрсатдилар. Яъни, икки дунёда ҳам нажот топишни сўраш айни бандага хос иш эканини англатдилар.

Бола оғриса, баъзи оналар: «Сен касал бўлгунча мен касал бўлсам бўлмасмиди?!» деб нидо қилади.

Албатта, онанинг бу дуоси остида боласига бўлган меҳр, раҳмат ва шафқат ётади. Аммо бу ақлсиз меҳрдир. Нега энди бунинг ўрнига касалликни фарзандидан ҳам, ўзидан ҳам кетказишини сўрамайди?! Ёки унисини берган Аллоҳ бунисини бермайдими?!

Банда қачон дуоси ижобат бўлишини билмайди. Шунинг учун доимо Аллоҳдан яхшиликни сўраш лозим.

Болалар уйда тўполон қилганда баъзи оналар қарғаб қолади: «Ҳой балога гирифтор бўлгурлар, жим бўлинглар!»

Бу қарғиш ижобат бўлиб қолса-чи?!

Аллоҳдан фақат яхшиликни сўраш лозим. У Зотга бирор иш оғир эмас.

Ривоятларда келишича, Юсуф алайҳиссалом Раббларига дуо қилдилар: «Эй Раббим! Қамоқ узайиб кетди!»

Аллоҳ ваҳий қилди: «Эй Юсуф! Сен қамоқни сўрадинг, Биз бердик. Агар офиятни сўраганингда офият берар эдик!»

Boқea бундай бўлган эди: Юсуф алайҳиссалом зино билан қамоқдан бирини танлаш ихтиёри берилганда: «Эй Раббим! Улар мени чорлаётган нарсадан кўра менга қамоқ маҳбуброқдир», деган эдилар.

Тилни яхши гапга одатлантиринг!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Гарчи муболаға ва кўп сўзлаш билан бўлса ҳам Исломнинг тақозоси икки аразлашган мусулмонни яраштиришдир.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Одамлар давоми...

936 13:20 / 07.08.2025
Ўшанда маҳзунлик йили эдиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Қурайшдан ҳимоя қиладиган метин девор бўлмиш Абу Толиб вафот қилди. Завжалари, ҳабибалари, давоми...

2043 09:00 / 10.02.2023
Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломнинг ҳақиқатларини баён қилади .У Ийсо бир бандадир, Биз унга неъмат бериб, уни Бану Исроилга мисол қилдик,, яъни Ийсо алайҳиссалом давоми...

2311 10:38 / 12.02.2025
Уламоларнинг бирларидан эшитган эдим. У киши солиҳлардан бирининг ҳикоясини шундай келтириб берадилар. Ўша солиҳ зот мана бундай дуо қилган эдилар .Аллоҳим, Сен давоми...

2351 11:00 / 26.06.2022