1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ағёр ‒ ихлоснинг кушандаси

12:31 / 12.08.2024 1655 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ихлос ‒ амални ёлғиз Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилишдир. Аллоҳдан ўзгани тасаввуф машойихлари «ағёр», яъни ўзгалар, бегоналар деб аташади. Ағёр сиздан юқори мартабада бўладими, қуйи мақомда бўладими, фарқи йўқ, амалда уни кўзлаш ихлоснинг зидди ва кушандасидир.

Одамлар одатда амал қилишда ўзидан юқори тараф розилигини кўзлаган кишини дарҳол таниб олишади, ҳеч иккиланмай уни истаганча маломат қилишади. Масалан, биров мансабдорларни, бойларни хурсанд қилиш учун бирор гап айтса, буни пайқаш қийин эмас, унинг амалда ихлоси кетгани дарров билинади ва уни халқ турли лақаблар билан атаб, ҳар қанча дашномга лойиқ кўради. Бошқача қилиб айтганда, юқори табақа ағёрлар ҳам, уларнинг розилигини истовчилар ҳам осон ошкор бўлади.

Ағёр ‒ Аллоҳдан ўзга деганда сиздан қуйи мартабадаги кишилар ва нарсалар ҳам тушунилиши лозим. Улар мухлислар, дўстлар, фарзанду шогирдлар, молу мансаб кўринишида бўлиши мумкин. Амал қилишда ёки уни тарк этишда уларнинг шодлиги ва олқишини исташ ҳам Аллоҳ таолодан ўзганинг розилигини исташ, бошқани Ундан устун қўйиш ҳисобланади. Бироқ риёнинг бу шаклига кўпчилик эътибор бермайди.

Бизнинг жамиятларда одатда юқори табақани рози қилиш учун гапириш динда мустаҳкам бўлмасликдан келиб чиқади. Аммо оммани рози қилиш учун бўлган ҳаракатлар кўпинча зоҳирий тақво, динда йўлни қаттиқ олиш орқали намоён бўлади.

Одамлар омма учун шариатнинг енгил тарафини олган олимларни тақвосизликда, кимларнидир рози қилишда айблашга шошади. Аммо кескин гаплар, фатволар айтган кишиларни илму тақвода пеш, фақат Аллоҳ учун сўзлаяпти деб баҳолашади, уларга таҳсин айтишади. Аслида биринчи тоифа ўз сўзида Аллоҳ таолонинг розилигини, Унинг шариатига кўпроқ риоя этаётган, иккинчи гуруҳ эса одамларнинг, мухлисларнинг олқишларидан ҳузурланишга ўрганиб қолган, уларнинг айблашидан қўрқаётган бўлади. Шундай қилиб, биринчиси кўринишда парҳезсиз, аслида эса Аллоҳни истаган, иккинчиси зоҳирда диндор, ботинда ағёрни кўзлаган бўлиб чиқади. Эътибор берилса, бундай ҳолат ҳаётда кўп кузатилади, бироқ буни илму басийрат аҳлигина илғай олади.

Сиз агар одамларнинг маломатидан қўрқиб ёки уларнинг хоҳишини ўйлаб шариатда жоиз нарсада йўлни тор олсангиз, бу тақво эмас, риёдир. Бўлганда ҳам, хатарлироғидир, чунки бунда одамлар сизни динда мустаҳкам экан деган хаёлга боради, ҳолбуки, амалда мақсадингиз ағёрлар бўлади. Амалнинг зоҳири ботинидан паст бўлиши эса нифоқнинг хусусиятларидандир.

Баъзан бирор нарсани шариатда жоизлигини айтсангиз, одамлар сизнинг диндорлигингизга шубҳа билан қарай бошлайди, сизни тақвосизликда айблашади. Сиз эса бунда Аллоҳ таолонинг шариатига риоя этаётган бўласиз. Бунинг яхшилиги ‒ амалнинг зоҳиридан ботини чиройли бўлишида. Бу эса айни ихлосдир.

Ижтимоий тармоқда бирор диний маълумот жойлашда қалбингиз Аллоҳнинг розилигини эмас, одамларнинг «ёқди» тугмасини босишини кўпроқ истаса, бунда сиз ҳар чанд тақвонамо сўз сурманг, мақсадингиз ағёрларнинг мақтови бўлади, риё қилган ҳисобланасиз. Сиз қўйган постингизда ёлғиз Аллоҳ таолонинг розилигини кўзда тутиб, одамларнинг муносабатини мақсад қилмай, керак бўлса, унга бепарво бўлсангиз, мана шу чин ихлос ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, ҳукмдорларнинг розилиги учун сўзлаган ёки бирор иш қилган киши билан атрофидаги мухлисларнинг истагини, одамларнинг олқишу хоҳишини ўйлаб амал қилган киши ҳукмда баробар ‒ иккиси ҳам ағёрни қасд қилган бўлади. Улардан бирини маломат қилиб, иккинчисини мақташ зиддиятли ҳодиса бўлиб, кишининг илму тафаккури оқсоқ эканидан дарак беради. Бирор амални бажариш ёки тарк этишда фақат Аллоҳ таолонинг розилигини, Унинг шариатини холис баён этишни мақсад қилишгина бандани нажотга эриштиради.

Аллоҳ барчамизнинг зоҳиру ботинимизни Ўзи ислоҳ айласин!

Ҳасанхонхон Яҳё Абдулмажид

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 3 август 03-07/4702-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қавминг янги мусулмон бўлмаганида... Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ҳижри Исмоил ҳақида сўрадилар Эй Аллоҳнинг Расули У ҳам давоми...

2249 15:14 / 30.06.2025
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини мусулмонларнинг бир ишига бош қилиб қўйдилар. Шунда ансорлардан бири туриб дедиndash Эй Аллоҳнинг расули давоми...

3469 09:09 / 25.01.2024
Аллоҳ таоло Наҳл асалари сурасида шундай марҳамат қилади ....Унинг қоринларидан шароб асал чиқади,Нега Роббул ъизза қорин сўзини бирлик шаклида эмас кўпликда давоми...

4033 15:00 / 03.02.2021
Ўзгани авратига тикилмоқ шариатимизда ҳаром қилинган. Лекин фуқаҳолар маълум истисноларни баён қилган бўлиб, уларни авратига қараш мубоҳ саналади.1. Инсоннинг ўз давоми...

4560 15:09 / 26.09.2020