1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Абу Бакр Аҳмад Муслияр

14:07 / 28.08.2024 1478 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳиндистон уламоларининг йирик намояндаси, Ислом арбоби, етук аллома, воиз, адиб, мударрис, Бутунҳиндистон мусулмон уламолар уюшмасининг Бош котиби, Каликутдаги Сунний маданият марказининг асосчиси ва раиси, Кантапурам ёшлар уюшмасининг ҳомийси Абу Бакр Аҳмад Муслияр 1931 йилда Керала штати, Каликут шаҳри яқинидаги Кантапурам қишлоғида туғилган.

Дастлабки таълим-тарбияни оиласида, кейин етакчи мадрасаларда шайх Абдулҳамид Муслияр, Абу Бакр Кеттий Муслияр, Зайнуддин Кеттий Муслияр ва Имбич Алий Муслияр каби улуғ олимлардан таҳсил олган. Кейин Темалдон вилоятининг Вилур шаҳридаги «Бақийятус-солиҳат» университетида шайх Ҳасан, шайх Абдулжаббор, шайх Меҳрон каби олимларнинг қўлида илм олган. Замонамизнинг Абу Ясин Муҳаммад Ийсо Фозоний, шайх Аҳмад Тоҳо ибн Алий Ҳаддод каби етук алломаларидан ҳам таҳсил олган, сўнг кўп йиллар исломий илмлардан дарс берган.

Шайх Абу Бакр Аҳмад 1964 йилда диний илмлар бакалаври даражасини қўлга киритган.

Шайх Абу Бакр Аҳмад араб, урду, инглиз, тамил ва малаялам тилларида ижод қилади. «Исматул анбиё», «Ваҳдатул Ислам», «Иттибаъ ва ибтидаъ», «Риёзут толибин», «Изҳорул фараҳ вас-сурур би мийладин Набийюл-мабрур», «Сиясатул исламийя», «Таъзимул акобир ва иҳтиромуш шароиъ», «Ториқ ва тасаввуф» каби кўплаб китобларнинг муаллифи. Оммавий ахборот воситаларида Қуръон, Суннат, тарих, руҳий тарбия, аҳлоқ, фиқҳ ва бошқа кўплаб илмларга доир минглаб мақолалари чоп этилган.

Шайх Абу Бакр Аҳмад 1974 йилда Керала вилояти уламолар кенгашининг маслаҳат мажлиси аъзоси, кейин бош котиби этиб тайинланган. Шайх Абу Бакр Аҳмад 1978 йили Керала штатида Сунний маданият марказини таъсис этиб, 1981 йилгача шу ерда шариат куллиясининг ректори лавозимида ишлаган. 1975 йилда Керала вилоятидаги «Шабанул-муслимин» жамиятининг бош котиби, 1995 йилдан буён шу жамиятнинг бош раиси лавозимида фаолият кўрсатиб келади.

Шайх Абу Бакр Аҳмад Муслияр ҳазратлари Ҳиндистон Аҳли сунна вал-жамоа уламолари жамиятининг  бош котиби бўлиб, 2019 йилдан буён Ҳиндистон Бош муфтийси лавозимида ҳам хизмат қилиб келмоқда.

 

Халқаро эътироф ва фахрий унвонлари

Ÿ Шайх Абу Бакр  Иордания Қироллик Ислом стратегик тадқиқотлар маркази томонидан тузилган йиллик “дунёнинг 500 та энг нуфузли мусулмонлари” рўйхатидан ўрин олган.

Ÿ 1998 йилдан Америка Олий ислом кенгаши аъзоси. Миср, Малайзия, ЖАР, Иордания ва дунёнинг бошқа кўплаб давлатларида ўтказилган халкаро анжуманларда, юқори даражадаги учрашув ва мажлисларда иштирок этган.

Ÿ Саудия Арабистонида жойлашган Ислом мероси институтининг Ислом маданияти ва меросини ҳимоя қилишдаги хизматлари учун Ислом мероси мукофоти билан тақдирланган (2008 йил).

Ÿ Энг яхши ижтимоий лойиҳа учун Раъсул-Хайма Ислом Академияси мукофоти билан тақдирланган (1992).

Ÿ Ҳамил Ал-Гаитҳ халқаро Қуръони Карим мукофоти (2005).

Ÿ Энг яхши ҳинд-араб шахсияти мукофоти (2006).

Ÿ Малайзия қироли Султон Абдулла Султон Аҳмад Шаҳат томонидан Исломда муҳаббат туйғусини тарғиб этишга қўшган бебаҳо ҳиссаси учун Малайзия Халқаро «Токоҳ Маал Ҳижра» мукофоти билан тақдирланган (2023).

 

2014 йили шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари шайх Абу Бакр Аҳмад Муслияр ҳазратларининг таклифи билан Ҳиндистонга сафар қилиб, Сунний маданият марказидаги йирик халқаро илмий-амалдий анжуманда иштирок этиб қайтганлар. Ушбу учрашувда илмий-маданий мулоқотлар доирасида Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш борасида ҳам қатор келишувларга эришилган.

Икки давлат, икки қардош халқ ўртасидаги бу дўстона алоқалар шайх ҳазратларининг вафотларидан кейин ҳам давом этмоқда. 2016 йилда бир гуруҳ уламоларимиз Сунний маданият марказининг таклифи билан Ҳиндистонга бориб, навбатдаги халқаро анжуманда иштирок этишди. Шундан сўнг 2018 йилда Сунний маданият марказининг бир гуруҳ вакиллари Ўзбекистонда меҳмон бўлиб, Самарқанд, Бухоро вилоятларидаги зиёратгоҳларни, жумладан, имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишган, юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни билан танишишган эди.

 

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 3 август 03-07/4702-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Муҳтарам муфтий ҳазратлари, Сиз Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг талабига биноан ана шу обрўли ташкилотга демократик йўл билан сайланган биринчи давоми...

1982 17:04 / 01.05.2024
Шайх Мухтор Мағровий машҳур авлиё олим шайх Муҳаммад ибн Умар Ҳуварийнинг наслнасабидан бўлиб, насабини набиралари Ҳасан розияллоҳу анҳу орқали жанобимиз давоми...

2367 09:23 / 25.02.2024
.Мен болалик чоғимданоқ ўз ёшим ва шароитимга қараб, имкони борича кўпроқ билим олишга интилдим. Биз турадиган жойга бир юнон кўчиб келган эди. Мен ҳар хил донлар, давоми...

5478 17:00 / 01.02.2021
ndash Муфтий ҳазратлари Ойномамизнинг биринчи сони саҳифаланаётган ҳаяжонли бир пайтда Сиз билан учрашувимиз биз учун алоҳида қувончли. ndash Бисмиллаҳир роҳманир давоми...

2371 17:01 / 19.04.2024