1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Етти нарсага амр, етти нарсадан қайтариқ

15:18 / 08.10.2024 2334 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ الْبَرَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَمَرَنَا النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِسَبْعٍ، وَنَهَانَا عَنْ سَبْعٍ، أَمَرَنَا بِاتِّبَاعِ الْجَنَائِزِ، وَعِيَادَةِ الْمَرِيضِ، وَإِجَابَةِ الدَّاعِي، وَنَصْرِ الْمَظْلُومِ، وَإِبْرَارِ الْقَسَمِ، وَرَدِّ السَّلَامِ، وَتَشْمِيتِ الْعَاطِسِ، وَنَهَانَا عَنْ آنِيَةِ الْفِضَّةِ، وَخَاتَمِ الذَّهَبِ، وَالْحَرِيرِ، وَالدِّيبَاجِ، وَالْقَسِّيِّ، وَالْإِسْتَبْرَقِ، وَعَنِ الْمَيَاثِرِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни етти нарсага амр қилдилар, етти нарсадан қайтардилар.

Бизни жанозаларга эргашишга, беморни кўришга, чақириққа жавоб беришга, мазлумга ёрдам беришга, қасамни амалга оширишга, саломга алик олишга ва акса урганда соғлик тилашга амр қилдилар.

У зот бизни кумуш идишлардан, тилла узукдан, ипакдан, дебождан, қассийдан, истаброқ ва маёсирдан қайтардилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо яхши ва фойдали нарсаларга амр қилиб, ёмон ва зарарли нарсалардан қайтарганлар.

Ушбу ҳадиси шарифдаги амр қилинган нарсаларни ҳам, наҳий қилинган нарсаларни ҳам бирма-бир ўрганиб чиқсак. Аввало амр қилинган нарсалар ривоят қилинади:

1. «Жанозага эргашиш».

Яъни, биров ўлганда жанозасида қатнашиб, намозини ўқиб, дафнида иштирок этиш. Бу иш билан инсон мусулмон биродарининг ўзида бўлган ҳаққини адо этади. Ўлим ўзига яраша оғир мусибат. Ўлган мусулмонни ҳурмат-эҳтиром билан жойига қўйиш тирик мусулмонларга фарзи кифоядир. Ҳар кимнинг бошида ҳам ўлим бор. Ким бошқа кишиларнинг ўлимида ҳурмат-эҳтиром кўрсатса, ўзи ҳам бошқалардан ҳурмат-эҳтиром кўради.

Шунингдек, ўлганнинг яқин кишилари, қариндош-уруғларининг ҳурмати, эътибори ҳам бор. Қайғули пайтда кўрсатилган одамгарчилик ижтимоий алоқаларнинг яхшиланишига сабаб ҳам бўлади. Қолаверса, жанозада иштирок этган инсон ўзи учун кўпгина ваъз-насиҳатлар, ибратлар олади. У ўлимни эслайди, ўзини ўнглаб юриши кераклигини ёдга олади.

Ҳозирги ўрганаётган фаслимиз эътиборидан биз учун ҳадиснинг айнан шу бўлими алоҳида эътиборга молик.

2. «Бемор кўриш».

Бу ҳам мусулмон кишининг дин қардоши олдидаги бурчидир. Бу иш дуо ва яхши тилакларга сабаб бўлиши, савоб олишга восита бўлиши билан бирга, ўзаро муҳаббат ва ижтимоий алоқаларнинг мустаҳкамланишига ҳамда яна бошқа кўпгина яхшиликларга сабаб бўлади.

3. «Чақириққа жавоб бериш».

Яъни, шариатга мувофиқ келадиган зиёфат, тўй ва маросимларга чақирилганда бориш. Бу ҳам ўзаро дўстлик, муҳаббат ва алоқаларнинг мустаҳкамланишига сабаб бўладиган иш.

4. «Мазлумга ёрдам бериш».

Зулм – Ислом дини наздида мункар ва ҳаром иш. Ер юзида зулм бўлмаслиги керак. Мусулмонлар доимо зулмга қарши курашмоқлари, жумладан, мазлумга ёрдам бермоқлари лозим. Ҳар ким имконига қараб, кимдир гап-сўз билан, кимдир амал билан мазлумдан зулмни кўтаришга уриниши керак.

5. «Қасамни амалга ошириш».

Яъни, бир одам бир нарса хусусида қасам ичиб қўйган. Бошқа бир мусулмоннинг ўша қасамни амалга оширишда ёрдам беришга имкони бор. Бу одам қасам ичган одамга ёрдам бериши лозим.

6. «Саломга алик олиш».

Салом бериш суннат, алик олиш вожибдир. Чунки саломга алик олинмаса, орада адоват, уруш-жанжал ва мусулмонлар ўртасида турли келишмовчиликлар чиқади.

7. «Акса урганга соғлик тилаш».

Бу ҳам мусулмонлик бурчи, ўзаро алоқаларни яхшилашнинг омилларидан биридир.

Энди қайтарилган нарсалар ҳақида:

1. «Кумуш идишлар».

Хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, мусулмон одамга кумуш идиш ишлатиш ҳаром. Тилло идишнинг ҳаромлиги эса турган гап. Чунки бу нарсаларни таом учун ишлатишда ортиқча зеб-зийнат, фахр, бошқаларнинг кўнглини синдириш каби кўпгина Ислом дини қарши бўлган омиллар бор.

2. «Тилла узук».

Мусулмон эркакларга тилла узук ва бошқа тақинчоқлар тақиш, ишлатиш ҳаром. Чунки бу нарсалар эркаклик хусусиятини йўқотишга, ортиқча фахр ва зебу зийнатга сабаб бўлади.

3, 4, 5, 6, 7. «Ипак, дебож (юпқа ипак), қассий (ёмон ипак), истаброқ (қалин ипак) ва маёсир (ипакдан ишланган ўриндиқлар)».

Бу нарсалар ҳам мусулмон эркакларга ҳаром. Аллоҳ хоҳласа, ушбу масалалар ўз ўрнида муфассал ўрганилади.

Биз эса ушбу ҳадисга амал қилишга ўтишимиз керак. Амал қилиб юрганлар эса Аллоҳ берган тавфиққа шукр қилиб, бошқаларнинг ҳам ўзлари каби бахт-саодатдан баҳраманд бўлишлари учун ҳаракат қилишлари лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Мутталиб ибн Абу Вадоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Усмон ибн Мазъун вафот қилганида жанозасини олиб чиқиб, дафн қилинди. давоми...

3309 15:38 / 21.10.2024
Язийд ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.У киши ёш болалик чоғларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиганлар. У зот намозни ўқиб бўлиб, давоми...

4189 17:00 / 09.01.2022
. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Йўлларда ўтиришдан сақланинг,, дедилар. .Эй давоми...

6613 15:03 / 22.01.2019
. Абу Довуднинг ривоятида .Ким даъват қилинсаю, ижобат қилмаса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлур. Ким даъват қилинмай туриб кирса, ўғри давоми...

1705 13:42 / 09.02.2025
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021