1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Нажот топадиган бўлса, Саъд топар эди

12:57 / 14.11.2024 3491 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سَمِعَ صَوْتًا مِنْ قَبْرٍ فَقَالَ: مَتَى مَاتَ هَذَا؟ فَقَالُوا: مَاتَ فِي الْجَاهِلِيَّةِ، فَسُرَّ بِذَلِكَ، وَقَالَ: لَوْلَا أَلَّا تَدَافَنُوا لَدَعَوْتُ اللهَ أَنْ يُسْمِعَكُمْ عَذَابَ الْقَبْرِ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَمُسْلِمٌ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қабрдан овоз эшитдилар ва:

«Қачон вафот этган?» дедилар.

«Жоҳилиятда вафот этган», дейишди.

У зот бундан енгил тортдилар ва:

«Агар дафн қилмай қўйишингиздан қўрқувим бўлмаганида, сизга қабр азобини эшиттиришини сўраб, Аллоҳга дуо қилар эдим», дедилар».

Насаий ва Муслим ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрдаги овозларни эшитиш хусусиятлари ҳам борлиги.

2. Жоҳилиятда ширк билан ўлганлар ҳам қабрларида азобланишлари.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга дуо қилиб, умматларига қабр азобини эшиттириш имкониятига эга бўлсалар ҳам бу ишни қилмаганликлари. Чунки қабрдаги азобни эшитадиган бўлса, одамлар қўрққанларидан ҳеч кимни дафн қилгани бормай қўяр эканлар.

Демак, қабр овозини эшитмасдан ҳам унга иймон келтириб, ундан паноҳ сўраб, ундан қутултирадиган ишларни қилиб юришимиз керак экан.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: هَذَا الَّذِي تَحَرَّكَ لَهُ الْعَرْشُ، وَفُتِحَتْ لَهُ أَبْوَابُ السَّمَاءِ، وَشَهِدَهُ سَبْعُونَ أَلْفًا مِنَ الْمَلَائِكَةِ لَقَدْ ضُمَّ ضَمَّةً، ثُمَّ فُرِّجَ عَنْهُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ هُنَا وَالشَّيْخَانِ فِي الْفَضَائِلِ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мана бу унинг учун Арш ҳаракатга келган, унга осмоннинг эшиклари очилган, унга етмиш минг фаришта ҳозир бўлган одамдир. Батаҳқиқ, у ҳам бир марта сиқилди. Сўнгра у қўйиб юборилди», дедилар».

Бу жойда Насаий ва икки Шайх «Фазилатлар» бобида ривоят қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисдаги гапларни ансорийларнинг Авс қабиласи бошлиғи, улуғ саҳобий Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу ҳақида айтганлар.

Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу вафот этиб, руҳлари кўтарилганида у кишининг ҳурматларидан Арши Аъло ҳаракатга келган, осмон эшиклари очилган экан. У кишининг жанозаларига етмиш минг фаришта ҳозир бўлган экан.

Лекин шунчалик улуғ мақомга эга бўлишларига қарамай, қабрга қўйилганларида у киши ҳам қабр томонидан бир марта сиқилган, кейин қўйиб юборилган эканлар.

Имом Аҳмад келтирган ривоятда:

«Албатта, қабрнинг бир босиши бор. Агар ўша босишдан бирор киши нажот топадиган бўлса, Саъд топар эди», дейилган.

Ушбу қабрнинг сиқишидан фақат Пайғамбар алайҳиссаломлар ва балоғатга етмаган болаларгина четда қолар эканлар. Чунки бу икки тоифада умуман ҳеч қандай гуноҳ бўлмайди. Қолганлар эса бунга албатта дучор бўлар экан. Гуноҳи озларни қабр сиқиши озроқ, кўпларники эса кўпроқ бўлар экан.

Шунинг учун иложи борича гуноҳдан узоқда бўлишга ҳаракат қилиш лозим. Шариатимизда қайси иш гуноҳ дейилса, албатта ўшанинг яқинига бормаслик керак.

Эй Биру Бор, ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ! Сенинг Ўзингдан бизни қабр азобидан сақлашингни сўраймиз!

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . .Агар нафсларнинг майдонлари бўлмаганида, соликларнинг сайри юзага чиқмас эди. Зотан, сен билан У Зотнинг орасида масофа йўқки, уни сенинг юришинг давоми...

4119 17:00 / 31.12.2020
Ўшанда маҳзунлик йили эдиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Қурайшдан ҳимоя қиладиган метин девор бўлмиш Абу Толиб вафот қилди. Завжалари, ҳабибалари, давоми...

2029 09:00 / 10.02.2023
Табук ғазоти мусулмонлар учун жуда катта синов бўлди. Тўғри, у ислом тарихидаги ҳал қилувчи жанг бўлмаган. Аммо буюк бир синов бўлган. Ўша пайтдаги шароитлар давоми...

2477 18:15 / 30.07.2024
Дубайдаги Қуръон ёдлаш курси раисининг муовини Саид Ҳаарид шундай ҳикоя қилади Дубайда ўтказилган мусобақаларнинг бирида Совет тузумидан бўлган бир кичик бола давоми...

3934 17:00 / 14.07.2022