1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

"Фотиҳа"дан кейин зам сура қилиш

05:00 / 04.01.2017 115960 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиздан бирортангиз, қачон аҳлига қайтса, у ерга учта катта, семиз бўғоз туяни топишни яхши кўрадими?» дедилар.

«Ҳа», дедик.

«Сиздан бирингиз ўз намозида ўқиган уч оят, унинг учун учта катта, семиз бўғоз туядан яхшироқдир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан мусулмон инсон ўз намозида қироат қилган ҳар бир оят Қуръон учун битта катта, семиз бўғоз туяни садақа қилганнинг савобини олишини билиб оламиз.

Маълумки, ўша вақтларда бир одам эга бўлиши мумкин бўлган энг катта мулк катта, семиз бўғоз туя бўлган. Ундан бошқа бирор нарсага яроқли мулк бўлмаган. Биров уйига келиб, учта катта, семиз туя ўзига мулк бўлиб турганини кўрса қанчалар қувонади. Намозида уч оят Қуръон тиловат қилган одам ҳам, яна шунчалик қувонса бўлаверар экан. Энди уч эмас, ўттиз ёки ундан кўп оятни ўқиган одам нималарга эришади ўйлаб кўрайлик-а!

Аллоҳ таоло сиз билан биз мусулмонларни қанчалар улуғлаб қўйган. Савоб олиш йўлларимизни қанчалар осон қилиб қўйган! Лекин, биз шу нарсани тўлиқ англаб етамизми? Унинг қадрига етамизми? Ундан керакли даражада фойдалана оламизми?

Демак, намозда кўпроқ оятларни ўқишга ҳаракат қилайлик. Ҳар бир оят учун бир катта, семиз бўғоз туя садақа қилганга савоб олишимизни унутмайлик.


Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешин намозининг аввалги икки ракъатида китобнинг «Фотиҳа»си ила икки сура ўқир, биринчисида узоқ қилар, иккинчисида қисқа қилар эдилар. Аҳёнда оятни эшиттириб қўяр эдилар. Асрда ҳам шундоқ қилар эдилар. Бомдод намозининг биринчи ракъатида (қироатни) узоқ қилар, иккинчисида қисқа қилар эдилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Намозда «Фотиҳа» сурасидан кейин Қуръоннинг бошқа сурасини ҳам ўқиш кераклиги.

Буни зам сура қилиш, дейилади. Зам қўшиш, дегани. Зам сура қилиш Ҳанафий мазҳаби бўйича вожиб. Бошқа мазҳабларда суннат.

2. Пешин тўрт ракъат фарзининг биринчи икки ракъатида «Фотиҳа»дан кейин зам сура қилиш.

3. Биринчи ракъатга узунроқ сурани, иккинчи ракъатга қисқароқ сурани қўшиш.

4. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кундузги – Пешин намозида аҳёнда баъзи оятларни эшиттириб қўйишлари.

5. Кундузги намозлар – Пешин ва Асрда қироат махфий бўлиши.

6. Аср намозида ҳам аввалги икки ракъатнинг биринчисига узунроқ, иккинчисига қисқароқ зам сура қилиш.

7. Бомдод намозининг биринчи ракъатида қироатни узун иккинчисида қисқароқ қилиш.

Имом Бухорий ва Имом Муслим қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Бомдод намозида олтмиш ила юз оят ўртасида қироат қилишлари айтилган.


Хаббобга:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пешин ва Асрдаги қироатларини нимадан билар эдингиз?» дейилди.

«Соқолларини қимирлашидан», деди».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ривоятдан Пешин ва Аср намозида қироат махфий бўлиши очиқ-ойдин айтилиб турибди. Саҳобалар фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам соқолларининг қимирлашидан у кишининг қироат қилаётганларини билиб олар эканлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биз бетаҳоратлик деб таржима қилган ибора араб тилида .ҳадас, дейилади. Ҳадас сўзи бўлмаган нарсани тезтез янгиланиб пайдо бўлиб туришига айтилади. Одам таҳорат давоми...

5913 05:00 / 04.01.2017
Икки азондан мурод азон ва иқомадир.Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Азон ва иқома орасидаги дуо рад қилинмас,, дедилар,. давоми...

5377 05:00 / 09.01.2017
Намоз диннинг устунидир. Намоз калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз ҳисобланади. У бандаси Аллоҳнинг сонсаноқсиз неъматларига шукр келтириши учун шариатга давоми...

1380 11:53 / 08 январь
Оталардан бири айтади .Бир куни ўғлим намозга дангасалик қилди. Уни урмоқчи бўлдим. У ўзидан ўзи менга қараб .Эй ота Ҳали мен ўн ёшга тўлмаган бўлсам ҳам мени давоми...

3768 14:00 / 12.03.2022
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151233 14:35 / 11.08.2021