1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Аллоҳ нима учун ғам-ташвишларни яратди?

11:28 / 03.03.2025 6205 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бирор марта хаёлингизга «Аллоҳ ғам-ташвишларни нега яратган ўзи?» деган савол келганми?

Мен эса бу саволни жуда кўп қизларга бериб кўрганман. Лекин кўпчилигидан жўяли жавоб ололмаганман. Баъзилари: «Бу савол мени анчадан бери қийнаб келади. Жуда кўп марталаб: «Ахир биз мусулмон бўлсак, доим Аллоҳга итоат этишга ҳаракат қилсак, нима учун бизга турли мусибатлар етаверади? Нега У Зот бизнинг йиғлашимизга қўйиб беради?» деб сўраганман», дейишган.

Умид қиламанки, мени қийнаб келаётган мусибатлар ортидаги ҳикматни бирор кун англаб, қалбим таскин топиши учун бу саволга албатта жавоб топаман!

Аллоҳ таоло қайғуларни нега яратган?

Нима учун тақдиримизга кўз ёшларини ёзган?

Мусулмонга етадиган мусибатларда тўртта фойда бўлади.

Биринчи фойда:

Мусибатлар гуноҳ ва хатоларни ўчиради.

Абу Саъид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят килинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Мусулмонга бирор ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, қайғуми, озорми, ғамми етса, ҳатто оёғига тикан кирса ҳам, Аллоҳ булар туфайли унинг хатоларини ўчиради».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Буни қаранг!

Мўмин бандага етадиган ҳорғинлик (ҳолсизланиш, оғир меҳнат туфайли, ҳатто узоқ юриш сабабли пайдо бўладиган қийналиш ҳам);

Беморлик (узоқ давом этадиган, тузалиши қийин касаллик);

Ташвиш (ҳали содир бўлмаган иш учун безовта бўлиш);

Қайғу (бўлиб ўтган мусибат учун сиқилиш);

Озор (бировлардан етадиган ноҳақ жабр-ситамлар);

Ғам (ҳеч қандай сабабсиз кўнгилнинг хира тортиши). Ҳатто оёққа ёки бошқа аъзомизга тикан ёки игна кириши!

Буларнинг барчаси сабабли Аллоҳ банданинг хатоларини ўчириб, гуноҳларини кечириб юборади, токи Раббига пок ҳолатда рўбарў бўлиб, жаннатга сазовор бўлсин.

Бир қиз ҳаётида бўлиб ўтган қуйидаги воқеани келтиради:

«Аллоҳ мени қандли диабет билан имтиҳон қилди. Инсулин бошладим. «Энди бир умр шундай юраман экан-да» деб, қаттиқ сиқила бошладим. Даволангим ҳам келмай қолди. Инсулиннинг оғриғи арзимас бўлса-да, уни ҳар куни, доим олиб юриш ҳаётимнинг даҳшатли онларига айланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бандага ҳатто тикан кирса ҳам, Аллоҳ бу туфайли унинг гуноҳларини кечиради», деган сўзларини эшитгунимча ҳаётим шу тарзда рангсиз ўтаверди. Шунда ўзимга ўзим: «Ахир шприцнинг игнаси ҳам худди тиканнинг ўзи-ку! Аллоҳ шу сабабли ҳам гуноҳларимни кечирар?!» дедим. Шундагина кўп укол олиш билан синалганим ортида яширинган ҳикматни кўра олдим. Бу ўзига хос мағфират эди. Шундан бошлаб инсулин ҳақидаги фикрим, унга муносабатим бутунлай ўзгарди. Мен уни «мағфират тикани» деб атайдиган бўлдим. Аввалига кўп укол олаверганим учун маҳзун бўлиб юрган бўлсам, энди уни Аллоҳнинг мағфиратига васила деб билиб, хотиржам яшай бошладим».

«Қулоғим сенда қизим!» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2024 йил 5 сентябрдаги 03-07/5394-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом кишиларни кўп қасам ичишга тарғиб қилмайди. Аммо қасам ичгандан кейин уни бажаришни талаб этади. Баъзи вақтларда қасам ичилган ишни бажаргандан кўра давоми...

2624 19:10 / 21.03.2019
Қурайш мушриклари Ислом дини ёйилишининг олдини олиш мақсадида мусулмонларга қарши зулмларини кунданкунга ошириб боришди. Улар рисолатнинг 7йилида милодий 617 давоми...

1967 14:36 / 10.11.2024
Оиланинг бахту саодатида, оила аъзоларининг тотув ва ахил яшашида келинларимиз ҳам алоҳида ўрин тутишади. Қуйида ўтмишда турмушга чиқаётган қизига оналарнинг давоми...

3286 16:00 / 10.05.2023
Ҳижратнинг иккинчи йили, Рамазон ойида Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мўмин бандаларига Бадр ғазотида улкан ғалабани берди. Рамазон давоми...

4733 16:06 / 08.11.2018
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021