1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рўзанинг айрим ҳикматлари

09:02 / 08.03.2025 1856 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Рўза тутган кишининг тақвоси зиёдалашади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда рўза аввалгиларга фарз қилинганидек, уммати Муҳаммадияга ҳам фарз қилганини айтиб, оятнинг сўнгида албатта тақводор бўласизлар, деб таъкидлади. Рўза туфайли инсонда Роббини кўриб турганлик, У Зотдан қўрқиш ҳислари янада кучаяди. Рўза тутиш билан банда Роббига бўйсуниб, буйруғига «лаббай» деб итоат қилган бўлади.

2. Рўза кўзни номаҳрамларга назар солишдан сақловчи, ёмонликларга ундайдиган шайтоний нафсни сусайтирувчи асосий омиллардандир. Чунки рўза тутган инсон очликни енгар экан, нафсининг ҳар қандай хоҳиш-истакларига ғолиб кела олишини тушунади. Яна рўза тутиш билан инсоннинг қийинчилик, машаққатларга бардош бериш, сабр қилиш тажрибаси ошади.

3. Рўзанинг яна бир ҳикмати ночор, мискин, фақирларнинг ҳолатини эслатишидир. Ҳеч қачон оч қолмаган, қаттиқ чанқамаган киши фақирлар чекадиган қийинчиликларни қаердан билсин?! Рўза тутган инсон бечора ҳолдагиларни қандай кун кечираётганини яхши билади. Ўзимиз тўкин-сочин, фаровон ҳаёт кечирар эканмиз, кўп ҳолларда, қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва атрофимиздаги бошқа инсонларнинг ҳолати қандай кечаётганини лоақал бир маротаба эслаб қўйиш ёдимиздан кўтарилиб қолади. Кўча-кўйда, автобусда, метрога тушганимизда, бозорга борганимизда ва умуман ҳар куни йўлимизда ибрат олишимиз керак бўлган ҳолатларга дуч келамиз, лекин эътибор бермаймиз. Халқимизда «Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор?» деган ибора бор. Ҳақиқатдан ҳам баъзида бечораҳол кишиларнинг олдидан ўтиб кетар эканмиз, улар ҳам биз каби инсонлигини, улар ҳам биз каби фаровон ҳаёт кечиришни исташларини, ёнларидаги фарзандлари бизнинг фарзандларимиз каби ота-она меҳрига, атрофдагилар эътиборига ташна эканлигини унутиб қўямиз. Ҳа, инсон унутувчан, баъзан эса ношукр бўлади. Баъзилар ейишга нони, кийишга кийими бор, оиласи тинч, соғ-саломат бўлса-да, янада яхшироқ яшамаслигидан нолийди. Баъзилар эса куни кеча ўзининг ҳолати ҳам шундай бўлганини, ўзи ҳам бошқаларнинг кўмагига муҳтож бўлганида: «Қачон мен ҳам ўзгаларга ўхшаб кўнглим тусаган нарсани ейман?» деб Аллоҳ таолога дуо қилиб, ёлворганини унутиб қўяди. Яна баъзилар эса умри давомида тўқчиликда яшайди ва тақдирнинг гардиши айланиб ўзининг бошига ҳам шундай кунлар тушиб қолиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Лекин бир кунгина оч қолгандан сўнг уларнинг аҳволи ёдига тушади, ёрдамга ошиқади.

Мана шундай қилиб рўза инсонни мурувватли қилади, ўзгаларга, хусусан, бечораҳолларга эътибор қаратишга ундайди. Ким ўзида раҳм-шафқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашни хоҳласа, рўза тутсин!

4. Рамазон ойининг рўзаси узоқ-яқиндаги, дунёнинг ҳар бир чеккасидаги мусулмонларни ҳам маънан, ҳам руҳан бирлаштирадиган ибодатдир.  Бир неча миллион одам бир вақтда рўза тутишни ният қилиб, бир вақтда рўзаларини очадилар. Бу ойда бутун умматнинг якдиллиги намоён бўлади.

5. Рўза бадан учун саломатлик гарови саналади. Рўзадор рўза тутиш билан ўз соғлигини тиклаб олади. Бугунги кунга келиб бутун дунёда рўза нафақат соғлиқни сақлаш учун, балки беморларни даволаш учун ҳам ўта зарур омил эканлиги ошкора айтилмоқда. Яқинда россиялик олимлар рўза тутиш йўли билан даволанган беморлар рўйхатини эълон қилишди. Натижа кишини ҳайратга соладиган даражада муваффақиятли эди. Ҳатто саратон касалига мубтало бўлганлар ҳам мана шу йўл билан шифо топишибди. Рўза турли касалликларга даво бўлиши билан бирга бадандаги ёмон, кераксиз ёғларни, холерик – сафро, флегматик – балғам, сангвиник – қон, меланхолик – қора ўтларни кетказади. Қонни тозалайди, ошқозонни яхшилайди. Натижада рўзадор анча енгиллашиб қолади, зеҳни ўткир, хотираси кучли, иродаси мустаҳкам бўлади. Кўплаб тиббиёт мутахассислари: «Рўза тутиш баданнинг соғлом ва қувватли бўлишига сабаб бўлади», деб таъкидлайдилар. 

6. Рўза тутган кишининг гуноҳлари тутган рўзаси сабабли мағфират қилинади.

7. Рўза тутган киши ўз рўзаси сабабли фаришталар сифати ила сифатланади. Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир. Рўза тутган инсон ўзининг рўзадорлиги билан айнан ана шу сифатлар соҳиби бўлади.

«Рамазон соғинчи» китобидан

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир киши рўза тутишни кечаси ният қилиб, субҳи содиқ кирмасдан ниятидан қайтса, рўзадор бўлмайди. Рамазон кунларида шундай иш содир бўлса, зиммасига ўша куннинг давоми...

2259 19:30 / 21.04.2021
Рўза тутиш учун саҳарликка туриш мустаҳаб амал эканлигига бутун уммат ижмоъ қилган. Уни тарк қилган гуноҳкор бўлиб қолмайди, албатта. Имом Бухорий ва Имом давоми...

3662 03:33 / 10.03.2025
Гуноҳлар мағфират қилиниши мавзуси оламнинг яратилиш вақтидан бери кўтарилган масала. Ўша пайтда Аллоҳ Одам алайхиссаломни халқ қилганда фаришталарга Одамга давоми...

6973 03:30 / 09.04.2023
Рўза тутишнинг жуда катта ва зарурий бўлган маънавий аҳамияти бор. 1. Рўза неъматларга шукр қилишга, неъматларнинг қадрини билишга васила бўлади. Чунки, нафс ейиш, давоми...

2474 11:00 / 13.04.2023