1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Эркак йўқ хонадонга киришдан сақланиш

14:05 / 26.04.2025 1938 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِيَّاكُمْ وَالدُّخُولَ عَلَى النِّسَاءِ. فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَفَرَأَيْتَ الْحَمْوَ؟ قَالَ: الْحَمْوُ الْمَوْتُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аёлларнинг олдига киришдан эҳтиёт бўлинг!» дедилар.

Шунда бир одам:

«Эй Аллоҳнинг Расули, эрнинг қариндошига нима дейсиз?» деди.

«Эрнинг қариндоши ўлимдир!» дедилар у зот».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номаҳрам эркакларни аёллар олдига киришдан ман қилмоқдалар. Чунки бу жуда ҳам хатарли ишдир. Ҳеч ким йўқ жойда бир аёл билан бир эркакнинг холи қолишига олиб келади.

Бу эса ўз навбатида ношаръий, ҳаром ишга, ҳеч бўлмаганда шубҳага, ёмон фикр туғилишига сабаб бўлади. Фараз қилайлик, бир аёл ўз уйида ёлғиз ўтирибди. Эшикдан бир номаҳрам эркак чақириб келди. Ичкарига кирди. Уйда мазкур аёлдан бошқа ҳеч ким йўқлигини билди. Шу пайт иккисини ҳам шайтон васваса қилиши, зинога бошлаши ҳеч гап эмас. Бундай ҳолатлар тез-тез бўлиб туришини ҳамма яхши билади. Зинонинг кўпчилик ҳолатлари айни бегона эркак ва аёлнинг бир жойда холи қолишларидан бошланиши ҳеч кимга сир эмас.

Баъзи бирлар даъво қилганларидек, холи қолган эркак ва аёл очиқ кўнгиллик билан, «дўстона» гаплашиб ўтиришди ҳам дейлик. Нимани гаплашишади? Шу пайт хотиннинг эри ёхуд эркакнинг хотини келиб қолса, улар дўстона гаплашиб ўтиришибди, деб ўйлайдими? Умуман, бошқа бир одам, қўни-қўшни кўриб қолса-чи?

Баъзи бир кишилар «Уйга эрнинг қариндошлари келиб-кетиб туришади. Зарурат юзасидан ҳеч ким йўғида хотиннинг олдига кирса, нима бўлади?» дейишади.

Саҳобаи киромлар ҳам худди шу саволни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашган экан. У зот бу иш ўлим билан баробар эканлиги ҳақида хабар берибдилар. Яъни, бу ниҳоятда хатарли иш, дебдилар. Чунки бу нарса бепарволикка сабаб бўлади. Мазкур эътиборсизлик оқибатида эса ҳаром иш содир бўлиши ҳеч гап эмас.

Акасининг хотини билан зинода қўлга тушган укалар оз эмас. Шунга ўхшаш, бошқа номаҳрам қариндошлар ҳам. Шунинг учун зинҳор ва зинҳор ушбу ҳадиси шарифга хилоф қилмаслик керак. Бунинг учун кимдир бу шаръий амрни тарк этгани туфайли зино қилиб қўйган ёки шубҳага қолиб, бир оила бузилган бўлиши шарт эмас. Шариатда бир ҳукм жорий бўлганми, мўмин-мусулмон киши унга қатъий амал қилавериши лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси таҳажжудга давоми...

2455 15:54 / 20.08.2023
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз ўз биродарини кафанласа, унинг кафанини яхшиласин,, давоми...

1612 09:02 / 14.09.2024
. . .Ибн Умар розияллоҳу анҳу .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки хил таомланишдан қайтардилар хамр ичилаётган дастурхонда ўтиришдан ва давоми...

1467 15:29 / 15.07.2025
. Мутталиб ибн Абу Вадоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Усмон ибн Мазъун вафот қилганида жанозасини олиб чиқиб, дафн қилинди. давоми...

3293 15:38 / 21.10.2024
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151233 14:35 / 11.08.2021