1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Абу Язид Бастомий ва қароқчилар

16:27 / 08.05.2025 2173 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳикоя қилишларича, Абу Язид Бастомий илм талаб қилиш учун Боғдодга бормоқчи бўлдилар. Оналари у кишига қирқ динор бердилар. У пуллар у зотга оталаридан мерос қолган эди. Оналари ўғилларига: «Қўлингни қўлим устига қўй ва менга ростгўйликни лозим тутиб, ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка сўз бер!» дедилар. У киши оналарига мазкур ишлар юзасидан сўз берди. Боғдодга борадиган карвон билан бирга йўлга чиқдилар.

Йўлда боришар экан, тўсатдан рўпараларидан йўлтўсар қароқчилар чиқиб, карвондаги ҳамма нарсани талай бошлади. Бастомийнинг устилардаги жулдур кийимни кўриб, у кишидан: «Сенда ҳам бирор нарса борми?» деб сўрашди. У зот: «Ҳа, менда қирқ динор бор» деб жавоб бердилар. Қароқчилар у кишининг гапларини эшитиб, масхара қилдилар, аҳмоқ деб ўйлаб, у зотни тарк этдилар.

Кейин улар ғорга, яъни ўзларининг қароргоҳларига қайтдилар. У ерда уларнинг катталари бор бўлиб, карвондан талаб олинган нарсаларни кутиб ўтирган эди. Уларни кўргач: «Карвондаги ҳамма нарсани олдингларми?» деб сўради. Улар: «Ҳа, олдик. Аммо бир йигит бундан мустасно. Биз ундан нимаси борлигини сўрадик. У: «Менда қирқ динор бор» деди. Биз унинг қилган ишига эътибор бермай, уни тарк этдик. Чунки, биз уни ақли заиф деб ўйладик» деб жавоб беришди.

Шунда бошлиқлари: «Уни дарҳол ҳузуримга олиб келинглар!» деб буюрди.

Бастомий ўғрилар бошлиғининг олдига келгач, бошлиқ у зотдан: «Сенда бирор нарса борми?» деб сўради. У киши: «Ҳа, ёнимда қирқ динор бор» деб жавоб бердилар. Ўғрилар бошлиғи ҳайрон бўлиб: «Қаерда у?» деди. Бастомий ёнларидан пулларни чиқариб, ўғрилар бошлиғига бердилар. Буни кўрган бошлиқ: «Сен мажнунмисан, эй йигит? Нега пулларинг борлигини айтиб, уларни ўз ихтиёринг билан беряпсан?» деб сўради.

Шунда у зот: «Мен ўз шаҳримдан чиқмоқчи бўлганимда, ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка онамга сўз берганман, аҳдлашганман. Шунинг учун онамга берган аҳдимни бузмайман» деб жавоб бердилар. Бу гапларни эшитган ўғрилар бошлиғи: «Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ». Сен онангга берган аҳдингга хиёнат қилишдан қўрқяпсан-у, биз эса, Аллоҳга берган аҳдимизга хиёнат қилишдан қўрқмаймизми?» деди.

Кейин қароқчилар бошлиғи карвондан олинган барча мол-мулкларни қайтариб беришга амр қилди ва: «Эй йигит, мен сенинг олдингда, сен сабабли тавба қиламан» деди. Бу гапни эшитган барча ўғрилар: «Сиз бизни йўлтўсарликда бошлиғимиз эдингиз. Бугун эса, тавбада бизнинг бошлиғимиз, каттамизсиз. Биз ҳам барчамиз Аллоҳга тавба қилдик» дедилар. Ҳаммалари қилган хатолари учун тавба қилдилар, тавбалари гўзал бўлди.

Ҳоний Ҳожининг «Солиҳлар ҳаётидан минг бир қисса»

китобидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 17 мартдаги 03-07/1750-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.

 

  

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзи .шарқшунослар, мусулмонларнинг фатҳлари ва Исломнинг ёйилишини бирбирига боғлашадида, бу дин қилич воситасида тарқалган деган хато фикрни олға суриб, ушбу давоми...

5033 19:50 / 22.04.2024
Аллоҳ алақдан яратган инсоннинг биринчи муаллими Аллоҳ жалла жалолуҳунинг Ўзидир. Аллоҳ унга қалам билан илм берган, билмаган нарсасини ўргатган. Аллоҳ давоми...

1631 16:41 / 15.04.2025
Аввало дуонинг маъносини билиб олайлик. .Дуо, сўзи араб тилида чақириш, сўраш маъноларини англатади. Кўпинча дуо қилиш ҳамда бирон нарсани талаб қилиш маънолари давоми...

6652 14:03 / 14.11.2017
Қандай қилиб арабларни яхши кўрмаймиз, ахир улардан саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумлар чиққан давоми...

2371 21:00 / 10.11.2022
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021