1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Таомланиш ҳақида набавий тавсия

15:17 / 13.06.2025 1404 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عُمَرَ بْنِ أَبِي سَلَمَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنْتُ غُلَامًا فِي حَجْرِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، وَكَانَتْ يَدِي تَطِيشُ فِي الصَّحْفَةِ، فَقَالَ لِي النَّبِيُّ r: يَا غُلَامُ، سَمِّ اللهَ، وَكُلْ بِيَمِينِكَ، وَكُلْ مِمَّا يَلِيكَ، فَمَا زَالَتْ تِلْكَ طِعْمَتِي بَعْدُ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғидаги бола эдим. Қўлим товоқда бориб-келар эди. Бас, у зот менга:

«Эй ғулом! «Бисмиллаҳ» дегин, ўнг қўлинг билан егин, ўз олдингдан егин!» дедилар. Шундан сўнг ейишим шундай бўлди».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийси Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгай ўғиллари бўлган. У Умму Салама онамизнинг аввалги эрлари – Абу Саламанинг ўғиллари бўлганлар. У кишининг оталари вафот этгач, оналари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққанларидан кейин у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоқларида ўсганлар. Бу ҳақда у кишининг ўзлари:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғидаги бола эдим», демоқдалар.

Албатта, улар турмуш тақозоси билан бир уйда яшаганларидан кейин бир дастурхонда овқатланганлар ҳам. Ўшанда ёш бола бўлган Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳунинг қўллари таомнинг яхшисини, кўпроғини излаб, идишнинг ҳамма томонига бориб-келган экан.

«Қўлим товоқда бориб-келар эди».

Бу ҳолни кўрган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга таом тановул қилиш ҳақида таълим бердилар:

«Эй ғулом! «Бисмиллаҳ» дегин, ўнг қўлинг билан егин, ўз олдингдан егин!» дедилар».

Демак, исломий одоб бўйича таом ейишни бошлаганда «Бисмиллаҳ»ни айтиш ва таомни ўнг қўл билан ейиш керак. Ҳар ким ўз олдидан емоғи лозим.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларини Умар ибн Абу Салама жон деб қабул қилдилар ва унга умр бўйи оғишмай, амал қилдилар. Бу ҳақда ўзлари:

«Шундан сўнг ейишим шундай бўлди», дейдилар.

Худди шу набавий тавсия барча мусулмонларга ҳам таълим бўлди. Ҳамма мусулмонлар таомни худди шундай ейдиган бўлдилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Катталар ёш болаларга таом тановул қилиш ва шунга ўхшаш ишларда исломий одобларни ўргатиб боришлари зарурлиги.

2. Таом тановул қилишни «Бисмиллаҳ»ни айтиб бошлаш зарурлиги.

3. Таомни ўнг қўл билан ейиш кераклиги.

Чунки чап қўл тозаланишга ишлатилади. Афсуски, кўпчилик, ҳатто кап-катта одамлар ҳам бу нарсани билмайдилар. Баъзида жуда ноқулай ҳолатларга тушиб қолинади.

4. Таомни ҳар ким ўз олдидан ейиши кераклиги.

5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан етган ҳар бир ҳукмни мусулмон одам ўзи учун қонун-қоида қилиб олиши лозимлиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 16-жуз

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 17 июндаги 03-07/3903- рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Идишларнинг устини ёпинг. Мешларнинг давоми...

1157 12:25 / 22.12.2025
. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Йўлларда ўтиришдан сақланинг,, дедилар. .Эй давоми...

6586 15:03 / 22.01.2019
Кўплаб инсонлар амал қилмай, унутиб қўйган суннатлардан бири ndash таом ва ичимликни совутиб истеъмол қилишдир. Овқатни совутиб ейишда кўплаб тиббий фойдалар давоми...

3316 09:35 / 29.01.2024
.Суннат, сўзи араб тилида .тариқат,, яъни .маънавий йўл, деган маънони англатади. .Фалончининг суннати, дегани .унинг ҳаётий йўли, демакдир. Шундан келиб чиқиб, давоми...

41560 10:48 / 11.09.2018
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021