1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Яхшиликни кичик санаманг!

11:31 / 05.09.2025 1364 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Салим ибн Жобир Ҳужаймий розияллоху анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

- Эй Аллоҳнинг Расули! Менга насиҳат қилинг! - деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

Аллоҳга тақво қил! Идишингдаги сувни бошқанинг идишига қуйиб бериш, биродарингга очиқ юз билан гапириш каби арзимас бўлса-да, яхшиликлардан бирор-бир ишни кичик санама. Изорингни осилтириб юришдан сақлан. У кибрдандир, Аллоҳ уни яхши кўрмайди. Агар бир киши сени сендаги биладиган нарсаси ила айбласа, сен уни ундаги биладиган нарсанг билан айблама. Уни ўз ҳолига қўй. Гуноҳи ўзига, ажри сенга бўлади. Ҳеч кимни сўкиб ҳақоратлама!

Ҳеч бир яхшиликни кичик ҳисобламанг. Сизни қайси амалингиз жаннатга олиб киришини билмайсиз!

Оддийгина мушук ўтиб кетиши учун йўл бериб туришингиз ҳам яхшиликдир. Бир қарияни қўлидан тутиб, йўлдан ўтказиб қўйишингиз ҳам яхшиликдир. Ногирон инсоннинг аравачасини етаклашингиз ҳам яхшиликдир. Кўчада ишлаб юрган ишчига бир идишчада сув беришингиз ҳам яхшиликдир. Бир қариянинг қўлидан юкини олишингиз ҳам яхшиликдир. Эр-хотинларнинг ўртасини яраштириб қўйишингиз, хотинингизнинг айбларини кўрмасликка олишингиз яхшиликдир, фарзандларингизни кечиришингиз ҳам яхшилик. Қўшнингизга бирор нарса ҳадя қилишингиз, беморга даволаниши учун ёрдам беришингиз ҳам яхшиликдир!

Яхшиликнинг чеки йўқ. Холиққа олиб борадиган йўлнинг сони халойиқнинг нафаси миқдоричадир. Олдида шунча йўл бўлатуриб, ундан юрмаганлар нақадар бахтсиз!

Ахлоқингиз учун инсонларни мезон қилиб олманг. Менга яхшилик қилса, мен ҳам унга яхшилик қиламан, деманг. Агар ёмонликка ёмонлик билан жавоб бераверсак, ёмонлик қачон тугайди?!

Дунёда бир яхши хулқ бор. Унинг номи «ўзни баланд тутиш» - ёмонликлардан баланд тутиш. Ҳеч кимга сизни ўзининг ахлоқи даражасига туширишига йўл қўйманг. Ҳар қандай жанжалга аралашаверманг. Олдингизда пайдо бўлиб қолган ҳар бир урушга қатнашаверманг. Кундалик ҳаётимиздаги кўп жанжаллар арзимас мақсадлар учун бўлади. Унда ғалаба қозонсангиз-да, ғолиб бўла олмайсиз. Аммо ютқазсангиз, мағлубият аламини тортасиз. Ўзлигидан воз кечган киши билан тенглашиб, биз ҳам ахлоқимиздан воз кечсак, ундан нима фарқимиз қолади?!

Ақлли инсон ўзи учун баҳо деб фақатгина жаннатни билади. Жаннатга олиб бормайдиган ҳар қандай муаммони четга қўйинг. Ана шунда натижа қандай бўлмасин, сиз ютасиз. Банда биродарини авф қилса, Аллоҳ унинг иззати ва қудратини зиёда қилади!

Кунлар айланаверади. Охирида барибир ҳақ соҳиблари ғолиб, ботил эгалари мағлуб бўлишади. Бу нарса заминдаги Аллоҳнинг қонунидир. Юсуф алайҳиссаломни қудуққа ташлаган қўллар куни келиб у кишидан егулик сўраб чўзилган эди!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жинни, ёлғончи деганлар Фатҳ кунида у зотнинг раҳм қилишларини сўраб, «Сен олийжаноб кишининг олийжаноб ўғлисан!» дейишган эди!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Хатиб Бағдодийнинг .Тариху Бағдод, китобида келади.Иброҳим ибн Рустамнинг таржимаи ҳолида қуйидагилар ёзилган.Иброҳим ибн Рустам аслида Кирмон аҳлидандир. давоми...

2903 14:17 / 13.03.2024
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири намоздир.Намоз диннинг устунидир.Намоз тоатларнинг дуридир.Намоз нафсни поклаш ва ахлоқни давоми...

3912 14:00 / 19.09.2021
1. Зикр шайтонни қувади ва савалайди. 2. Зикр Аллоҳ таолони рози қилади. 3. Зикр ғамандуҳларни кетказади. 4. Зикр шодлик ва сурурни жалб қилади. 5. Зикр қалб ва баданни давоми...

1789 13:02 / 02.12.2025
Саййид Сулаймон Надавий раҳматуллоҳи алайҳнинг илм ва фазллари машҳур бўлаётган ва шуҳрат қозонаётган эди. У киши ўзларининг воқеаларини қуйидагича сўзлаб давоми...

1028 13:20 / 14 январь