1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Умар ибн Абдулазиз

14:05 / 19.09.2025 2118 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(халифалик даври: ҳижрий 99-101; милодий 717-719)

Умар ибн Абдулазизнинг халифалик даври Ислом тарихидаги энг гўзал, энг чиройли саҳифалардан биридир. У кишининг даврига келиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуларнинг узилиб қолган тарихлари қайта тикланди десак, хато қилмаган бўламиз. Умар ибн Абдулазизнинг даври қисқа бўлишига қарамай, алоҳида аҳамиятга эга, асрларга тенг давр бўлди. Унда Исломнинг мусаффо ҳусусиятлари намоён бўлди. Бану Умайянинг даврида мана шу хусусиятлар кўринмай қолган эди.

Бу рошид халифанинг тўлиқ исми Умар ибн Абдулазиз ибн Марвон ибн Ҳакамдир. Унинг онаси Умму Осим бинт Осим ибн Умар ибн Хаттоб бўлган, яъни Умар ибн Абдулазиз она тарафдан ҳазрати Умарга туташар эди. Бу зот халифа бўлишидан олдин Мадинага амир бўлиб, дабдаба ва маишатга кўмилган киши эди.

Умар ибн Абдулазизнинг халифалиги ва унинг амалга оширган энг муҳим ишлари

Умар ибн Абдулазиз амакиваччаси Сулаймон ибн Абдулмаликнинг тавсиясига биноан халифаликни қўлга олди. Бу иш кутилмаганда бўлди. Умар ибн Абдулазиз халифа бўлишни орзу қилмас, бунга интилмас ҳам эди. Лекин у киши халифа бўлгандан кейин ҳамма ишлар бошқа тарафга қараб кетди. У маишатни, роҳат-фароғатни батамом тарк қилди, обид ва зоҳид инсонга айланди. Ўзи учун, аҳли аёли учун ҳаддан зиёд мол-мулк сарфлашни бас қилди. Ўзи ва аҳли оиласи учун байтулмолдан бирор нарса олмайдиган бўлди.

Умар ибн Абдулазиз аёли Фотима бинт Абдулмаликдаги мол-дунёлар, жавҳарларни ҳам хазинага қайтариб берди. Шунингдек, Бану Умайядан уларга берилган ерлар ва ҳибаларнинг ҳаммасини байтулмолга топширди.

Умар ибн Абдулазизнинг даврида жуда катта ислоҳот ишлари бўлди: ерларни ислоҳ қилди, қудуқлар қазитди, масжидлар бино қилди, садақадан, закотдан тушган молларни ўз ҳақдорларига тарқатиб, камбағалликни бутунлай йўқотди. Ҳатто унинг даврида закот ва садақа оладиган одам топилмай қолди. Золим волийларнинг барчасини ишдан олди. Аҳли солиҳлиги, тақводорлиги учун бу халифа кўпчилик томонидан рошид халифалардан дея эътироф этилди.

Умар ибн Абдулазиз оз муддат халифалик қилган бўлса-да, жуда кўп ишларни амалга оширди. Хусусан, у киши ўзининг шахсий ва оилавий ҳаёти билан тилларда достон бўлди. Ўзи илмли одам бўлгани учун илмга ва илм аҳлига алоҳида аҳамият берди.

Ҳижрий I асрнинг охирида халифалик қилган, кўпчилик томонидан «бешинчи рошид халифа» дея тан олинган Умар ибн Абдулазиз Ибн Шиҳоб Зуҳрий ва бошқа муҳаддислардан омма учун ҳадисларни жамлаб китоб ёзишни сўради. Ибн Шиҳоб Зуҳрий содда қилиб бир китоб таълиф қилди. Бошқалар ҳам унга эргашдилар. Расмий равишда ҳадис китоблар ёзиш шундан бошланди.

Умар ибн Абдулазизнинг халифалик даврларида кенг ҳудудли Ислом давлатида катта миқдорда закот моллари тўпланган, лекин закот оладиган одам топилмай қолган. Бу эса ўша давлатдаги ҳар бир оила закот бериш даражасига етган, деганидир. Шунда уламолар йиғилиб, тўпланган закот молларини «Аллоҳнинг йўлида» деган бандга мувофиқ, Африкада Исломни тарқатиш ишларига сарфлаш керак, деган фатво чиқарганлар.

Мулоҳаза қилинадиган бўлса, шу қадар катта ҳудудга эга бўлган давлатда закот олишга ҳақли одам топилмаслиги нодир ҳолатдир. Бу мазкур бепоён давлатда истиқомат қилувчи барча одамлар йил давомида саксон беш грамм тилла миқдоридан зиёд жамғармага эга бўлган деганидир. Бундай иқтисодий тўкинчилик инсоният тарихида мисли кўрилмаган ҳолатдир.

«Ислом тарихи» иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
15. Бахтиёр руслар бизга уламоларимизни танитганини иддао қилибди. Тўғри, унинг гапида ҳам жон бор. Халқимиз қўлидаги бор китобларни тортиб олиб, ёқиб ташлаб, давоми...

1878 14:55 / 19.09.2023
Ибнул Асир .Комил,да шундай дейди Уқба ибн Нофеъ раҳимаҳуллоҳ Африкада шаҳар қурмоқчи бўлди. Шаҳарда мусулмон аскарлари, оилалари ва моллари зарарлардан омонда давоми...

3211 11:00 / 15.07.2022
Умавийлар қўмондонларидан бири Маслама ибн Абдулмалик даврида мусулмонлар ғазотда бир қалъани қамал қилдилар. Мусулмонларга жуда қийин бўлди. Насронийлар давоми...

3054 18:00 / 05.03.2021
Халифа бўлиш, ўша вақтдаги дунёнинг энг қудратли жамиятини узоқ вақт бошқариб туриш ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг шахсий сифатларига заррача ҳам давоми...

10669 11:22 / 25.06.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021