1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги умматнинг энг афзали

14:01 / 03.10.2025 1617 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنْتُ مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي حَائِطٍ مِنْ حِيطَانِ الْمَدِينَةِ فَجَاءَ رَجُلٌ فَاسْتَفْتَحَ، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: افْتَحْ لَهُ وَبَشِّرْهُ بِالْجَنَّةِ، فَفَتَحْتُ لَهُ فَإِذَا أَبُو بَكْرٍ فَبَشَّرْتُهُ بِمَا قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَحَمِدَ اللهَ، ثُمَّ جَاءَ رَجُلٌ فَاسْتَفْتَحَ، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: افْتَحْ لَهُ وَبَشِّرْهُ بِالْجَنَّةِ، فَفَتَحْتُ لَهُ فَإِذَا هُوَ عُمَرُ فَأَخْبَرْتُهُ بِمَا قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَحَمِدَ اللهَ، ثُمَّ اسْتَفْتَحَ رَجُلٌ، فَقَالَ لِي النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: افْتَحْ لَهُ وَبَشِّرْهُ بِالْجَنَّةِ عَلَى بَلْوَى تُصِيبُهُ، فَفَتَحْتُ فَإِذَا عُثْمَانُ فَأَخْبَرْتُهُ بِمَا قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَحَمِدَ اللهَ ثُمَّ قَالَ: اللهُ الْمُسْتَعَانُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинанинг боғларидан бирида эдим. Бас, бир киши келиб, эшикни очишни сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Унга эшикни оч ва жаннатнинг башоратини бер», дедилар. Эшикни очсам, Абу Бакр экан. Унга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бер­ган башоратни айтдим. У Аллоҳга ҳамд айтди.

Сўнгра яна бир киши келиб, эшикни очишни сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Унга эшикни оч ва жаннатнинг башоратини бер», дедилар. Эшикни очсам, Умар экан. Унга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам берган башоратни айтдим. У Аллоҳга ҳамд айтди.

Сўнгра яна бир киши келиб, эшикни очишни сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Унга эшикни оч ва унга етадиган бало учун жаннатнинг башоратини бер», дедилар. Эшикни очсам, Усмон экан. Унга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам берган башоратни айтдим. У Аллоҳга ҳамд айтди ва сўнгра: «Аллоҳнинг Ўзи ёрдам берсин», деди».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Ушбу ривоятда эшик қоқиб келган зотларга жаннатнинг башорати берилиши уларнинг Ислом умматидаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин тутган ўринларига қараб бўлмоқда. Уларнинг эшик қоқишдаги тартиблари ҳам бежиз эмас. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги умматнинг энг афзали Абу Бакр Сиддиқ, кейин Умари Одил ва сўнгра Усмон Зуннyрайни розияллоҳу анҳумдир.

Фақат бу ривоятда «унга етадиган бало учун жаннатнинг башоратини бер» дейилиши билан келажакда ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг балога учрашларига ҳам ишора қилинмоқда.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كُنَّا فِي زَمَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا نَعْدِلُ بِأَبِي بَكْرٍ أَحَدًا، ثُمَّ عُمَرَ، ثُمَّ عُثْمَانَ، ثُمَّ نَتْرُكُ أَصْحَابَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا نُفَاضِلُ بَيْنَهُمْ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида Абу Бакрга ҳеч кимни тенг кўрмас эдик. Сўнгра Умарга, сўнгра Усмонга. Кейин эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларини бир-бирларидан афзал қилишни тарк қилар эдик».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Бу ривоятда эса мазкур уч буюк саҳобийнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидаёқ бошқалардан афзал кўрилгани аниқ экани таъкидланмоқда. Бундан ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг Ислом умматида учинчи шахс эканликларига яна бир ишончли далил оламиз.

وَعَنْهُ قَالَ: كُنَّا نَقُولُ وَرَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حَيٌّ، أَفْضَلُ أُمَّةِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَعْدَهُ أَبُو بَكْرٍ، ثُمَّ عُمَرُ، ثُمَّ عُثْمَانُ y. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالطَّبَرَانِيُّ وَزَادَ: فَيَسْمَعُ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَلِكَ فَلَا يُنْكِرُهُ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тириклик чоғларидаёқ «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан кейин умматларининг энг афзали Абу Бакр, сўнгра Умар, сўнгра Усмон розияллоҳу анҳум», дер эдик».

Абу Довуд ва Тобароний ривоят қилганлар ва:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буни эшитар эдилар ва инкор қилмас эдилар»ни зиёда қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу ривоятларида саҳобаи киромларнинг Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни учинчи ўринга қўйишларидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам хабардор эканликлари ва бу ишга ўз розиликларини тасдиқлаганликлари равшан кўриниб турибди. Бу омил жуда ҳам кучли бўлиб, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг фазллари ҳақидаги шак-шубҳага ҳеч қандай ўрин қолдирмайди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар БУЮК ИСЛОМ БИРОДАРЛИГИ13қисмРисолатпаноҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

6301 16:20 / 21.04.2017
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ҳотибнинг бир қули бор эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Ҳотибдан давоми...

1660 09:49 / 19.07.2025
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганимда, албатта, у зотнинг юзлари каззобнинг юзи эмаслигини билдим.Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳуУ зот соллаллоҳу давоми...

2232 11:00 / 10.01.2022
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаларига энг яқин ёрдамчилардан бўлдилар. Абу Бакр Сиддиқ вақтларида шуро давоми...

1864 14:17 / 21.05.2023
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021