1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Фосид эътиқоднинг оқибатлари

14:39 / 11.10.2025 827 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз ташаддуд йўналиши деб аталадиган одамлар билан имтиҳон қилиняпмиз. Биз уларнинг катталари ҳақида гапиряпмиз, оддий инсонлари ҳақида эмас. Улар ҳатто динда таслим бўлинган нарсаларга ҳам эътибор қаратишмайди. Мусулмонларни диндан чалғитишга ҳаракат қилишади. Улар ҳадисга ҳукм беришдаги бундай катта қоидаларга эътибор ҳам беришмайди.

Шунинг учун уммат маълум сабабларга кўра тарк қилинганига, амал қилинмаслигига ижмоъ қилган ҳадисларни тўплаб, янги шариат тузишга ҳаракат қилишяпти. Уммат бир ҳадисга амал қилмаган бўлса, бунинг жиддий сабаби бўлади. Шунинг учун Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Бир ҳадисни ривоят қилиб, унинг тескарисига амал қилган кишига ҳайронман», деганлар. Демак, амал қилинмайдиган ҳадислар бор экан. Анавилар эса мана шу ҳадисларни маҳкам ушлаб олишади.

Масалан, фиқҳий мазҳабларда ташаҳҳуд пайти бармоқни тинмай ўйнатиб туриш йўқ. Улар келиб, мана шу ишни чиқаришди, бу амални намознинг энг катта суннати қилиб олишди. Энди намозда бармоқни ўйнатиб туриш шарт бўлиб қолди.

Яна иккита мисол келтираман. Улар шанба куни рўза тутиш ҳақидаги ҳадисни келтиришади. Иттифоқ қилинган нарса шуки, бунга мутлақо амал қилинмайди, ҳеч ким буни ҳадис деб ҳам айтмаган, яъни бу гап ҳадис эмас. Улар эса келиб, буни дин дейишяпти. Авваллари бизда, Урдунда шанба куни арафалар, ашуролар бўлар эди. Одамлар олдида минбарга чиқиб, бу кунда рўза тутиш ҳаром эканига фатво бериб, сув ичишлар, бозорга кириб, рўза тутган одамларга мажбурлаб сув ичиришлар бўлган. Алҳамдулиллаҳ, ҳозир бундай ишлар камайиб кетди, лекин авваллари шундай бўлган.

Яна бир мисол келтирман. Олтин ҳақидаги ҳадисни келтиришади. Олтин ҳақида ҳукм қатъий келган. Аёл киши олтин билан зийнатланиши мумкин. Улар эса ҳалқа қилиб тақиладиган олтинларни ҳаром қилишган. Аёллар ҳалқа қилиб ясалган тақинчоқлар тақишади, тўғрими? Аёлларнинг тилла тақинчоқ тақиши ҳақида қатъий насслар бор. Улар эса ҳалқа қилиб ишланган тақинчоқни аёлларга ҳаром, дейишяпти.

Оилавий ҳаётда аёл кишининг қовуқ ва қўлтиқдагидан бошқа жойларидаги тукларни кетказишини ҳаром қилишган, аммо бу борада ниҳоятда ғариб нарсаларга суянишган.

Иқтисодда эса тақсит савдосини, яъни товарнинг пулини бўлиб-бўлиб, устамасиз тўлаб бериш савдосини ҳаром дейишади. Ваҳоланки, мусулмонларнинг тўқсон фоизининг савдоси тақситга тўғри келади.

Улар шариатнинг ҳар бир масаласига ёпишиб, тарк қилинган нарсаларни қаттиқ ушлаб олишяпти. Мана шундай тарк қилинган нарсаларни тўплаб, янги дин тузишяпти. Нафсни тарбиялашни ҳаром деб, жумадан олдин намоз ўқиш ҳаром деб, зикр қилиш ҳаром деб, ҳамма нарсани ҳаромга чиқариб юборишяпти. Мана шу нарсалар, улар ҳаром деб юрган нарсаларнинг ҳаммаси ёки аксари ижмоъга мутлақо тескари.

Улар «Фиқҳий мазҳаблар суннатга амал қилмайди», дейишади, «Мана биз суннатга амал қиламиз», дейишади. Хўш, қайси суннатга амал қилишяпти? Бутун уммат бир ҳадисни заиф бўлгани учун, ёки ундан кучлироғи борлиги учун, насх бўлгани ёки хос экани, ёки шунга ўхшаган сабаблари борлиги учун тарк қилган бўлса, улар шу ҳадисда айтилган суннатга амал қилишни хоҳлашяпти. Шунга ўхшаган собит бўлмаган, жоиз бўлмаган, тўғри бўлмаган нарсаларни дин қилиб олишяпти. Шунинг учун биз уларнинг кўзига суннатларни тарк қилган бўлиб кўриняпмиз.

Дин имомлари ҳақидаги фосид эътиқод бизни қандай оқибатларга олиб боришини бир ўйлаб кўринг: дин фақат дўппидан, калта пойчали шим кийишдан иборат бўлиб қоладими? Вақтимиз фақат мана шунга ўхшаш ишлар билан банд бўлиб қоляпти. Ҳамма жойда тасарруфотлар кибрга, дин эса арабларнинг либосига айланиб қоляпти. Бир нарсани айтсангиз, дарров уни ширк ёки бидъат дейишяпти. Агар динни Аҳли суннанинг йўлига кўра тушуниш тарк қилинса, адашган фирқаларнинг тушунчаларига, жуда ёмон тушунчаларга тушиб қоламиз, Аллоҳ асрасин.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Аллоҳ таоло саҳобаларни Ўзининг Расулига эргашишга, тақлид қилишга буюрди. Набий алайҳиссалом ҳам уларни мана давоми...

1107 15:29 / 25.04.2025
Биз айтган .танзир, назария босқичида мутлақ ижтиҳод даражасига етган, ўзининг усуллари орқали Китоб ва Суннатга мурожаат қилиб, ҳукмлар истинбот қилишга қодир давоми...

1120 12:02 / 12.02.2025
Савол Билими йўқ бир кимса имомлардан бирортасига тақлид қилишни ўзига лозим тутмайди. Балки ўз эътиқодича, ҳар бир олимни муқтадо ва пешво деб билади. У ўз давоми...

6154 09:23 / 29.03.2017
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг катта тобеъинлар ва ўртадаги тобеъинлардан олган табақалари ҳам бор. Ушбу тобеъинлар илмни Ислом илмларини тарқатган саҳобалардан давоми...

1149 15:25 / 21.05.2025
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021