1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Президент Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган ишлар билан танишди

18:39 / 20.10.2025 1213 pdf Ўқиш режими + -

Президент Шавкат Мирзиёев 20 октябрь куни Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, бу ердаги экспозициялар орқали халқимизнинг бой тарихий ва маънавий меросини кенг намойиш этишга қаратилган ишлар билан танишди.

Мазкур улкан ва ноёб лойиҳа давлат раҳбарининг 2017 йил 23 июндаги қарорига асосан бошланган. Кўп ўтмай, 2018 йилги Рамазон ҳайити куни унинг пойдеворига тамал тоши қўйилган эди. Ўтган даврда бу ерда катта ҳажмдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Марказ қадимий меъморий анъаналаримиз ва миллий безаклар уйғунлигида барпо этилди. Иншоотнинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада эса 65 метрли миллий услубдаги гумбаз қад ростлаган.

Иншоотнинг марказий қисмида Қуръони карим зали жойлашган. Бу ерда мусулмон оламининг ноёб маънавий дурдонаси саналган қадимий Усмон Мусҳафи намойиш этилади. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар ва бошқа сулолалар даврига оид муқаддас китоб нусхалари, уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари, шу билан бирга, жаҳондаги энг нодир қўлёзма Қуръонлардан намуналар ҳам жой олади.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан чет элларда сақланаётган тарихимиз ва улуғ алломаларимиз мероси билан боғлиқ қимматли манбалар ва ашёлар Ватанимизга қайтарилди. 

Марказ таркибида 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилган бўлиб, халқаро миқёсдаги учрашув ва илмий анжуманларни ўтказиш учун барча замонавий шарт-шароитлар яратилган.

Мажмуада “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс”, “Ўзбекистон XX асрда” ҳамда “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” бўлимлари ташкил этилган. Бу ерда буюк алломаларимиз фаолияти ҳақида маълумотлар, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа уламолар мероси ҳам кенг ёритилган.

Шунингдек, тарихимизда илму маърифат ва маънавият ҳомийси бўлган Бибихоним, Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отин каби мўътабар зотлар фаолияти ҳам алоҳида экспозиция сифатида намойиш этилган.

Давлатимиз раҳбари доимо марказнинг илмий-маърифий йўналишини самарали ташкил этиш, унинг мазмун-моҳиятини бойитиб бориш зарурлигини алоҳида таъкидлайди. Бу борада Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий номидаги илмий марказлар билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди.

Ташриф чоғида Президентимиз залларда амалга оширилаётган пардозлаш ва жиҳозлаш ишларини кўздан кечирди, бўлимлар ва кўргазмаларнинг мазмун-моҳияти, қўлланилаётган интерфаол технологиялар билан яқиндан танишди.

Давлатимиз раҳбари экспонатларни маҳаллий ва хорижий ташриф буюрувчиларга ҳар томонлама қизиқарли ҳамда тушунарли қилиб тақдим этиш муҳимлигини таъкидлади. Шу мақсадда марказда фаолият юритадиган мутахассис ва гидларнинг сонини кўпайтириш, уларни махсус дастурлар асосида тайёрлаш зарурлигига эътибор қаратилди.

Марказ фаолиятини мазмунан янада бойитиш, экспозициялар орқали халқимиз маънавий ва илмий меросини тўлиқ намоён этиш бўйича қатор тавсиялар берилди.

 

Манба
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Мавзуга оид мақолалар
.Ҳилол, нашриётматбаа мажмуаси ҳамда Ислом.уз портали жамоаси босмахонамиз ва нашриётимиз ходимлари ndash Мансуржон Абдулқайюм ҳамда Фозилжон Абдулқайюм давоми...

2449 15:21 / 15.02.2019
4 январь Халқаро Брайл алифбоси куни. Ушбу сана 2018 йил, 17 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг ARES73161 сонли резолюцияси билан эълон қилинган ва ўтган йилдан бошлаб давоми...

2365 17:59 / 04.01.2022
.Hilol Nashr, матбаа нашриёти, Islom.uz портали ижодий гуруҳи, .Олтин силсила, илмий лойиҳаси ҳамда .Ҳилол, диниймаърифий журнали таҳририятлари илмийижодий жамоаси бугун, 18 давоми...

1770 07:11 / 18.05.2021
Ушбу ҳафта Жидда шаҳрининг .АлФайсал, университетида муҳандислик факультети ўзининг биринчи қуёш ва электр машинасини намойиш қилди. Бу Саудия Арабистони учун давоми...

2315 08:05 / 04.04.2021
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021