1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Яхшига, фожирга силаи раҳм қилиш

16:15 / 23.10.2025 1249 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Силаи раҳмга ҳақли бўлган кишилар турли сифатларга соҳиб бўладилар. Улардан яхшилари бўлса, ҳар ким ҳузур ила силаи раҳм қилиши осон. Аммо қариндошлар ичида фисқу фужур ишларни қиладигани ҳам бўлиши эҳтимол. Унга ҳам силаи раҳм қилинаверадими? Баъзи ҳолатларда қариндошлар ичида кофири ҳам бўлиб қолиши мумкин. Ундай ҳолатда нима қилинади?

عَنْ جَامِعِ بْنِ أَبِي رَاشِدٍ، سَمِعَ مَيْمُونَ بْنَ مِهْرَانَ قَالَ: ثَلَاثٌ تُؤَدَّى إِلَى الْبَرِّ وَالْفَاجِرِ: الرَّحِمُ تُوصَلُ بَرَّةً كَانَتْ أَوْ فَاجِرَةً، وَالْأَمَانَةُ تَؤَدَّى إِلَى الْبَرِّ وَالْفَاجِرِ، وَالْعَهْدُ يُوَفَّى لِلْبَرِّ وَالْفَاجِرِ.

Жомеъ ибн Абу Рошиддан ривоят қилинади:

«У Маймун ибн Меҳроннинг шундай деганини эшитди: «Уч нарса яхшигаю фожирга қилинаверади: Силаи раҳм яхшига ҳам, фожирга ҳам қилинади; Омонат яхшига ҳам, фожирга ҳам адо этилади; Аҳд яхшига ҳам, фожирга ҳам вафо қилинади».

Ушбу ривоятда зикр қилинган уч нарсани кимга бўлса ҳам қилинаверади.

Бу уч нарсанинг бири – қариндошларга яхшилик қилиш.

«Фалончи фисққа сабаб бўладиган ишни қиляпти, шариатнинг кўрсатганидан чиқди, фожир бўлди, мен ундан алоқамни уздим», дейишга қариндошларнинг ҳаққи йўқ. Қариндош яхши одамми, ёмон одамми, тақводорми, фожирми – барибир, қариндошлик ҳаққи бор, адо этилиши лозим экан.

Уч нарсанинг иккинчиси – омонат.

Бировда бошқанинг омонати бор. Ана шу омонатнинг эгаси яхши одамми, ёмон одамми, тақводорми, фожирми – фарқи йўқ, омонатни адо этиши керак. Менда омонати бор-у, эгаси фожир, бетавфиқ, фосиқ, унга бермасам ҳам бўлаверади, деб ўзича фатво чиқариб олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Омонатнинг эгаси ким бўлишидан қатъи назар, омонатга масъул бўлган инсон уни адо этиши лозим экан.

Мазкур нарсаларнинг учинчиси – аҳд.

Яхшигами, ёмонгами, бетавфиққами, тақводоргами – барибир, аҳднинг устидан чиқиш керак. Мен ваъда берган эдим-у, ваъда берган одамим, кейин билсам, бетавфиқ экан, фожир экан, фосиқ экан, ваъдамнинг устидан чиқмасам ҳам бўлаверади, деб ўзига ўзи фатво чиқариб олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

عَنْ مَيْمُونِ بْنِ مِهْرَانَ قَالَ: ثَلَاثٌ الْمُسْلِمُ وَالْكَافِرُ فِيهِنَّ سَوَاءً: مَنْ عَاهَدْتَ فَفِ لَهُ بِعَهْدِهِ مُسْلِمًا كَانَ أَوْ كَافِرًا، إِنَّمَا الْعَهْدُ لِلَّهِ عَزَّ وَجَلَّ، وَمَنْ كَانَ لَهُ رَحِمٌ فَلِيَصِلْهَا مُسْلِمًا كَانَ أَوْ كَافِرًا، وَمَنِ ائْتَمَنَكَ عَلَى أَمَانَةٍ، فَأَدِّهَا إِلَيْهِ مُسْلِمًا كَانَ أَوْ كَافِرًا.

Маймун ибн Меҳрондан ривоят қилинади:

«Уч нарсада мусулмон ҳам, кофир ҳам баробар: кимга аҳд берган бўлсанг, мусулмон бўлса ҳам, кофир бўлса ҳам, вафо қил. Зеро, аҳд Аллоҳ азза ва жалла учун бўлади; кимнинг қариндоши бўлса, мусулмон бўлса ҳам, кофир бўлса ҳам, унга силаи раҳм қилсин; ким сенга омонатни ишонса, мусулмон бўлса ҳам, кофир бўлса ҳам, унга омонатни адо эт».

Ушбу ривоятда зикри келган ишларда мусулмон билан кофирнинг орасида фарқ йўқ.

Улардан бири аҳдга боғлиқ. Яъни, айтайлик, бир кишига сен аҳду паймон бердинг. Аҳдингга вафо қил. Бунда аҳд берган одаминг муслимми ёки кофирми ким эканининг фарқи йўқ. Чунки аҳд Аллоҳ азза ва жалла учун берилади. Аҳд берилган шахс ким бўлишидан қатъи назар – мусулмонми, кофирми, Аллоҳ таолонинг розилиги учун унга вафо қилиш талаб этилади.

Иккинчиси қариндошларга боғлиқ. Яъни, кимнинг қариндошлари бўлса, уларга силаи раҳм қилсин. Қариндош мусулмонми, кофирми – фарқи йўқ. Қариндошлиги борми, унга силаи раҳм қилинаверади. Мусулмон қариндошга силаи раҳм қиламан-у, кофир қариндошга қилмайман, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Учинчиси омонатга боғлиқ. Яъни, айтайлик, бир киши сенга ишониб, бир омонатни топширди. Сен ушбу омонатга хиёнат қилма. Уни ўз вақтида адо эт. У омонатнинг эгаси мусулмонми, кофирми, фарқи йўқ.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 2-жуз.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида чоп қилинган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Осим ибн Лақийт ибн Собира отасидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Чўпон қўрага янги туғилган қўзичоқни киритди.Набий давоми...

2527 11:01 / 22.05.2020
. ,.Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, менинг иккита қўшним бор, улардан қайси бирига ҳадя берай, дедим..Сенга эшиги яқинроғига,, давоми...

2679 16:05 / 04.09.2019
. ,.Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангизнинг ходими таомини олдига олиб келса, уни ҳам ўзи билан ўтирғизсин. давоми...

2118 11:00 / 30.11.2020
86. Бародан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, Ҳасан розияллоҳу анҳуни елкаларига кўтариб олиб .Аллоҳим Мен буни яхши кўраман, Сен ҳам яхши давоми...

4000 17:20 / 18.06.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021