1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Талоқ масаласи

11:51 / 26.10.2025 1799 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Талоқ “ажрашиш” деган маънони беради. Ажрашиш мубоҳларнинг (қилиш таъқиқланмаган нарсаларнинг) энг ёмонидир. Зеро, бунда аёлга озор бериш бор. Озор эса асло мубоҳ эмас. Қачонки икки томонлама зарурат туғилганида талоққа ижозат берилган. Бироқ шаръий бирор узрга асосланмаган ҳолда ажрашиш динимизда таъқиқланган. Аллоҳ таоло: “…Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз…”, деган.

Аёл эрига доимий озор бериб ёмонликлар қилса, талоқни татбиқ қилиш жоиз. Агар аёл эри томонидан ҳеч қандай озор ва ҳақорат кўрмай туриб, яъни бесабаб эридан ажрашмоқчи бўлса, қаттиқ гуноҳкор бўлади.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам эркак аёлини талоқ қилишга мажбур бўлиб қолса қуйидаги тўртта нарсага риоя қилиш лозим:

Биринчиси: аёлни пок ҳолида талоқ қўйиш.

Иккинчиси: бир талоқ билан қўйиш, бирданига уч талоқ қўймаслик. Балки биринчи талоқни қўйгандан кейин эрда пушаймонлик юзага келиб, шаръий усул доирасида яна қайта никоҳланиб, эр-хотинликни давом эттиришлари мумкин. Афсуски ҳозирги кунда ёшларимизда бу борада ҳеч қандай илм бўлмагани боис, талоқ қўйиш жуда осон бўлиб қолди. Шунга яраша оила бузилишлари ва чексиз пушаймонликлар юзага келмоқда. Ота-оналар ўғил-қизларини катта ҳаётга тайёрлашдан аввал уларни мана шундай зарурий диний илмлардан воқиф қилишлари зиммаларидаги бурчдир.

Учинчиси: аёлга асло қаттиқ муомала қилмай кўнглини олиш. Аёлга юклатилган оналик ва жуфти ҳалолликдек улуғ вазифалар тақозоси бўлмиш табиатидаги ҳиссийлик ва ҳассосликка қарамай уни ташқи дунёнинг қийинчиликларига қарши курашишга мажбур ҳолда қолдирмаслик керак. Шу сабабдан аёл болалигида отага, ота бўлмаганда бобо, амаки, ака-ука туғишганларига, кейинчалик эрига, болаларига, набираларига омонат қилинган. Бироқ ана шу омонатдорлик кишининг инсофига ташлаб ҳам қўйилмаган, албатта. Аллоҳ таоло айтади:

“...Улар билан тотув турмуш кечирингиз...”

Ҳадиси шарифда эса:

“Сизларнинг яхшиларингиз аҳли (оиласи)га яхши бўлганидир. Мен сизлардан аҳлимга энг яхшисиман”, дейилган бўлиб, шу мавзудаги бошқа набавий тавсияларни ҳам ҳисобга олганда, уларнинг барчаси аёлларни эркакларнинг муҳаббат ва ҳурматига, ахлоқ ва диёнатига омонат қилиб топширади. Қуйидаги ҳадиси шариф эса, ушбу мавзудаги фикрларимизнинг хулосасидир:

“Секин-секин, эй Анжаша, шишаларни синдириб қўйма (яъни, аёлларга мулойим муносабатда бўл)!”.

Тўртинчиси: аёлининг яширин ҳолларини талоқ ҳолатида ҳам, никоҳда пайтида ҳам фош қилмаслик. Зеро, сирни фош қилмаслик ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадислар ворид бўлган.

Ривоят қилинишича, бир киши аёлини талоқ қилмоқчи бўлибди. Ундан: “Аёлингизни нега талоқ қилмоқчисиз, ундан бирор ножўя ишда шубҳаландингизми?” - деб сўралганида: “Ақлли киши аёлининг сирини бошқаларга фош қилмайди”, деган экан. Ўша одам бир муддат ўтиб аёли билан ажрашибди. Бу сафар: “Аёлингизни нега талоқ қўйдингиз?”- деб сўралганида: “У энди мендан бошқага кетиб, ўзганинг аёли бўлди. Бошқанинг аёлининг сирини фош қилишга эса ҳаққим йўқ”, дебди.

Хулоса ўрнида “Видолашув ҳажи” хутбасида аниқ кўринишда баён этилган ушбу набавий тавсияларни ҳавола этамиз:

“Эй инсонлар! Сизларнинг аёлларингиз устида ҳаққингиз бор, шунингдек, уларнинг ҳам сизнинг устингизда ҳақлари бор. Сизнинг улар устидаги ҳаққингиз уларнинг сиз ёқтирмаган ҳеч кимни уйингизга киритмасликлари ва очиқ-ойдин фаҳш ишга қўл урмасликларидир. Агар улар сиз рози бўлмаган бирон иш қилсалар, Аллоҳ сизларга уларни ётоқларида тарк этишингизга, унчалик оғритмайдиган қилиб уришингизга рухсат беради. Аёлларнинг сизнинг устингиздаги ҳақлари эса, уларни озиқ-овқат ва кийим-кечак билан етарлича таъминлашингиздир. Аёлларга яхши муомалада бўлинг. Зеро, улар сизнинг измингиздаги ўзлари учун ҳеч нарсага эга бўлмаган асиралардир. Бунинг устига, сизлар уларни Аллоҳнинг омонати сифатида қабул қилиб олдингиз. Уларнинг фаржлари сизларга Аллоҳнинг калимаси билан ҳалол бўлди. Ақлингизни ишлатинг”.

Абдулҳамид Зайриевнинг “Мусулмоннинг ҳақ ва вазифалари” китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 16 январдаги 03-07/184-сонли хулоса хати асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақолаКоронавирус билан касалланганлар www.worldometers.сайтининг маълумотларига кўра, бугун 24.02.2021 да дунё бўйича 112 миллион, 780 минг, 835 кишини ташкил этмоқда. давоми...

2732 18:00 / 25.02.2021
Нафс ўз, яъни инсоннинг ўзи дегани. Агар сиз уни ўзга, яъни ўзингиздан бегона қилмагунингизча нажот топмайсиз. Бу дунёда бошингизга бало келтирадиган ҳам, охират давоми...

2444 10:46 / 17.06.2022
Қариндошчилик алоқалари билан бирбирига боғланган яқин ва узоқ қариндошларнинг ўзаро силаи раҳм бордикелди алоқаларини қилиш, эҳсон тарзида муомала қилишлари давоми...

1105 15:05 / 09.10.2025
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Қуръонни ўқиб, сўнг уни унутиб юборса, қиёмат куни Аллоҳ таолога қўли кесик давоми...

2654 11:00 / 19.08.2023