1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Уйинг остонасини ўзгартир!

12:30 / 27.10.2025 3509 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг буйруғи билан завжаси Ҳожар ва гўдаги Исмоилни ҳеч нарса ўсмайдиган ва кимсасиз Маккага ташлаб кетди. Сўнгра ўша машҳур «Замзам» ҳодисаси бўлиб ўтди. Аллоҳ таоло она-бола зерикмаслиги учун улар томон Журҳум қабиласини жўнатди. Исмоил алайҳиссалом улар орасида униб ўсди. Улардан араб тилини ўрганди. Сўнгра уларнинг қизига уйланди. Вақт ўтгач Ҳожар онамиз вафот қилди. Бир қанча вақт ўтиб Иброҳим алайҳиссалом уларнинг ҳолидан хабар олиш учун келди. У киши келганида Исмоил алайҳиссалом уйда йўқ эди. Иброҳим алайҳиссалом келинидан Исмоил алайҳиссаломнинг қаердалигини сўради. Келини эри тирикчилик учун кетганини айтди. Иброҳим алайҳиссалом уларнинг аҳволи, тирикчилиги ҳақида сўради. Аёл шикоят қилди: «Ниҳоятда аҳволимиз ёмон. Доимо қийинчилик ва тангликдамиз!»

Аёл Иброҳим алайҳиссаломни танимасдан, у кишига турмушдан нолиб анча шикоят қилди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом: «Эринг келса мендан унга салом айт. Унга айт, уйининг остонасини алмаштирсин!», деди.

Исмоил алайҳиссалом келиб нимадир содир бўлганини билди. Хотинидан сўради:

- Бирор киши келдими?

- Ҳа! Бир чол келди. Сизни сўради. Мен хабар бердим. Турмушимиз ҳақида сўради. Мен унга фақирлигимиз ва қийналаётганимиз ҳақида гапирдим!

- У сенга бирор нарса дедими?

- Ҳа! Сизга салом айтди. Уйингиз остонасини алмаштирар экансиз!

- Исмоил алайҳиссалом деди:

- У киши отам эди. Менга сени талоқ қилишимни амр қилибди. Уйингга боравер!

Иброҳим алайҳиссалом келинининг обрўсини тўкмади, Аллоҳ сақласин! Тўғри, пайғамбарлар хонадонида куфр бўлган, лекин хиёнат бўлмаган. Қуръони Каримда хабари келган Нуҳ ва Лут алайҳиссаломларнинг хотинлари ақидада хиёнат қилишган, тўшакда эмас!

Иброҳим алайҳиссалом келинининг нолишини, шикоятини, норозилигини айб санади. Доимо шикоят қиладиган, ризқ масаласида нолийдиган хотин балойи азимдир! Эркаклар ҳам!

Исмоил алайҳиссалом хотинининг «тирикчилик учун кетган» деган гапига қараганда рўзғорни ташлаб қўймаган. Аммо хотинининг бошқалар қўлидаги нарсаларга боқиши ўзларидаги нарсаларни кўра олмаслигига сабаб бўлган. Бу нарса ношукрликка олиб борган. Шунинг учун Иброҳим алайҳиссалом ўғлига хотинини талоқ қилишини буюрди!

Худди шунингдек, Умар розияллоҳу анҳу ҳам ўғлига хотинини талоқ қилишни айтган эди. Ўғли ҳам бўйсунган.

Бир киши имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг ҳузурига келиб, отаси ундан хотинини талоқ қилишини талаб этаётганини айтди. Имом Аҳмад ундан сўради:

- Унда динига тегишли айб кўрасанми?

- Йўқ!

- Унда талоқ қилма!

- Иброҳим алайҳиссалом ва Умар розияллоҳу анҳу ўғилларига хотинини талоқ қилишини айтганда улар бажаришган экан-ку!

- Агар сенинг отанг ҳам Иброҳим алайҳиссалом ёки Умар розияллоҳу анҳудек бўлса, ундан кейин талоқ қиласан!

Гапнинг хулосаси шуки, агар хотин солиҳа бўлса, диёнатли бўлса, ўғил уни талоқ қилишга мажбур эмас. Уйларни хароб қиладиган итоат ва солиҳа хотиндан жудо бўлиш ота-онага яхшилик қилишга кирмайди. Аммо ота-онангиз хотинингизни ёқтиришмаса-да, уларга яхшилик қилишда давом этасиз!

Бу дунё синов дунёсидир. Ризқ ҳам дунёдаги Аллоҳнинг синовларидан биридир. Биз эркагу аёллар Аллоҳга нисбатан одоб чегарасини сақлашимиз лозим. Ризқнинг сабабларини, меҳнат қилишни тарк этмаганимиз ҳолда қадарга рози бўлишимиз керак. Аллоҳнинг қисматига рози бўлиш бойликдир. Норозилик эса фақирликдир. Ота-оналар ҳам Аллоҳдан қўрқиб, фарзандларининг оиласини барбод қилмасликлари керак!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўшанда маҳзунлик йили эдиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Қурайшдан ҳимоя қиладиган метин девор бўлмиш Абу Толиб вафот қилди. Завжалари, ҳабибалари, давоми...

2027 09:00 / 10.02.2023
Иймон инсон табиатини йўққа чиқармайди, аксинча, уни тарбиялайди. Иймон инсоннинг ғаризаларини йўқотмайди, аксинча, уларни тартибга солади. Ўғли ғарқ давоми...

1531 15:38 / 24.10.2025
Солиҳ ва муслиҳ фарзанд қандай камолга етади Унинг онаси фақат овқат тайёрлаш, уй ишлари ҳамда интернету бозор билан овораю машғул бўлса Руҳан соғлом, баркамол давоми...

4471 11:00 / 19.08.2021
.Исроф, сўзи араб тилида .чегарадан чиқиш, ва .бир нарсани қасддан унутиш, деган маънони англатади. .Фалон ишда исроф бўлди,, деган жумла миқдоридан ортиқча сарф давоми...

2129 12:48 / 13.09.2023