1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Қалб ғийбати

19:10 / 11.01.2019 5327 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Гоҳида ғийбат қалб билан ҳам содир этилади. Бу мусулмонлар ҳақида ёмон гумон қилиш ила бўлади.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛﭜ ﭝ ﭞ

«Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар» (12-оят).

Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам «Кўп гумонлардан четда бўлинглар», дейилмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бадгумонликдан сақланинг. Албатта, бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир. Пойлаш ва жосуслик билан шуғулланманг. Ўзаро рақиб бўлманг ва ўзаро ҳасад қилманг. Бир-бирингизни ёмон кўрманг ва бир-бирингизга қарши тадбир қилманг. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар», дедилар». 

Тўртовлари ривоят қилишган.

Ўтган уламолардан Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган бўлса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор».

Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўп ҳолларда бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.

Бу ҳақда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», деган эканлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», дедилар».

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расмга олган киши айтяпти Сувга чўкиб олиб, сўнг ўрнидан туриб, дарҳол бўталоғини эмизган туяни кузатиб турдим. Унинг ҳаракатидан ҳайрон бўлдим. Туянинг эгасидан давоми...

2842 17:00 / 30.08.2022
Молдунё келибкетадиган нарсадир. Бугунги бойлар бир кун келиб фақир бўлишади. Фақирлар эса бир куни бой бўлишади. Бугунги соғлом инсонлар бир кун бемор бўлишади. давоми...

1054 10:25 / 03 февраль
Тирик эканман, бир куни Аллоҳ раҳмат қилгур отамдан олган дарсимни ҳеч унутмайман. Ўша куни нотўғри иш қилиб қўйган эдим. Ўртоқларим билан ўйинга берилиб, отам давоми...

1828 09:00 / 04.07.2023
. . .Агар нафсларнинг майдонлари бўлмаганида, соликларнинг сайри юзага чиқмас эди. Зотан, сен билан У Зотнинг орасида масофа йўқки, уни сенинг юришинг давоми...

4135 17:00 / 31.12.2020