1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

У Зотнинг хоҳиши чексиз

19:00 / 11.11.2025 580 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ

«Айт: «Агар ростгўй бўлсаларингиз, айтинг-чи, сизга Аллоҳнинг азоби ёки Соат келса, Аллоҳдан ўзгага илтижо қиласизларми?» – дегин.» (Анъом сураси, 40-оят).

Ушбу оятда мўъжиза бўлган Қуръон мушрик ва кофирларни нозик жойларидан ушламоқда ва уларни аввало рост гапиришга чақириб:

«Агар ростгўй бўлсаларингиз, айтинг-чи…» – демоқда.

Гапнинг бундай бошланиши уларнинг ҳолини яхши билганидандир. Бу дунёда оддий инсон ҳам бирор кишининг сирини билса-ю, уни иқрор қилмоқчи бўлса, «Ростини айт», деб, олдин уни рост гапиришга чорлаб олади-да, кейин асосий мақсадга ўтади. Бу оятда асосий мақсад, ҳар қандай одам бошига оғир ҳолат тушганда, албатта, Аллоҳни эслаб, Унга илтижо қилиши ва Ундан ёрдам сўрашини тасдиқлашга қаратилган. Кофирларга шу ҳолни эслатиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга топширилмоқда:

«...айтинг-чи, сизга Аллоҳнинг азоби ёки Соат келса, Аллоҳдан ўзгага илтижо қиласизларми? – дегин».

Тажрибада собит бўлишича, инсон оғир ҳолга тушганда, ноилож қолганда, албатта, Аллоҳни эслайди ва Ундан ёрдам сўрайди. Буни кофир ҳам билади. Зотан, «кофир» сўзининг маъноси «тўсувчи»дир. Аллоҳ инсонни очиқ табиатли қилиб яратди, яъни иймонга мойил қилди. Кофир эса ўша табиатини тўсиб, бор Худони йўқ, дейди ёки Унга ширк келтиради. Аммо инсон оғир ҳолга тушганда, унга бирор хавф-хатар қаттиқ таҳдид солганда, ўша тўсиқ очилиб, яна асл табиатига қайтади. Ўшанда у Аллоҳни ёдга олади. Унга илтижо қилади. Ёрдам сўрайди. Ёки «Эй кофирлар, ўшандоқ пайтда сизлар Аллоҳ таолодан бошқага дуо қиласизми?»

ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ

«Йўқ! Фақат Унгагина илтижо қилурсиз. У эса хоҳласа, сиз дуо қилган нарсага кушойиш берур. Сиз эса ширк келтираётган нарсангизни унутурсиз» (Анъом сураси, 41-оят).

Бу дунёда кофир-мушриклар бут-санамларни рози қилиш учун ҳаракат қиладилар. Аввал айтилганидек, Аллоҳдан ўзганинг розилиги исталган, Аллоҳнинг айтгани қолиб, ўзганинг айтгани адо этилган ҳар бир ҳодиса Аллоҳга шерик келтириш ҳисобланади. Худди шундай, Аллоҳдан ўзганинг айтганини қилаётганлар, уларнинг ҳукмига юраётганлар, розилигини излаётганлар бошларига оғир ҳол тушганда «Эй санамим, фирқам, қавмим ёки тузумим, менга ўзинг кушойиш бер», демайди. Балки

«Йўқ! Фақат Унгагина илтижо қилурсиз».

Ҳа, ундай пайтда ҳамма Аллоҳдан ёрдам сўраб, фақат Унгагина мурожаат қилади.

«У эса хоҳласа, сиз дуо қилган нарсага кушойиш берур».

Хоҳламаса, кушойиш бермайди. У Зотнинг хоҳиши чексиз. Бунинг устига, У Зотнинг Ўзи кимга кушойиш беришини Ўз Китобида айтиб қўйган.

«Сиз эса ширк келтираётган нарсангизни унутурсиз».

Ҳа, оғир ҳолатга тушиб қолган мушрик фақат Аллоҳ таологагина ёлворади. Ўзи ширк келтирган ҳамма нарсаларни эсидан чиқаради.

Ҳозирги кунимизда бунга ҳар қадамда далиллар учрайди. Умри бўйи динга қарши курашиб юрганлар ҳам бошига оғир ҳолат тушганда динга рухсат бериб, дин аҳлига, уламоларга яхши гапириб, ўзи ҳам динга мойил эканини изҳор этиб қолади.

Аслида бундай оғир ҳолатлар эслатиш, огоҳлантириш учун экани кейинги оятлардан тушуниб олинади:

ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ

«Батаҳқиқ, сендан олдинги умматларга ҳам расуллар юборганмиз. Сўнгра шояд тазарру қилсалар деб, уларни йўқчилик ва қийинчиликлар ила тутганмиз» (Анъом сураси, 42-оят).

Аллоҳ таоло Ислом умматидан аввалги умматларга ҳам пайғамбарлар юборган. Улардан пайғамбарларнинг даъватига юрмаганларини бало-офатларга дучор қилган ва зиён ила тутган. Бундан, шоядки, бошига оғир кун тушганда ўзига келиб, ҳушини йиғиб, хатосини тушунса ва иймон йўлига юрса, деган мақсад кўзда тутилган. Агар воқеъликка назар соладиган бўлсак, худди шу ҳақиқатни кўрамиз. Авваллари турли ҳолатларда юриб, кейин тўғри йўлга тушиб олганлар билан гаплашсангиз, ҳидоят йўлини тутишларига бошларига тушган оғир мусибат сабаб бўлганини айтадилар. Агар қуръоний мақсад амалга ошиб, бошига бало ва зиён тушганлар тазарру қилиб, ҳидоят ва тақво йўлига тушиб олсалар, яхши бўлар эди.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Ёзилган ажал ўлароқ. Ким бу дунёнинг савобини истаса, унга ўшандан берурмиз. Ким охиратнинг савобини истаса, унга ўшандан давоми...

3231 17:00 / 11.01.2022
Аллоҳ таоло Мулк сурасида марҳамат қилади .У ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканингизни синаш учун яратди. У ўта иззатлидир, ўта давоми...

4413 15:09 / 05.11.2018
Аллоҳ таолонинг .Мунофиқлар ёлғончидирлар,, деб берган гувоҳлиги рост. Мунофиқлар ишончли ваъда берган бўлишларига қарамасдан, ўз дўстларини ёрдамсиз давоми...

2441 19:00 / 24.10.2023
.Батаҳқиқ, Аллоҳ .Албатта, Аллоҳ камбағал, биз эса боймиз,, деганларнинг гапини эшитди. Айтганларини ва расулларни ноҳақ ўлдирганларини тезда ёзиб давоми...

2973 19:00 / 14.02.2023
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021