1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Қулоқнинг ўзи Аллоҳнинг қудратига далил эмасми?

19:00 / 25.11.2025 758 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ

«Сен: «Айтинг-чи, агар Аллоҳ қулоқ ва кўзларингизни олиб қўйса, қалбларингизга муҳр босса, Аллоҳдан ўзга қайси илоҳ уни сизга беради?» – дегин. Оятларни қандай келтиришимизга, сўнгра уларнинг қандай юз ўгириб кетишларига назар сол» (Анъом сураси, 46-оят).

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга амр қилиб, мушрикларга уларнинг кўзини очадиган савол беришни буюрмоқда. Уларни ўз таналаридаги баъзи аъзолари ҳақида ўйлаб кўришга чақир, демоқда:

«Сен: «Айтинг-чи, агар Аллоҳ қулоқ ва кўзларингизни олиб қўйса, қалбларингизга муҳр босса, Аллоҳдан ўзга қайси илоҳ уни сизга беради?» – дегин».

Қулоқ ҳамма инсонда бор. Бу аъзога ҳар лаҳзада инсоннинг иши тушиб туради. Бу одатий ҳол бўлганидан, одам унинг аҳамиятини кўпинча унутиб қўяди. Аммо ҳар бир инсон ақлини жойига қўйиб, инсоф ила ўйлаб кўрсин-чи, қулоқ деб аталмиш муҳим бир аъзони унга ким берган? Турли садоларни қабул қиладиган, уларга қараб кимнинг, ниманинг овози эканини ажратиб оладиган ва яна шунга ўхшаш кўплаб нарсаларга хизмат қиладиган аъзони унга ким берган? Аллоҳдан бошқа бирор зот унга қулоқ бера оладими? Қулоқнинг тузилиши, унинг овозларни эшитиш ва фарқлаш жараёнининг ўзи Аллоҳнинг Холиқлигига ва Унинг чексиз қудратига далил эмасми? Ҳар бир махлуққа қулоқ ато қилиш у ёқда турсин, бутун дунё бирлашиб, бор имкониятларини ишга солганда ҳам бир дона қулоқ ярата олмайди. Ожиз ва нотавон инсон эса Аллоҳ берган ақл ва илмни ишлатиб, Аллоҳ берган қулоққа тушган пардани олиб қўйишни «мўъжиза» деб, ҳовлиқиб юрибди. Кўз, қалб ва бошқа аъзолар ҳақида ҳам узоқ гапириш мумкин. Бу борадаги мутахассислар фикридан огоҳ одам яхши тушунади. Қуръони Каримнинг мақсади – инсон ушбу ҳақиқатга инсоф назари билан қараб, ҳар бири ўзига ваъз-насиҳат олиши ва ўша аъзоларни берган Зотга иймон келтириб, Унга ибодат қилишидир. Аммо кофир ва мушриклар ибрат олмайдилар. Аллоҳ келтирган ҳужжат-далиллар бошқа ёқда қолиб, улар бошқа томонга йўл соладилар.

«Оятларни қандай келтиришимизга, сўнгра уларнинг қандай юз ўгириб кетишларига назар сол».

ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ

«Сен: «Айтинг-чи, агар сизга Аллоҳнинг азоби тўсатдан ёки очиқчасига келса, золим қавмлардан бошқалар ҳалок қилинмайдилар-ку!» – деб айт» (Анъом сураси, 47-оят).

«Золим қавмлар»дан мурод мушрик-кофирлар. Уларга Аллоҳнинг азоби келиши муқаррар. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Қачон ва қаерда бўлмасин – эртами-кечми, тундами-кундузими, тўсатданми ёки аста-секинми, махфийми ёки очиқчасигами, барибир келади. Аллоҳнинг азоби келганда, золим қавмларгина ҳалок қилинадилар. Бас, шундай экан, Аллоҳнинг азоби келмай туриб, ўзларини ўнгласалар, иймон ва Ислом йўлига юрсалар бўлмайдими?

Кейинги оятларда пайғамбарларни юборишдан асосий мақсад турли мўъжизалар зоҳир қилиш эмаслиги, уларнинг вазифаси бошқалиги баён қилинади:

ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ

«Расулларни фақат хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборурмиз. Ким иймон келтириб, ислоҳ қилса, уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар» (Анъом сураси, 48-оят).

Демак, анбиё алайҳиссаломларнинг асосий вазифалари яхшилик йўлига – иймон, Ислом йўлига юрганларга башорат бериш ва ёмонликдан – ширк-куфрдан огоҳлантиришдир. Қисқаси, кишиларни Аллоҳнинг йўлига бошлаш ва уларни тарбия қилишдир.

«Расулларни фақат хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборурмиз».

Одамларнинг вазифаси эса уларга иймон келтириш, эргашиш ва улар кўрсатган яхши амалларни адо этишдир.

«Ким иймон келтириб, ислоҳ қилса, уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар».

Улар иймонлари ва амали солиҳлари туфайли Аллоҳнинг фазли ила жаннатга дохил бўладилар. Уларга келажакда хавфу хатар йўқ. Иймон ва амали солиҳ билан кечган умрлари саодатли бўлгани учун ўтмишларини эслаганда хафа бўлмайдилар.

Аммо ҳамма ҳам иймон келтириб, амали солиҳ қилавермайди. Табиийки, ундай кимсаларнинг ҳоли ҳам бошқача бўлади.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади Сен .Сизларга ана шулардан ҳам яхшироғининг хабарини берайми Тақво қилганларга Робблари давоми...

4886 17:00 / 02.12.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Таврот нозил қилинишидан олдин Исроил ўзига ҳаром қилгандан бошқа ҳамма таом Бану Исроилга ҳалол давоми...

3566 19:00 / 02.11.2021
.Эй Расул Оғизлари ила .Иймон келтирдик, деб, қалблари иймон келтирмаганлар ва яҳудий бўлганлардан иборат куфрга давоми...

2515 19:00 / 28.09.2023
Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади .Эй одамлар Батаҳқиқ, сизга Роббингиздан мавъиза, кўкслардаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди, давоми...

2977 15:53 / 20.10.2018
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151233 14:35 / 11.08.2021