1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Қалбни Аллоҳ таоло Ўзи учун яратган

14:33 / 25.12.2025 1471 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим бераётган барча дуоларнинг туб мақсади шуки, қай ҳолатда, қандай ишда машғул бўлсангиз ҳам, қалбингиз фақат Аллоҳ томонга қарасин. Бу қалбни Аллоҳ таоло Ўзи учун яратган. Бошқа аъзолар кўз, қулоқ, тиллар... дунёвий ишлар учун, улар орқали дунёвий мақсадларга эришилади. Лекин қалбни Аллоҳ таоло холис Ўзи учун яратган. Токи, унда Аллоҳнинг тажаллийси (нури) бўлсин, Аллоҳнинг муҳаббати ила яшнасин, Аллоҳнинг зикри ила обод бўлсин.

Шу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: «Энг афзал амал банданинг тили Аллоҳнинг зикри ила нам бўлишидир».

Тилни Аллоҳ таоло қалбга тушадиган зина қилган. Тил билан зикр қилаверсанг, иншаАллоҳ, у зикр қалбга нақшланиб бораверади. Аллоҳ таолонинг ёди ва муҳаббати шу даражада жо бўлсинки, қалб Аллоҳ таолонинг тажаллийгоҳи (нури тушадиган жой) бўлсин. Тариқат, тасаввуф ва сулукнинг асл мақсади ҳам шудир.

Шайтон иймон ўғрисидир

Ҳожи Имдодуллоҳ Муҳожир Маккий рахматуллоҳи алайҳ бу гапни шарҳлаб шундай дейдилар: «Васваса шайтоннинг амали. Чунки, инсон қалбига айнан шайтон васваса солади ва иймонни ўғирлашга ҳаракат қилади. У иймонга тажовуз қилишни хоҳлайди. Қайси уйда молдавлат бўлса, ўғри-қароқчилар ўша уйга тажовуз қилади. Мол-давлат бўлмаган уйда қароқчи нима қилади? Шу каби шайтон ҳам сизнинг қалбингизга васваса соляптими, қалбингизга тажовуз қиляптими, бу ҳол иймон бойлигининг аломатидир. Агар иймон бойлиги бўлмаса, ушбу «қароқчи» қалб уйингизга кирмаган бўларди. Шу сабабли бу ҳолдан хавотирга тушмаслик керак. Сиз «менинг қалбимда шундай васваса бўляптики, уни тилга чиқаргандан кўра, ёниб ўлиб кетганим яхшироқ», дейишингиз ичингизда иймон борлиги белгисидир. Иймонингиз қалбда бўлаётган васвасани тилга чиқаришга йўл бермаяпти. Агар иймон бўлмаганда, бу нарса ҳам бўлмаган бўларди. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам васвасани иймон аломати деганлар.

Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анху айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қалбда бўладиган куфр ва ширк, фисқ ва фужур васвасасининг ҳукми нима?» деб сўрашди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 

ذَاكَ مَحْضُ الإِيمَانِ

«Бу (васваса) ҳақиқий иймон (аломати)дир», дедилар. Васвасадан қўрқманг, маъюс бўлманг ва ортиқча хавотирга тушманг. Чунки қалбга васваса келиши ҳақиқий иймоннинг аломати экан.

Бир саҳобий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули! Баъзида бизнинг қалбимизга шундай васваса ва хаёллар келадики, ўша хаёлларни гапиргандан кўра, ёниб кул бўлиб кетиш яхшироқ», деди. Яъни, ўша хаёлларни тилда баён қилиш оловда ёнишдан ҳам ёмонроқ туюлади. Бу гапга жавобда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу иймон аломатидир, деганлар.

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 4 апрелдаги 02-07/ 2234-рақамли ва 2023 йил 23 мартдаги 03-07/ 1912-рақамли хулосалари асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Руҳий безовталикдан юқори даражада ҳимояndash Ҳузурҳаловат, хотиржамликка манбаиndash Иммунитетни кучайтирадиndash Руҳан, жисмонан соғломликndash Юрак хасталиги давоми...

3817 11:00 / 22.08.2021
Уламолар Аллоҳ таолонинг наздида қандай мавқега эга эканини биласизми Улар билан муомала қилар эканмиз, уларнинг мавқеларини билишимиз ўта аҳамиятлидир. ndash Эй давоми...

2935 09:00 / 27.04.2023
.Мусулмон мусулмонни қўрқитмайди,. Имом Абу Довуд ривояти. Кўчада машинасини чийиллатиб қўзғатган ёки эшитганда одам музлаб кетадиган қўрқинчли сигналини давоми...

2145 17:31 / 28.10.2022
Намознинг фарз, вожиб ва суннатлари борлиги маълум. Шунингдек, намознинг руҳи ҳам бўлиб, у ният, ихлос, хушуъ ва қалб ҳозирлигидан иборат.Аввал ҳам таъкидлаб давоми...

3608 10:04 / 13.12.2019