1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мерос

Ҳомиланинг мероси

14:10 / 26.12.2025 1289 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ҳомила» сўзи луғатда «ҳамалат, таҳмилу, ҳамлан» феълининг масдари бўлиб, аёл киши юкли бўлганда ҳомиладор бўлди, дейилади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟﭠ

«Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлди ва уни қийналиб туғди. Унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир» (Аҳқоф сураси, 15-оят).

Истилоҳий маънода ҳомила деб она қорнидаги ўғил ёки қиз болага айтилади. Ҳомиланинг бир неча аҳкомлари бўлиб, биз уни имкон қадар, Аллоҳдан ёрдам сўраган ҳолда қисқа шаклда баён қиламиз:

«Мероснинг шартлари» баҳсида мерос қолдирган одам вафот этганида меросхўр албатта тирик бўлиши кераклигини ўрганиб ўтдик. Лекин ҳомиланинг тирик ёки ўлик, ўғил ёки қиз, бир ёки бир нечта туғилиши номаълум. Бу ҳолатлар номаълум бўлгани учун бола туғилмасидан олдин қатъий бир фикр айтишнинг имкони йўқ. Агар бола тирик туғилса, мерос қолдирган одам вафот этган пайтда у тирик эди, деб эътибор қиламиз. Аммо ўлик туғилса, мерос қолдирган одам вафот этганида у йўқ эди, деб эътибор қиламиз. Шу билан бирга, ҳомиланинг ўғил ёки қизлиги ҳам номаълум экан, меросни тўла-тўкис тақсимлаш узрли бўлиб қолади. Лекин ушбу ҳолатда биз тарикани дастлабки тақсимот юзасидан тақсимлаймиз, якуний тақсимотни эса бола туғилгандан кейинга қолдирамиз. Фуқаҳолар ушбу ҳолатдан келиб чиқиб ҳомиланинг ва тариканинг тақсимотида дастлабки тақсимот ҳукмларини тартибга солишган. Имкон қадар ҳомилага фойдали жиҳатларни эътиборга олиб, шунинг чорасини кўришган. Қуйида ушбу аҳкомларнинг баъзисини баён қиламиз.

Ҳомиланинг мерос олиш шартлари. Ҳомила икки шарт билан мерос олади:

1. Мерос қолдирувчи вафот этган вақтда она қорнидаги ҳомила аниқ бор бўлиши лозим.

2. Ҳомила она қорнидан тирик ҳолда туғилиши лозим.

Мулкка эгалик қилишнинг ҳаққи ана шулар билан ҳосил бўлади.

Биринчи шарт ҳомиланинг тирик ҳолда туғилиши билан рўёбга чиқади. Агар ҳомила ўша вафот этган, мерос қолдирган одамнинг фарзанди бўлса, икки йил ёки ундан кам муддатда она қорнидан туғилади. Бу хусусда Оиша розияллоҳу анҳо шундай деганлар: «Бола онасининг раҳмида икки йилдан ортиқ, чархнинг бир айланишича фурсат ҳам турмайди».

Оиша розияллоҳу анҳо бу сўзни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитмаганларида, айтмаган бўлар эдилар. Абу Ҳанифа ва имом Аҳмаднинг бир қавлларида ҳомиланинг она қорнида узоғи билан икки йил туриши мумкинлигини айтилган. Имом Шофеъий ва имом Молик бу муддатни тўрт йил деганлар. Қавллар ичида тўғрироғи – имом Аҳмад мазҳабидаги қавлдир.

Иккинчи шартга кўра ҳомила она қорнидан тушар экан, унда мунтазам ҳаёт аломати бўлиши лозим. Бу аломат йиғлаш, акса уриш ва онасининг кўкрагини эмиш кабилар билан билинади. Ҳанафий уламолар наздида ҳар қандай ҳаракат уни тирик дейишга кифоя қилади. Ҳанбалий ва Шофеъий уламолар наздида эса болани тирик дейиш учун унда узоқроқ муддат ҳаракат бўлиши лозим. Агар сўйилган ҳайвоннинг ҳаракатига ўхшаш озгина ҳаракат бўлиб, сўнгра тўхтаб қолса, уни тирик дейилмайди ва у мерос олмайди. Бу фикрларнинг асли Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларидан келиб чиққан:

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا اسْتَهَلَّ الصَّبِيُّ صُلِّيَ عَلَيْهِ وَوَرِثَ». رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чақалоқда тириклик аломати кўриниб, кейин вафот этса, унга жаноза ўқилади ва у мерос олади», деганлар (Насоий ва Термизий ривоят қилган).

Аммо чақалоқ ўлик туғилса ёки бирор аъзоси тирик ҳолда ажраб, кейин ўлса ва ёки тирик туғилиб, тириклиги мунтазам бўлмаса, мерос олмайди, у йўқ ҳукмида бўлади.

«Ислом шариатида мерос илми» китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Али Собуний
Таржимон
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол Меросга тегишли учта мерос оятларидан бошқа оятлар ҳам борми Жавоб Мерос тўғрисида ушбу уч оятдан ташқари бир неча ояти карималар ҳам келган. Лекин улар давоми...

2195 15:07 / 17.01.2024
Авлнинг таърифи Авл қачон воқе бўлган Илк авл ҳодисаси Авл бўладиган ва бўлмайдиган асллар. Олти нечага авл бўлади Ўн икки нечага авл бўлади Йигирма тўрт нечага давоми...

1321 12:01 / 07.05.2025
1мисол. Савол Бир аёл вафот этиб, ортидан эри, иккита туғишган синглиси ва йўқолган туғишган акаси қолди. Ҳар бир меросхўрнинг улуши қандай бўлади Жавоб Бу ерда давоми...

697 15:55 / 13 февраль
Ислом шариати мерос низомини молиявий низомлар ичида энг гўзал, энг мукаммал ва энг адолатли суратда жорий қилди. Ислом дини инсониятнинг барчаси учун, у хоҳ давоми...

3683 14:21 / 07.05.2024
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021