1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ўрнак

12:05 / 25 январь 2183 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан ўтирган эдилар. Музар қабиласидан бир гуруҳ кишилар келишди. Улар ялангоёқ, кийимлари эскириб кетган эди. Уларнинг фақирлигини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ўзгарди. Уйларига кириб кетдилар. Сўнгра чиқиб, Билол розияллоҳу анҳуни азон айтишга амр қилдилар. Билол розияллоҳу анҳу азон ва иқомат айтди. Намоз ўқилди. Сўнгра хутба қилиб кишиларни садақа қилишга тарғиб этдилар ва қуйидаги оятни ўқидилар:

ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦﭧ ﭨ ﭩﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ

 «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эртага (қиёмат кунига) нима тақдим қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан хабардордир» (Ҳашр сураси, 18-оят).

Бир киши келиб диноридан садақа қилди. Бошқаси дирҳамидан садақа қилди. Яна бири буғдой ва арпасидан садақа қилди. Кимдир кийимидан берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яримта хурмо бўлса ҳам!» дедилар.

Ансорлардан бир киши зўрға кўтарадиган даражада кўп пул билан келди. Кишилар садақа қилишга киришиб кетишди. Масжиднинг ичида таом ва кийим-кечак икки уюм бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлдилар, мусулмонларнинг бир-бирига ўзаро ёрдамлашганидан, бир-бирига раҳм қилганидан юзлари ёришиб кетди. Сўнгра туриб биринчи бўлиб садақа қилган ва кишилар унга эргашган ансорийни мақтадилар:

مَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ كُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا يَنْقُصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ. وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَيِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ كُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا يَنْقُصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ

«Ким исломда бир яхши йўлни бошлаб берса, ундан кейин ўшанга амал қилинса, унга амал қилганларнинг ажрича ажр ёзилади. Бошқаларнинг ажридан бирор нарса камаймайди. Ким исломда бир ёмон йўлни бошлаб берса, ундан кейин ўшанга амал қилинса, унга ўшанга амал қилган кишиларнинг гуноҳича гуноҳ ёзилади. Уларнинг гуноҳидан бирор нарса камаймайди!».

Имом Муслим ривояти, 1017-ҳадис.

Мусулмонлар бошқалардан фарқли ўлароқ, битта миллатдирлар. Улар битта оила. Уларнинг отаси Қуръон, онаси суннатдир. Мусулмонлар бир-бирини тўлдиради. Кучлиси кучсизига ёрдам беради. Бойи камбағалига таом узатади. Тўғри йўлдагиси адашганини тўғрилайди. Юриб кетаётгани қоқилганининг қўлидан тутади. Биттасининг хурсандчилиги уларнинг барчасини шод қилади. Бирининг маҳзун бўлиши бошқаларни ҳам маҳзун этади. Бирор диёрда мусулмон биродари ютуққа эришса, худди ўзи ютуққа эришгандек хурсанд бўлади. Оломон оёғи остида уларнинг бир боласи вафот қилса, худди ўзининг боласи вафот қилгандек хафа бўлади.

«Ким исломда яхши бир йўлни бошлаб берса...» дегани ислом шариатига зид бўлмайдиган ва инсонларга манфаатли амални бошлаб берса, деганидир. Йўқса, биз ким бўлибмизки, бу динга янгилик қўшсак?! Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ

 «Бугун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим!» (Моида сураси, 3-оят).

Яхшиликда биринчи бўлинг. Сизга ким эргашса, ундан сизга ажр ёзилади!

Қизингизнинг маҳрини енгилроқ айтинг. Инсонларга ўрнак бўлинг. Бу ишда сизга ким эргашса, унинг ажри сизга ҳам бўлади.

Садақа лойиҳаларини бошлаб беринг. Яхши бир фикрга шошилинг. Қарздорнинг қарзини тўлаб юборинг. Беморларни даволаш чораларини кўринг. Доим ўзига сўраганлар кичик одамлардир. Бошқалар учун сўраганлар катталашади, кўтарилади.

Яхшиликка калит бўлинг!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўпчилик жамиятлар қатори бизда ҳам улуғ инсонни вафот этганидан кейингина иззатҳурматлаш, кўтаркўтар қилиб, табарруклаш одат бўлиб қолганга ўхшайди. Жуда кўп давоми...

1264 13:14 / 18.09.2025
Ҳофиз Ибн Ҳажар Мақдисий қозилар қозиси мансабига ўтирди. Бир куни у қозиликка ҳашаматли жамоа билан, гўзал кўринишда йўлга тушди. Шу пайт йўлда уларнинг олдини давоми...

1140 12:57 / 14.12.2025
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар .Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил ёшлигингни кексалигингдан, соғлигингни хасталигингдан, бойлигингни давоми...

2512 12:00 / 07.06.2022
Бақувват ва бўйи узун бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтиб кетди. У зот саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Саҳобалар унинг куч ва давоми...

2506 10:20 / 30.12.2024