1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Имом Мотуридийнинг илми каломга оид асарлари

20:02 / 27 февраль 247 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўша вақтда илми калом деб номланган ва ақийда масалалари бўйича баҳс юритадиган илм соҳасида бир неча китоблар ёзганлар. Мазкур китоблардан баъзилари бизнинг давримизгача етиб келган ва чоп қилиниб, кўпчилик фойдаланмоқда. Шу билан бирга, улардан турли манбаларда номлари зикр қилинганлари, лекин бизгача етиб келмаганлари ҳам  бор. Ана шу манбаларда бу китоблар ҳақида баъзи маълумотлар тақдим қилинган. Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг бу соҳадаги китоблари қуйидагилардан иборат:

1.  «Китабут тавҳид».

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг бош асарларидан бири «Китабут тавҳид»дир. Бу китобнинг номи унинг мазмунига далолат қилиб турибди. Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг ушбу асарида мутакаллимлар услуби ила Аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини баён қилган.

1. Муаллиф ўз китобини ақийдада тақлид қилиш борасидаги фикрларни баён этиш билан бошлайди. Сўнгра маърифат ва уни ҳосил қилиш воситалари ҳақида баҳс юритади.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, Мотуридийгача мутакаллимлардан ҳеч ким маърифат назариясига аҳамият бермаган. Кейин келган ушбу соҳа вакилларининг ҳаммалари у кишидан ўрганиб, бу борада сўз юритганлар.

2. Имом Мотуридий ўз китобида жисмларнинг кейин пайдо бўлганига нақлий, ақлий ва ҳиссий далиллар келтирган. У киши худди шу далилларни Аллоҳ таолонинг борлигига ҳам далил қилиб келтиради.

3. Имом Мотуридий Аллоҳ таолонинг борлигига бошқа файласуф ва мутакаллимлардан алоҳида, фарқли бир далил келтиради. Бу далил – дунёда ёмонликнинг борлигидир. Агар оламнинг яратувчиси бўлмаганида, унда ёмонлик бўлмас эди.

4. Имом Мотуридийнинг айтишича, Аллоҳ таоло азалдан Ўзини Ўзи сифатлаган сифатларга эга бўлган. Бунда зотий ва феълий сифатларнинг фарқи йўқ. Аллоҳ таолонинг исмлари фақат шариат манбаларида келганидек бўлиши лозим. У Зотни бошқа исмлар билан номлаб бўлмайди.

5. Имом Мотуридий Аллоҳ таолони кўриш кайфиятсиз бўлишини таъкидлайди. Мазкур кўриш мўминлар учун охиратда бўлиши ва бу дунёда бўлмаслигига Қуръони Карим оятларидан далиллар келтиради.

6. Роҳманнинг Аршга истивоси ҳақида имом Мотуридий қуйидагиларни ёзади:

«Биз бу ҳақда ақлда собит бўлган қуйидаги нарсани айтамиз: Аллоҳ таоло макон йўқ пайтда ҳам бор эди. Маконларнинг йўқ бўлиб кетиши жоиз, лекин У Зотнинг бардавомлиги қандай бўлса, шундайдир. У Зот қандай бўлса, ўшандай тураверади. Ҳозир қандай бўлса, ўшанда ҳам шундай эди. У Зот ўзгаришдан, заволдан, ботилликдан устундир. Биз бу ҳақда Танзилда – Қуръонда келган нарсани айтамиз. Сўнгра унинг таъвилида қатъий нарсани айтмаймиз. Чунки бошқа нарсанинг эҳтимоли бор. Биз Аллоҳ ирода қилган нарсага иймон келтирамиз. Танзил (Қуръон) ила собит бўлган ҳар бир нарса ҳам шунга ўхшаш».

7. Имом Мотуридий «Китабут тавҳид»да Аллоҳ таоло инсонга амал ва ихтиёр ҳаққини бергани ҳақида бир неча оятлар мисолида баҳс юритади.

«Инсон аслида ихтиёри ўзида бўлган иш бажарувчидир. Ҳар биримиз ўзимиз қиладиган нарсада ихтиёрли эканимизни ҳамда биз қилувчи ва касб эгаси эканимизни биламиз. Шунингдек, Аллоҳ таоло инсонга амал ва ихтиёр ҳаққини берган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Нимани хоҳласангиз, қилаверинг!» (Фуссилат сураси, 40-оят)

«Яхшилик қилинглар!» (Ҳаж сураси, 77-оят)

«Қилиб юрган амаллари мукофотидир» (Воқиъа сураси, 24-оят).

«Бас, ким зарра вазнича яхшилик қилса ҳам кўрадир» (Залзала сураси, 7-оят).

Инсоннинг амаллари унинг касбидан бўлса ҳам, албатта, Аллоҳнинг халқи – яратишидандир. Аллоҳ таоло:

«Ҳолбуки, сизни ҳам, қилган нарсаларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» деган (Соффат сураси, 96-оят)».

8. Имом Мотуридий «Китабут тавҳид»да бошқа масалалар қатори, қазо ва қадар масаласига ҳам батафсил тўхталган. У кишининг таъкидлашича, ёмонлик ва маъсиятларни тақдир ва халқ қилиш Аллоҳ таолодан, аммо уларни амалда бажариш ёки бажармаслик бандадан. Банда уларни ўз қудрати, ихтиёри ва қасди ила қилади. Одоб юзасидан маъсиятларни халқ қилиш Аллоҳ таолога изофа қилинмайди.

9. «Мўмин киши зино ва одам ўлдириш каби гуноҳи кабира қилгани учун Исломдан чиқмайди. Иймон ва куфрнинг орасида – икки манзила орасида бошқа манзила йўқ. Икки исмнинг орасида исм ҳам йўқ. Аллоҳ таоло башарни икки қисмга – мўмин ва кофирга тақсимлаган. Аллоҳ таоло:

«Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин. Ким хоҳласа, куфр келтирсин» (Каҳф сураси, 29-оят).

«У сизни яратган Зотдир. Бас, сиздан кофир бор ва сиздан мўмин бор», деган (Тағобун сураси, 2-оят)».

10. Имом Мотуридий «Китабут тавҳид»даги бир неча фаслларни мажусийлар, зиндиқлар, даҳрийлар, софистлар ва бошқаларнинг эътиқодлари ботил эканини баён қилишга бағишлаган.

«Таъвийлоту аҳлис-сунна» тафсирининг ярми мисрлик олимлар томонидан чоп этилган ва кўпчилик фақат шуни билади. Аммо ушбу сатрларнинг котиби Либиядаги Исломга даъват куллияси кутубхонасида бу китобнинг бангладешлик олим томонидан чоп қилинган тўлиқ нусхасини кўрган.

Кейинчалик бу китобни доктор Маждий Босалум таҳқиқ қилди ва 2005 йили Ливанда «Дорул кутубил илмийя» нашриёти томонидан ўн жилдда ва 6230 бетда чоп қилинди.

2. «Китабул Мақолот».

«Китабул мақолот»нинг қўлёзмаси Истанбулдаги кутубхоналардан бирида сақланмоқда. Қўлёзманинг қаердалиги ва рақамлари ҳам маълум.

3. «Китабу байани ваҳмил Мўътазила».

4. «Китабур радди ъалал-Усулил хомса ли Аби Муҳаммад Боҳилий».

5. «Китабур радди авоили адилла лил-Каъбий».

6. «Родду ваъийдил фуссоқ лил Каъбий».

7. «Родду таҳзийбил жадал лил Каъбий».

Ушбу беш китобнинг барчаси ўша вақтда мусулмон оламининг бошига кўпгина фикрий, ақийдавий ва бошқа балоларни келтирган мўътазилий мазҳабининг бузғунчиликларига қарши раддиялардан иборатдир. Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу китоблари ила Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабини ҳимоя қилган, ҳақлигини исбот этган ва мўътазилийларнинг шармандасини чиқарган. Бу жараённинг келиб чиқиши ва қандай кечганини яхшилаб ўрганиш кўп нарсаларнинг ҳақиқатини билиб олишга ёрдам беради. Шунинг учун бу борада бир оз батафсилроқ сўз юритишимиз ўринлидир.

Аббосийларнинг энг кўзга кўринган арбобларидан бири бўлмиш Халифа Маъмуннинг вақтига келиб юнон тилидаги китобларни, хусусан, мантиқ, фалсафа ва фалакиётга оид китобларни таржима қилиш авж олди ва бу ҳаракат давлат сиёсати даражасига кўтарилди.   

Араб тилига таржима қилинган мазкур китоблар катта қизиқиш билан ўрганилди, шарҳ қилинди. Аввал бошда мантиқ, тиб, фалакиёт каби илмларга оид китоблар ўрганилиб, уларда дину диёнатга зарар йўқлиги, аксинча, фойдали нарсалар борлиги хусусида мулоҳазалар айтилган.

Бора-бора мазкур китобларга мафтун бўлиш ортиб борган. Кейин эса худди ўша мафтунлик ила фалсафа ҳамда метафизикага оид китобларга ўтилган ва юнон фалсафасига тақлид қилувчилар кўпая борган.

 Шу билан бирга, ўша пайтда юнон лоҳут фалсафаси ва мантиқ илмидан таъсирланган ва улар асосида мусулмонлар ақийдасига оид ўз фалсафасини тарқатганлар саҳнага чиқдилар. Уларнинг кўзга кўринган ва катта салбий таъсир кўрсатганларидан бири мўътазилалар эди.

«Ҳидоят имоми» китоби асосида тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2023 йил 11 декабрдаги 03-07/9264-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .У киши ансорийлардан бир аёлни куёвникига тушириб олиб бордилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эй Оиша, давоми...

2606 19:02 / 01.10.2021
Муҳаммад ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳнинг иниларининг вафотиМуҳаммад ибн Мункадир ибн Абдуллоҳнинг кунялари Абу Абдуллоҳ ишончли, фозил, ровий ҳисобланиб, улуғ давоми...

2229 09:00 / 23.12.2022
Жамолхон қори Камолхон ўғли 1941 йил Наманган вилояти Уйчи тумани Ёрқўрғон қишлоғи Хўжаобод маҳалласида таваллуд топганлар. Оталари Камолхон бува деҳқончилик давоми...

3376 17:00 / 05.08.2022
Ёфиъий ўзининг .Миръотил жанон, китобида келтиради .Халифа Валид ибн Абдулмалик вафот қилганидан сўнг унинг ўрнига укаси Сулаймон халифаликка ўтирди. Сулаймон давоми...

2792 10:14 / 02.01.2023