1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Исломий адолатнинг ёрқин намунаси

18:52 / 27.03.2017 4910 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Амр ибн Ос музаффар саркарда ва ҳайбатли амир бўлишларига қарамай, иш давомида йўл қўйилган баъзи хатолари учун халифадан танбеҳ ёки жазо олганларида ҳам хафа бўлмас эдилар.

Мисрда уюштирилган от пойгасида бир насроний, қибтий йигит Миср волийси Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг ўғилларидан ўзиб кетади. Шунда Амр ибн Оснинг ўғиллари қибтий йигитни «Ҳали сен хожанинг ўғлидан ўтиб кетадиган бўлдингми?» деб, бир қамчи уради. 

Қибтий йигитнинг отаси Мадинага бориб, халифа ҳазрати Умарга арз қилади. У киши Амр ибн Оснинг ўзини ҳам, ўғлини ҳам чақиртирадилар. Улар етиб келишади. Катта мажлисда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларга «Қачондан бери оналаридан ҳур туғилган одамларни қул дейдиган бўлиб қолдиларинг?» дейдилар ва қибтийга қамчини бериб, «Бу хожанинг ўғлини яхшилаб савала», дейдилар. 

Қулоқларига ишонмай турган қибтий йигит волийнинг ўғлини уриб, қамчини халифага узатади. Аммо ҳазрати Умар «Энди отасини ур», дейдилар. Қибтийнинг ҳайрон бўлиб турганини кўриб, «Бу сени отасига ишониб урган» дейдилар. Қибтий йигит бу адолатга қойил қолиб, шу жойдаёқ калима келтириб, мусулмон бўлади ва ҳаққидан кечиб, Амр ибн Осни уришдан воз кечади.

Шунда ҳазрати Умар унга «Аллоҳга қасамки, агар сен уни урганингда, ўзинг тўхтамагунингча ҳеч ким сени тўхтатмас эди», дейдилар.

Бу ерда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг улуғ саҳобий, шавкатли лашкарбоши Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг ўғлини бир ғайридинга калтаклатганларига ажабланиш керак эмас. Калтак еган одамнинг ҳаққини уни урган одамдан олиб берганлари-ку майли, аммо буюк саҳобий Амр ибн Оснинг ўзларини ҳам калтаклашга ҳукм қилганлари-чи? Бироқ, бунга ҳам ажабланиш керак эмас. Чунки ҳазрати Умарнинг бундан ҳам ақл бовар қилмас адолатларига тарих кўп бор гувоҳ бўлган. Қолаверса, халифа ҳазрати Умар бу одил ҳукм билан ўз бурчларини адо этдилар, холос. Бу ердаги ажабланадиган нарса – ғайридин киши мусулмон волийнинг устидан мусулмонларнинг халифасига шикоят қилиш учун Мисрдан Мадинага арзга борганидир. Агар бу одам Ислом адолатидан, ҳурриятпарварлигидан умидвор бўлмаганида, ноҳақ одам устидан адолатли ҳукм чиқарилишига аниқ ишонмаса, бундай қилмас эди. Чунки унинг ўз юртида, ўз қавмида қулчилик ниҳоятда ривожланган эди. Бу Исломдаги мутлақ адолатига ишонгани учунгина шу узоқ сафарга отланган эди.

Бугунги куннинг мезони билан қаралса, жамиятнинг энг паст табақасидан бўлган оддий фуқаро бир вилоятнинг ҳокими устидан давлат раҳбарига шикоят билан бевосита, шахсан мурожаат қилган, давлат раҳбари эса вилоят ҳокимининг ноҳақлигини аниқлаб, кўпчиликнинг олдида уни жазолаган эди.

Ҳа, Ислом ўн беш аср илгари ана шундай оламшумул ишни амалга оширган эди. 

Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда ҳам юртимизда ана шундай ижтимоий адолат тикланмоқда.

Аллоҳ таоло юртимизда адолатни, ҳақиқатни устувор қилгани рост бўлсин.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қаламига мансуб «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумининг «Пешқадамлар розияллоҳу анҳум» номли 24-жузидан олинди



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Мусодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳеч бир кимса ёки ҳеч бир нарса Аллоҳ азза ва жаллачалик ўзи эшитган озорларга сабр қила олмайди. давоми...

3257 05:00 / 03.03.2017
Абу Барза алАсламийдан ривоят қилинади.Ё Расулуллоҳ Мени жаннатга киритадиган амалга далолат қилинг,, ndash дедим. .Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб давоми...

3580 05:00 / 03.03.2017
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Албидая ван ниҳая, номли китобида келтиради.Жуъайф Самарқандий Аббосий халифалардан бўлган Мўътазиднинг дўсти эди. Бир куни у давоми...

2821 17:00 / 03.04.2022
Отаонани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир дин ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Отаонанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи давоми...

5449 05:00 / 02.03.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021