1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Улар от гўштини ҳаром деб эътиқод қилишади.

20:08 / 27.04.2016 4183 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ: Мен ҳозирда яшаб-ўқиб турган давлатда турк биродарларимиз билан муносабатларим бор. Улар от гўштини ҳаром деб эътиқод қилишади. Ваҳоланки, мен ўқиган «Ибодати Исломия» китобида отни ейиш мумкин, лекин қурбонликка сўйиб бўлмайди, дейилган. Тўғри ҳукм қайсиниси? Қимматли жавобларингиз учун олдиндан миннатдорман. Самимий эҳтиром ила, Искандарбек.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
От гўшти ва сути ҳақида кишиларимиз ичида савол кўп бўлиши эътиборидан бу масалани алоҳида зикр қилиб ўтишни мақ-садга мувофиқ деб топдик.
Аввал бир ҳадис ўрганайлик.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни хонаки эшакларнинг гўштидан наҳий қилдилар ва йилқининг гўштига изн бердилар».
Ушбу ҳадисни беш асл китобда ривоят қилинган.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Хонаки эшакларнинг гўшти ҳаром экани.
2. Йилқининг гўшти ҳалол экани.
Асма розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида от сўйдик ва уни едик».
Икки шайх ривоят қилган.
Ушбу ва яна шунга ўхшаш баъзи ривоятларга асосланиб жумҳур уламолар отнинг ҳалоллиги ҳақида иттифоқ қилишган.
Аммо Имом Абу Ҳанифа ва Имом Молик розияллоҳу анҳумолар от гўшти макруҳ, деганлар. Улар ўзларининг бу фатволарига «Наҳл» сурасидаги:
«Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратур», оятини далил қиладилар.
Уларнинг фикрларича, ушбу ояти каримада зикр қилинган ҳайвонлар ейиш учун эмас, миниш ва зийнат учундир.
Шунингдек, мазкур имомларимиз баъзи бир ҳадиси шарифларда ҳам отнинг гўштини тановул қилишга изн берилмаганлигини эслатиб ўтадилар.
Имом Абу Довуд ва имом Насаийлар Холид ибн Валид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам от, хачир ва хонаки эшакларнинг гўштини емоқдан қайтардилар», дейилган.
Ал-Миқдом ибн Адий розияллоҳу анҳу-дан ҳам шу маънода ривоят келган.
Жумҳур уламолар жумладан Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг бош шогирдлари Имом Абу Юсуф ва Имом Му-ҳаммад раҳматуллоҳи алайҳлар ҳам от гўшти ҳеч кароҳатсиз ҳалолдир, деганлар.
От гўштининг ҳалоллиги ҳақида қаттиқ турган уламоларимиз, мазкур гўштни емаслик ҳақида келган ҳадислар вақтинчалик, жиҳод учун от минишга ҳожат кучайганда айтилган гаплар бўлиб, кейинчалик насх қилинган дейдилар.
Энг қизиғи, амалга келганда ҳанафийлар жумҳурнинг, жумладан, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимларнинг фатволарига амал қилганлар.
Шофеъийлар эса, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг фатволарига амал қилганлар. Бу шариатимиздаги ҳурфикрлилик ва кенгчиликнинг бир намунасидир. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бойиб кетиш учун .Мулк, сурасини ҳар кечада ўқиб туриш керак, дейишди. Баъзилар эса .Воқеа, сурасини ҳар куни ўқишни таклиф қилишди. Ўзи қайси сурани ёки дуони ўқиб давоми...

7391 16:26 / 27.04.2016
СаволАссалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари Ийд Ал Фитр муборак Масжидга бомдодга кириб бориб, фитр садақасини бириш ниятимиз бўлсада, йўлакда турган қутини давоми...

4041 16:30 / 24.12.2017
quotАёлларнинг қилган гуноҳларига уларга масъул бўлган эркаклар ҳам шерикларquot деган гапни эшитганмиз. Турмушга чиққан синглиси ёки опасига ака ёки ука жавобгар давоми...

4003 15:44 / 26.04.2016
СаволХурматли хазрат саволим офтобди исиган сувдан фойдаланиш хақида, бизнинг масжидда бочка ва обдасталарга сувни қуйиб, кун тегадиган жойда қўйиб иситишади ва давоми...

7174 08:10 / 14.01.2018
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021