1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир

22:01 / 30.04.2017 4309 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир. Сизларнинг яхшиларингиз хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир», дедилар». 

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийcи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан аввал танишганмиз. Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли хулқнинг комил иймонга сабаб бўлишини баён қилиш билан бирга, биз мусулмонларни яхши хулқли бўлишга тарғиб қилмоқдалар.

Ислом ҳусни хулққа катта эътибор беради. Бу ҳақда Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлар жуда кўп. Буни ўз навбатида келадиган бобларда кўриб чиқамиз. Аммо бу ҳадиси шарифнинг комил иймон бобида келтирилишига сабаб – ҳусни хулқнинг иймон комил бўлишида ҳам муҳим омил эканини таъкидлашдир.

Яхши хулқ очиқ чеҳралик, кишиларга озор бермаслик, уларга яхшилик қилишдир. Яхши хулқли инсон икки дунё саодатига эгадир. Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз алайҳиcсалом иймоннинг камолини хулқнинг яхшилигига боғлиқ қилиб қўймоқдалар. 

«Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир», яъни, мўминнинг хулқи қанчалик яхши бўлиб бораверса, иймони шунча мукаммал бўлиб бораверади. Яхши хулққа бундан ҳам ортиқ тарғиб қилиш мумкинми? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиш давомидаги хулосалардан бири шуки, бирор аҳамиятли мавзу омматан баён қилинганидан сўнг ортидан ўша мавзуга тегишли энг муҳим нарса алоҳида таъкидлаб қўйилади. Ушбу ҳадиси шарифда: 

«Сизларнинг яхшиларингиз хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир», деб таъкидланмоқда.

Нима учун? Ҳаётий тажриба шуни кўрсатадики, кўпчилик бошқалар билан яхши муомалада бўладилар-у, хотинлари билан муносабатда бадхулқ бўладилар. Бундайларни халқимиз «кўча хандон, уй зиндон» дейди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша ҳолатни эътиборга олиб, яхши хулқ иймон камолоти сабаби эканини айтганларидан сўнг, бунда фақат бегоналар билан муносабатгина эмас, балки энг аввало ўз хотинига нисбатан яхши хулқли бўлиш зарурлигини таъкидлаб қўйдилар.

Ҳусни хулқни иймон мукаммаллиги учун шарт қилиб қўйиш Ислом учун, мусулмонлар учун ҳар қанча фахр қилса арзийдиган ишдир.

Хотинларига яхши муомалада бўлганлар мусулмонларнинг энг яхшилари, деб алоҳида таъкидлангани эса Исломда аёлларнинг ҳақлари қанчалик устун қўйилишини кўрсатади.

Ушбу ҳадисдан оладиган фойдамиз икки улкан фойдадан иборатдир:

1. Ҳусни хулқли бўлиш.

2. Хотинга яхшилик қилишни йўлга қўйиш.

Ҳадиси шарифнинг ҳикматига инсоният қанчалар муҳтож эканини ҳар онда, ҳар қадамда кўриб-билиб турибмиз. Чунки ушбу ҳадисда зикр этилган нарсалар орқали ҳар бир инсоннинг ижтимоий ва оилавий ҳаёти қоим бўлади. Бунга инсоннинг ҳар лаҳзада иши тушади. Шу боис гўзал ахлоқли бўлишга ҳаракат қилайлик, мўминлар ичида энг мукаммал иймонлиси бўламиз. Хотинларимизга яхшилик қилишга уринайлик, мусулмонларнинг энг яхшиларидан бўламиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Амр ибн Авф Ансорийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади..Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳни Баҳрайннинг жизясини олиб келиш учун давоми...

3909 10:40 / 07.07.2018
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Аллоҳ азза ва жалла Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин ваҳийни орқамаорқа туширди, ҳаттоки давоми...

3377 08:10 / 11.02.2018
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг байъатини .ва Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмасликлари..., оятига биноан сўз давоми...

3581 10:35 / 10.08.2017
. ,. . 6464. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг анбиёлардан бири ҳақида ҳикоя қилиб давоми...

2006 08:37 / 29.12.2018
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021