1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Энг катта касод

14:00 / 13.09.2021 8697 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Касодга учраган кимлигини биласизларми?» дедилар.

«Бизнинг ичимизда касодга учраган дирҳами ҳам, матоҳи ҳам йўқ одам», дейишди.

«Албатта, умматимдан касодга учрагани қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган, аммо буни сўккан, буни зинода айблаган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одамдир.

Бунга унинг савобларидан берилур, анавинга ҳам унинг савобларидан берилур. Агар унинг зиммасидаги нарса тамом бўлмасдан аввал савоблари тугаб қолса, уларнинг хатоларидан олиниб, унинг устига ташланур. Сўнгра у дўзахга ташланур», дедилар».

Шарҳ: Тўлиқ маънода касодга учраган одам бу дунёда одамларга ёмонлик қилган киши экан. Ушбу ҳадиси шарифда ўша касодга учраганларнинг энг яхшиси ҳақида сўз кетмоқда. Чунки у қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган бўлади.

Аммо у бу каби ибодатлар билан келган бўлса ҳам, ўша даҳшатли кунда оғир аҳволда қолади. Чунки у бу дунёда буни сўккан, буни зинода айблаган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одам бўлган эди.

Шу ерда кишини касодга учратадиган, унинг ибодатларини ҳам пучга чиқарадиган ёмонликлардан ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинганларини санаб ўтайлик:

1. Бировни сўкиш.

2. Бировнинг обрўсини тўкиш.

3. Бировнинг молини ейиш.

4. Бировнинг қонини тўкиш.

5. Бировни уриш.

Мана шу ишларни қилган одам қиёмат куни касодга учраши турган гап. Аввал ўша касодга учраган бахтсизнинг савоблари бўлса, уларни олиб, ундан ёмонлик кўрган бечораларга тақсимлаб берилади.

Кейин эса мазкур касодга учраган бахтсизнинг устига бу дунёда унинг ёмонлигидан зарар топган бечораларнинг гуноҳлари юкланади.

Охирида ўша касодга учраган бахтсиз жаҳаннамнинг қаърига улоқтирилади.

Ана, кўрдингизми, бировни сўкиш, бировнинг обрўсини тўкиш, бировнинг молини ейиш, бировнинг қонини тўкиш ва бировни уриш қандай ҳам ёмон иш! Бас, буларга ўхшаган ёмон ишлардан сақланайлик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бировга унинг обрўсидами ёки бошқа нарсадами, озгина зулм қилган бўлса, бугун – динор ҳам, дирҳам ҳам бўлмай қолмасдан аввал ундан розилик сўраб олсин. Агар унинг солиҳ амали бўлса, ундан қилган зулми миқдорича олинади. Агар унинг савоблари бўлмаса, соҳибининг (ҳақ эгасининг) гуноҳларидан олиб, унга юкланади», дедилар».

Бухорий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бирорта золим ўзининг заррача зулмига жазо олмай қолмайди. Агар у бу дунёда жазодан қочиб қутулган бўлса ҳам, у дунёда қочиб қутула олмайди. Золимдан олинадиган ўчнинг энг оддийси – қиёматда унинг савобини мазлумга ёки мазлумнинг гуноҳини унга олиб бериш билан бўлади.

Шунинг учун бу дунёда ҳар қанча кичик зулмни ҳам оз санамасдан, мазлумдан ўз ҳаққини ҳалол қилишни сўраб олиш зарур. Акс ҳолда, охиратда қийин бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Бировга унинг обрўсидами ёки бошқа нарсадами, озгина бўлса ҳам зулм қилиш мумкин эмаслиги.

2. Ким бировга зулм қилган бўлса, ўлимидан аввал ундан розилик сўраб олиши зарурлиги.

3. Агар бировга зулм қилган одамнинг солиҳ амали бўлса, қиёматда ундан қилган зулми миқдорича олиниши.

4. Агар бировга зулм қилган одамнинг савоблари етмаса, қиёматда соҳибининг (ҳақ эгасининг) гуноҳларидан олиб, унга юкланиши.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, қиёмат куни ҳақларни ўз аҳлига адо қилинур. Ҳаттоки, шохли қўйдан шохсиз қўйга ўч олиб берилади», дедилар».

Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу дунёда баъзи бир ёмонлар ўз ёмонлигининг баъзисининг жазосидан қутулиб қолиши мумкин. Аммо қиёмат куни ҳеч бир ҳақ зое бўлмайди. Ҳар бир нарса ўз ўрнини топиши муқаррар. Бунда фақат одамлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқларгина эмас, балки барча махлуқотлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқлар ҳам ўз эгасини топадилар.

Ҳаттоки бу дунёда ўзининг шохи борлигидан фойдаланиб, шохсиз қўйни сузган қўйдан ҳам ўч олинади. Бас, шундай экан, одам болалари ҳам ўзларининг «шох»ларини ишга солиб, ўзгаларнинг ҳаққини поймол қилишга урина кўрмасинлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизда асосан иштаҳа очиш учун турли салатларга қўшишда ва тузламалар тайёрлашда фойдаланидиган бу мўъжизавий неъмат тарихий манбаларда бундан ўн минг йил олдин давоми...

4533 16:41 / 26.01.2025
Бир подшоҳ бир киши қўлига сават тутқазиб .Ушбу боғдаги мевалардан кеч киргунча териб чиқ,, деди. У одам боғга кирди. Биринчи қаторда ажойиб, бирбиридан ширин давоми...

2342 17:00 / 05.11.2021
Болакай дўконга кириб, четда турган сандиқни у ердаги телефон хонасига олиб кирди ва устига чиқиб, қўнғироқ қила бошлади. Дўкон эгаси болакайнинг ҳаракатига назар давоми...

1854 17:11 / 20.09.2024
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Албидая ван ниҳая, китобининг 11 чи жузида келтиради.Қози Юсуф ибн Яъқуб катта уламолардан эди. Аббосий халифалардан Мўътазид уни давоми...

3391 17:00 / 17.03.2022
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021