1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Албатта, дин осондир

09:10 / 30.08.2017 4216 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади. Бас, тўғри амалда бўлинглар, яқинлашиб юринглар, яхшилик башоратини беринглар. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига динда чуқур кетиб, ашаддийлашиб, ўзини қийнамасликка, ўртача иш тутиб, иложи борича камолга яқин бўлиш учун уринишга, доимо яхшилик башоратини беришга, қулай фурсатларни бой бермай, улардан фойдаланиб қолишга чақирмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни васф қилиб:

«Албатта, дин осондир», демоқдалар.

Яъни, дин аслида осонликдан иборатдир. Унинг барча таклифлари осондир. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқдир. Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари «Ислом шариати кўрсатмаларини бажариш қийиндир», деб сафсата сотувчилар зиддига қаттиқ раддиядир.

Дарҳақиқат, Ислом осонликдан иборат. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқ. Ҳақиқий инсондек яшаш қасдида бўлган одам буни дарҳол тушуниб етади. Чунки Ислом ҳақиқий инсонлар учун Аллоҳ томонидан юборилган кўрсатмалар тўпламидир. Шу билан бирга, Исломнинг осонлигига паст назар билан қараб, ўзига уни қийинлаштиришга уринганлар ҳам хато қиладилар.

«Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади». 

Яъни, динда чуқур кетиб, ҳаддан ошиб, ўзича кўп амалларни қилиб, шуҳрат топмоқчи бўлса, енгилиб қолади. Бундай одамлар бориб-бориб йўлдан чиқадилар. Йўлдан чиқиш турлича бўлиши мумкин. Баъзилар ортиқча уриниб, ўзини уринтириб қўйиб, кейин малол олиб, ҳамма нарсани ташлаб юборади. Бошқалар эса ашаддийлашиб, динда йўқ нарсаларни ҳам қилиб, бошқаларни ҳам шунга ундаб, ўзи ҳам адашади, ўзгаларни ҳам адаштиради. Ундай одамлардан диннинг ғолиб келишининг маъноси шудир.

«Бас, тўғри амалда бўлинглар»

Яъни, шариатда кўрсатилганича тўғри амал қилинг, ошириб ҳам юборманг, камайтириб ҳам қўйманг.

«Яқинлашиб юринглар»

Яъни, шариат кўрсатган чегарага яқинлашиб юринглар. Ундан чиқиб ҳам кетманглар, узоқда ҳам қолманглар.

«Яхшилик башоратини беринглар».

Яънидоимо ишни яхшиликка йўйинглар. Доимо яхшиликдан гапиринглар, яхши гапларни гапиринглар ва яхшиликни кутинглар.

«Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг».

Ушбу жумладаги «Ёрдам талаб қилинг» дейишдан мурод «Нафл ибодат қилинглар. Доимо ибодат билан машғул бўлсангиз, қийналиб кетасиз. Шунинг учун орани узиб-узиб, дам олиш вақтларида қилсангиз, яхши бўлади», дейишдир.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Ислом дини осонлик дини экани.

2. Унда ашаддий бўлмаслик кераклиги.

3. Ким Исломда ашаддий бўлишга уринса, ўзи мағлуб бўлиши.

4. Шариат кўрсатмасига амал қилиш лозимлиги.

5. Шариат чегарасига яқинлашиб юриш.

6. Яхшилик башорати ила яшаш кераклиги.

7. Мазкур вақтларда ибодатнинг ғанимат бўлиши. 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Райён деб номланади. Қиёмат куни рўзадорлар давоми...

2623 05:00 / 24.03.2023
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мусулмон қабрида сўралганда, .Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг давоми...

4203 09:20 / 01.06.2018
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам елкамдан ушлаб, .Бу дунёда худди ғариб ё бир йўловчидек бўлгин, дедилар,.Ибн давоми...

3509 08:05 / 29.07.2018
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод давоми...

1204 12:31 / 14.05.2025
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021