1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Ижаранинг саҳиҳлиги шартлари

16:30 / 22.09.2017 5955 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

I. Ижарага оид шарт.

Икки томоннинг розилиги.

II. Ижара қилинган нарсадаги шартлар:

1. Ижара қилинган нарса низони ман қиладиган даражада маълум бўлиши шарт.

Бунда ундан келадиган манфаат очиқ-ойдин бўлиши, шунингдек, ижаранинг муддати, агар ижара бирор меҳнат тури билан боғлиқ бўлса, қилинадиган ишнинг тури ҳам аниқ бўлиши шарт.

«Ундан келадиган манфаат очиқ-ойдин бўлиши шарт», деганимизнинг маъноси шуки, мисол учун, бир одам «Ушбу икки уйдан бирини сенга ижарага бердим», деса, ижара дуруст бўлмайди. Чунки фойда келтирадиган жой, яъни бу икки уйдан қайсиси ижарага берилиши аниқ эмас. Бундай ҳолатда кейин низо чиқиши турган гап.

«Муддат аниқ бўлиши шарт», дейилганда ҳам худди шу сабаб кўзда тутилган. Муддат маълум бўлмаса, манфаат ноаниқ бўлади, бунда ҳам кейинчалик низо келиб чиқади.

«Ижара бирор меҳнат тури билан боғлиқ бўлса, қилинадиган ишнинг тури очиқ-ойдин бўлиши шарт», дейилганда ҳам айнан шу ҳикмат кўзда тутилган. 

Бир одамни қиладиган ишини аниқ айтмай ишга олишда ҳам ноаниқлик бор, бунда ҳам кейин низо келиб чиқиши мумкин. Демак, аввало иш нимадан иборат эканлиги, мисол учун, қурилишми, қассобчиликми, деҳқончиликми ёки бошқами, аниқ айтилиши шарт. Кейин эса ана шу ишнинг миқдори ва сифатига ҳам келишиб олинади. «Сенга фалон сўм пул бераман, битта чуқур қазиб берасан», дейиш билан иш битмайди. Чуқурнинг кенглиги қанча, чуқурлиги қанча, ернинг қаттиқ-юмшоқлиги ва бошқа майда-чуйда томонлари ҳам келишиб олиниб, икки томон рози бўлганидан кейин иш бошланади.

2. Ижара қилинган нарса воқеъликда фойдаланиш мумкин бўлган, шариатда рухсат берилган нарса бўлиши керак.

Мисол учун, қочиб кетган уловни ижарага қўйиш мумкин эмас. Чунки ҳақиқатда ундан фойдаланиб бўлмайди.

Шунингдек, ҳайз кўрган аёлни масжидни супуришга ишлатиб бўлмайди. Чунки шариатда ҳайзли аёлнинг масжидга кириши мумкин эмас.

3. Ижара қилинган нарса шаръан жоиз бўлиши шарт. Одам ўлдириш, ҳаром ишларни қилиш, сеҳр ўргатиш каби гуноҳ бўладиган ишларда ижара қилиб бўлмайди.

4. Ижарага адо этиладиган юмуш иш бажарувчига битим тузмасдан аввал ҳам фарз ёки вожиб бўлмаслиги шарт. Шунинг учун ҳам намоз, рўза ва бошқа ибодатларни ижарага адо этиб бўлмайди. 

Шунингдек, ҳанафийларнинг «Ўз зиммасидаги нарсага ижара ҳаққи олиш жоиз эмас», деган қоидалари ҳам бор. Шунинг учун аёл киши ўз уйи хизматлари учун эридан ҳақ талаб қилмайди. Чунки бу унинг ўз зиммасидаги хизматидир.

5. Ижарага иш қилган одам ўша ишидан ўзи манфаат олмаслиги керак.

Шунинг учун ҳам тоат-ибодатларга ижара жоиз эмас. Чунки уларни бажарган одам биринчи ўринда ўзи манфаат олади. 

Бир одамга «Ушбу буғдойни тортиб, ун қилиб берсанг, иш ҳаққингга ўша ундан бунча оласан», дейиш ва шунга ўхшаш бошқа ишлар ҳам ушбу қаторга кирадими, йўқми, деган масалада Ҳанафий ва Шофеъий маз­ҳаблари «Киради», деганлар. Ҳанбалий ва Моликий мазҳаблари эса «Кирмайди», деганлар.

III. Ижара ҳаққи учун бериладиган нарсадаги шарт­лар:

1. Ижара ҳаққи учун бериладиган нарса маълум, вужуди бор мол бўлиши шарт.

Номаълум нарсани ижара ҳаққи қилиб бўлмайди. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким биров билан ижара муомаласини қилса, ижара ҳаққини маълум қилсин», деганлар. 

Шу маънода иш ҳаққига таомни қўшиб бўлмайди, чунки унинг қиймати қанча бўлиши маълум эмас.

2. Ижара ҳаққи ижарага қўйилган нарсанинг жинсидан бўлмаслиги шарт.

Мисол учун, бировнинг уйида ижара турганининг ҳаққига ўзининг уйини яшашга бериб туриш мумкин эмас. Бу муомала рибога ўтиб қолади.

Ижарага оид масалалар ниҳоятда кўп бўлиб, фиқҳ китоб­ларимизда анчагина саҳифаларни эгаллагандир. Ижара иши билан шуғулланадиган кишилар ана шу маълумотларни яхшилаб ўрганиб олишлари лозим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нархни ҳаддан ташқари ошириб юбормаслик ҳам мусулмон савдогарнинг юксак одобидир.Баъзи савдогарлар иложи борича қиммат қилиш пайидан бўладилар. Бу одат ҳам яхши давоми...

5613 08:01 / 18.07.2020
Абдул Мажид ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Менга алАддаау ибн Холид розияллоҳу анҳу.Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ёздириб давоми...

4405 05:00 / 17.02.2017
Ҳожати тушганда ўзини хору зор тутиб, синиқлик кўрсатиб, ялинибёлвориб юрган одамлардан баъзилари иши битиб, ҳожати раво бўлганидан кейин қарзни инкор қилиш давоми...

8255 11:12 / 12.11.2020
.Қарз, луғатда .қирқиш, маъносини билдиради. Чунки қарз берувчи ўз молидан маълум бўлакни қирқиб, қарзга беради.Шариатда эса, бошқа кишига бир нарсани унинг давоми...

8745 05:00 / 17.02.2017
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151233 14:35 / 11.08.2021