1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 97-оят

08:25 / 23.10.2017 4948 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Айтки, ким Жаброилга душман бўлса, албатта, ул у(Қуръон)ни сенинг қалбингга Аллоҳнинг изни билан ўзидан олдингини тасдиқловчи ва мўминлар учун ҳидоят ва хушхабар қилиб олиб тушди. Бақара 97.

«Жаброилга душман бўлганлар» яҳудийлардир. Улар фаришта Жаброил алайҳиссаломни ўзларига душман ҳисоблашар эди. Бунга далил ўлароқ, имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган бир суҳбатдан парча келтирамиз. Бир куни яҳудийлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан узоқ суҳбат қурдилар. Улар:

– Ҳар бир пайғамбарнинг хабар келтирадиган фариштаси бўлади. Бизга айт-чи, сенинг соҳибинг ким? – дедилар. У киши:

– Жаброил алайҳиссалом, – дедилар. Улар:

– Жаброил урушни, жангни, азобни туширади, у бизнинг душманимиз. Раҳмат, ёмғир ва набототларни олиб тушадиган Микоил, десанг, яхши бўларди», – дедилар.

Бану Исроилнинг бузуқлиги шу даражага етдики, улар ўзларига нима ёқмаса, ўшани душман тутишар эди. Ҳолбуки, бу душманлик ўзларининг табиатларидаги бузуқликдан келиб чиқар эди. Жаброил алайҳиссалом фаришталарнинг пайғамбари, Аллоҳ таоло уни ваҳийга амин қилиб қўйган. Ҳамма пайғамбарларга Аллоҳнинг ваҳийсини етказади. Жумладан, Мусога ҳам, Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам. Лекин яҳудийлар ўзларича ҳукм чиқариб, «Жаброил душманимиз, Микоил дўстимиз», деб ажратиб олганлар. Аслида эса икковлари ҳам Аллоҳнинг фаришталаридир. Аллоҳ Жаброил алайҳиссаломни ваҳийчи, Микоил алайҳиссаломни эса ёмғир ва набототларга вакил қилиб қўйган. Уламолар «Жаброил» сўзининг луғавий маъноси Абдуллоҳ (Аллоҳнинг бандаси) ёки Ходимуллоҳ (Аллоҳнинг хизматчиси) эканини айтганлар.

Аллоҳ таоло ушбу оятда Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, «Жаброилга душман бўлганларга айт, билиб қўйишсин, албатта, Жаброил Қуръонни сенинг қалбингга ўзидан олдинги нарсани, яъни илоҳий китобларни, жумладан, яҳудийларнинг самовий китоби бўлмиш Тавротни ҳам тасдиқловчи, мўминларга ҳидоят йўлини кўрсатувчи, уларга жаннатнинг башоратини берувчи қилиб, Аллоҳнинг изни билан нозил қилди», – дейди.

Маънодан билиниб турибдики, яҳудийлар ўзларининг Қуръони Каримга, Исломга иймон келтирмасликларига ваҳийни Жаброил алайҳиссалом олиб келганини сабаб қилишяпти. Яъни «Янги Пайғамбар Муҳаммадга Аллоҳнинг хабарини, Қуръонни бизга душман бўлган Жаброил олиб келган бўлса, қандай қилиб биз унга иймон келтирайлик», дейишмоқчи. Бу уларнинг иймондан қочиш учун топган ҳисобсиз баҳоналаридан биридир. Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг бу баҳоналари ҳам ботил эканини баён этмоқда. Аввало, Жаброил Қуръонни ўз номидан олиб келгани йўқ, балки Аллоҳнинг изни билан олиб келди. Қолаверса, Қуръон яҳудийлардаги бор нарсани йўққа чиқараётгани йўқ, балки улардаги Тавротни тасдиқловчи бўлиб келмоқда. Шунингдек, Қуръон душманлик ёки нафрат қўзғатадиган нарса эмас, балки мўминларга ҳидоят ва жаннат башоратини келтирган илоҳий китобдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, давоми...

8734 14:52 / 21.06.2017
Қасос олишда сизларга ҳаёт бор, эй ақл эгалари Шоядки, тақво қилсангиз. Бақара 179.Бу ояти карима қасоснинг шариатга киритилишининг ҳикматини баён қилмоқда. Демак, давоми...

4471 08:35 / 17.01.2018
Одамлардан эси пастлари «Буларни қиблаларидан нима юз ўгиртирди экан» дерлар. «Машриқу мағриб Аллоҳники, кимни хоҳласа, ўшани тўғри йўлга бошлайдир», деб айт. давоми...

4294 21:05 / 09.12.2017
Мушрикаларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри мушрикадан, гарчи у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир. Ва мушриклар иймонга давоми...

5173 18:00 / 28.02.2018
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021