1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намоздан кейинги зикр ва тасбеҳ

21:12 / 08.11.2017 28646 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4543. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Бомдод намозидан кейин оёғини йиққан ҳолида туриб, гапирмасдан олдин ўн марта «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳйи ва юмийту ва ҳува ъала кулли шайин қодийр» деса, унга ўн ҳасанот ёзилур, унинг ўн хатоси ўчирилур, унинг ўн даражаси кўтарилур. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсалардан ҳимояда бўлур ва шайтондан сақланур. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса», дедилар».

Шарҳ: Дуонинг маъноси: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг Ўзи ёлғиздир, Унинг шериги йўқдир, мулк ва ҳамд Унгадир, тирилтирур ва ўлдирур, ва У ҳамма нарсага қодирдир».

Деярли кўпчилик машойихлар ва ўтган азизлар ушбу ривоятда келган дуони ўзларига кундалик вазифа қилиб олганлар. Ҳар бир киши бунга амал қилмоғи лозим. Чунки Бомдод намозидан кейин ўрнидан турмай, оёқлари йиғилган ҳолда, дунёвий гапларни гапирмай туриб бу дуони ўқиган одамга кўпгина яхшиликлар ваъда қилинмоқда:

1. Унга ўн ҳасанот ёзилур.

2. Унинг ўн хатоси ўчирилур.

3. Унинг ўн даражаси кўтарилур.

4. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур.

5. Шайтондан сақланур.

6. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса. Агар Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлса, иши чатоқ бўлади.

Бу ҳадиси шарифга амал қилишни йўлга қўйиш керак.

4544. Умора ибн Шубайб ас-Сабаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Шомдан кейин ўн марта «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳйи ва юмийту ва ҳува ъала кулли шайин қодийр» деса, Аллоҳ уни тонг отгунча шайтондан муҳофаза қиладиган силоҳланган фариштани юборади. Аллоҳ унга бу ила вожиб бўлган ўн ҳасанот ёзадир, унинг ўнта ҳалок қилувчи хатосини ўчирадир ва бу унинг учун ўнта озод қилинган қул баробарида бўлур», дедилар».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу зикр Шом намозини ўқиб бўлгандан кейин ва дунёвий гап гапирмасдан туриб бўлиши керак.

4545. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки хислат ёки одат бор. Мусулмон банда уларни муҳофаза қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осондир ва уларга амал қиладиган оздир. Ҳар бир намоздан кейин ўн марта тасбеҳ айтади, ўн марта Аллоҳга ҳамд айтади ва ўн марта такбир айтади. Ўша ҳаммаси тилда бир юз элликта. Тарозида бир минг беш юзта.

Қачон ётар жойини олса, ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбеҳ айтади. Булар тилда юзта, тарозида мингта. Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларни қўллари билан санаётганларини кўрдим. Шунда:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Уларнинг осон бўлгани ва уларга амал қиладиган оз бўлиши қандай?» дейишди.

«Шайтон бирингизга уйқусида келади ва уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди. Намозида келиб, уни айтишидан олдин ҳожатини эсига солади», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳадиси шарифдаги «Ҳар бир намоздан кейин ўн марта тасбеҳ айтади, ўн марта Аллоҳга ҳамд айтади ва ўн марта такбир айтади. Ўша ҳаммаси тилда бир юз элликта» дейилганда беш вақт намоз кўзда тутилган.

Бу ерда намоздан кейин ва ухлашдан олдин тасбеҳ, ҳамд ва такбир айтишнинг яна бир услуби ҳақида сўз кетмоқда. Уйқуга кетишдан олдин ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбеҳ айтиб ётишга амал қилиб борилса, катта хайр, баракага эга бўлинади.

Бизда намоздан кейин айтиладиган тасбеҳ, ҳамд ва такбирда бошқа ҳадиси шарифга амал қилиб келинмоқда.

Имом Муслим ва Термизийлар Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«(Намоз) ортидан келувчиларни айтувчилар ёки қилувчилар ноумид бўлмаслар. Ҳар бир намоз ортидан ўттиз учта тасбеҳ, ўттиз учта ҳамд ва ўттиз тўртта такбир», дедилар».

Ушбу ҳадисда зикр қилинган ҳар бир намоз ортидан ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамду лиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар»ни зикр қилиш кейинги ривоятларда келадиган зикрлар ила уйғунлашиб, татбиққа кирган.

Имом Муслимнинг ривоятида:

«Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта «Аллоҳу акбар» деса, ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлур, юзтанинг тамом бўлиши – «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр»ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби кўп бўлса ҳам мағфират қилинур», дейилган.

Имом Муслимнинг ривоятига аввал ёки охирида «Оятал Курсий»ни қўшиб ўқишни сўфийлар жорий қилганлар. Бу сўфийлар хатми деб номланади. Бу нур устига нур дейилади, чунки «Оятал Курсий» Куръони Каримдаги энг улуғ оятдир. Ушбу хатмни қилиш бизда ҳам жорий бўлиб келаётган нарсадир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Катта жамоатларга, жума, ийд намозлари ва шунга ўхшаш жойларга ғусл қилиб бориш таъкидланган...Аллоҳ таоло .Иброҳим ва Исмоилга Байтимни тавоф, ибодат, рукуъ ва давоми...

5530 05:00 / 04.01.2017
Оталардан бири айтади .Намоз ўқимайдиган фарзандимга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида даво топдимИмом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар давоми...

5175 15:00 / 27.11.2021
Баъзи оталар фарзандимнинг дўстлари .Намоз ўқимайди, деб шикоят қилади. Шу туфайли болам намозга дангаса бўлиб қолишига туртки бўляпди. Бола масжидга деб чиқиб, давоми...

2675 16:00 / 16.01.2023
Шарҳ .Таяммум, сўзи луғатда .қасд қилиш, маъносини билдиради.Шариатда эса .Аллоҳга қурбат ниятида покловчи тупроқ моддасини махсус сифат ила икки қўл ҳамда юзга давоми...

11216 05:00 / 04.01.2017
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021