1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Қазои қадар банданинг ҳар нафаси устида жорийдир

06:47 / 28.11.2017 4447 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар нафас олиб-чиқарганингда, албатта, У Зот сенга қадарини жорий қиладир.

Яъни сен ҳар нафас олганинг ва нафас чиқарганингда Аллоҳ таолонинг бир тақдири сенга жорий бўлади. Сен У Зотнинг қазо ва қадари гаровидирсан. Бас, кўз очиб-юмгунча ҳам ҳар бир нарсада Аллоҳ таолонинг бандаси бўл.

Ушбу гаплар динимиздаги қазо ва қадар ақийдасига бориб тақалади. Бу борада қуйидагиларни билишимиз ва уларга жазм ила эътиқод қилишимиз лозимдир.

Уламоларимиз «қазо» ва «қадар»ни қуйидагича таърифлайдилар: 

«Қазо Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир».

«Қадар ўша нарсаларнинг Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир»

Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига биноан балоғатга етган мусулмонга Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамма ишини, махлуқотларга боғлиқ нарсаларнинг ҳаммасини аввалдан билишига иймон келтириши вожиб бўлади. 

Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳга иймон келтириш асосидаги Ислом ақийдаларидан бири ҳисобланади. Бу ақийда тўғри маърифат асосида Аллоҳ таолони камол сифатлари билан сифатлашга асослангандир. 

Ана ўша сифатларнинг бири – Аллоҳнинг илми, у илмнинг чегарасизлиги, Аллоҳ иродасининг шомиллиги ва қудратининг комиллигидир. 

Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳнинг ана шу сифатларига асосланган ақийдадир. Шунинг учун ҳам қазои-қадарга иймон бўлмаса, Аллоҳга бўлган иймон тугал бўлмайди. 

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билади. Уяси ичида ғимирлаётган чумолининг ҳаракатини-ю, ўз фалакида ҳаракат қилаётган сайёраларни ҳам билади. У Зотнинг илмидан ҳеч нарса ғойиб бўлмайди. Аллоҳ таоло дунёдаги ҳар бир заррани ҳам, унинг ҳаракатини ҳам билиб туради.

Шунингдек, Аллоҳ таоло қиёматгача нима бўлишини ҳам билади. Агар уларни билмаса, У Зотнинг камол сифатига нуқсон етган бўлади. Ана ўша илоҳий илм «қазои-қадар» деб аталади. 

Бунда жоҳил кишилар ўйлаганидек, Аллоҳ томонидан бандани мажбур қилиш йўқ. Балки Аллоҳ таоло томонидан банда нима қилишини олдиндан билиш бор. Чунки Аллоҳнинг илми чегара билмасдир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир нарса, ҳатто ожиз(эсипаст)лик ва ақллилик ҳам қазои қадар билан», дедилар»

Бухорий, Муслим ва имом Молик ривоят қилишган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида ҳар бир нарса қазои қадар билан бўлишини таъкидламоқдалар. Бунга иймон келтириш мўмин-мусулмон одамнинг Аллоҳга бўлган иймонининг тугал бўлишидир.

«Ҳар нафас олиб-чиқарганингда, албатта, У Зот сенга қадарини жорий қиладир».

Шунинг учун У Зотга туҳмат қилиб, ҳожатингни ноўрин талаб қилмагин! У Зотни эсингдан чиқариб, Ундан ғойиб бўлмагин! У Зотдан ўзгани излаб, Унга нисбатан беҳаёлик қилмагин! У Зотдан ўзгадан ҳожатингни талаб қилиб, Унга нисбатан беҳаёлик қилмагин!

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар нафас олиб-чиқарганимизда, албатта, У Зот бизга қадарини жорий қилишини аниқ англаб етадиган бандаларидан бўлишимизни насиб этсин!

 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсон борки, ёлғизликка тоқат қила олмайди. У ўзининг мулоқот қилиш учун яралганини англагани сабабли ҳам яқинлари билан мулоқотдан хотиржамликка эришади. Араб давоми...

5503 21:23 / 18.04.2018
У Зотга юзланган кимсанинг юзланиши Унинг иззатини зиёда қилмас. У Зотдан юз ўгирган кимсанинг юз ўгириши Унинг иззатига нуқсон етказмас.Ибн Атоуллоҳ Сакандарий давоми...

4321 17:59 / 17.07.2017
23. Шубҳали ерларда бўлиб, шубҳали ишларни қилиб, одамларнинг ғийбат ва ёмон гумон каби гуноҳ ишларни қилишларига сабаб бўлиб қолмаслик.Бировнинг гуноҳ иш қилишига давоми...

5258 17:18 / 09.07.2017
Ортидан зорланиш ва ҳожатмандлик қолдирган маъсият ортидан иззатталаблик ва манманлик қолдирган тоатдан яхшидир.Ушбу ҳикматда ундан аввалги ҳикматдан пайдо давоми...

4756 19:27 / 13.05.2018
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021