1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 125-оят

13:45 / 22.11.2017 4783 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эсла, вақтики, Байтни одамлар учун «масаба» ва омонлик жойи қилдик ва: «Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг», (дедик). Ҳамда Иброҳим ва Исмоилга: «Байтимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун покланглар», – деб амр этдик. Бақара 125. 

Оятдаги «масаба» сўзи Қуръони Каримнинг мўъжизалигига, ҳамда араб тилининг қанчалик бой тил эканига далолат қилади. Тилимиздан бу сўзнинг айнан маъносини ифода этадиган сўзни топа олмай, унинг ўзини ёзиб қўйдик. «Масаба» «одамлар қайта-қайта келиб, тўймайдиган жой» деганидир. Каъбатуллоҳга неча бор келса ҳам, одам ҳар гал тўймай қолавериши, яна келгиси келаверишининг боиси ҳам шу ояти карима шарофати билан бўлса керак.

«Эсла, вақтики, Байтни одамлар учун «масаба» ва омонлик жойи қилдик».

Аллоҳ бу ерни омонлик юрти ҳам қилиб қўйган, ким бу ерга келса, омон бўлади. Ҳанафий мазҳаби уламолари: «Жиноятчи Байтуллоҳга кириб олса, уни тутиб, жазолаб бўлмайди», – дейишган.

Маълумки, араб мушриклари ҳам «Биз Иброҳим алайҳиссаломнинг набираларимиз», – деб фахрланишар эди. Хўш, улар бу муқаддас даргоҳнинг ҳурматини жойига қўйдиларми? Йўқ, улар Исломга қарши турдилар, мусулмонларни ҳайдаб чиқардилар, омонлик йўриғини оёқости қилиб, уларни хавф-хатар остига қўйдилар, кўпларини ўлдирдилар ёки ўлдирмоқчи бўлдилар.

«…ва: «Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг», (дедик)».

Иброҳим алайҳиссаломнинг келинлари – Исмоил алайҳиссаломнинг хотинлари Байтуллоҳни қуришда иштирок эта туриб, у зотга бир тош узатган эдилар. Иброҳим алайҳиссалом ўша тош устида туриб, Каъбатуллоҳни қурганлар. Шунда ўша тошга оёқ излари тушиб қолган. Шу тош ҳозирда ҳам бор. «Мақоми Иброҳим» ўша тош ва унинг атрофидир. Ривоятларда келишича, Иброҳим алайҳиссалом Байтуллоҳни қуриб бўлганларидан сўнг ўша ерда намоз ўқиганлар. Аллоҳ таоло мусулмонларга ўша жойни намозгоҳ қилиб олишни буюрмоқда. Шунга биноан, тавофдан кейин ҳамиша ўша ерда икки ракъат намоз ўқилади.

Имом Муслим ибн Ҳажжож раҳматуллоҳи алайҳи Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки:

«Расулуллоҳ алайҳиссалом Ҳажарул Асвадни истилом қилиб, уч марта тез (паҳлавон юриш билан) ва тўрт марта оддий юриш билан тавоф қилдилар. Сўнгра мақоми Иброҳимга ўтиб, «Ваттахизуу миммақоми Иброҳима мусолла»ни ўқидилар ва у жойни ўзлари билан Каъбанинг орасида қолдириб, намоз ўқидилар».

Иброҳим алайҳиссаломнинг набирасиман, деяётган мушриклар Байтуллоҳга буту санамларини ўрнатиб, уларга чўқинар эдилар. Аллоҳ таоло эса:

«Ҳамда Иброҳим ва Исмоилга: «Байтимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун покланглар», – деб амр этдик», – демоқда.

Яъни «Байтуллоҳни атрофдан келиб тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйишни буюрган эдик», – демоқда. Бу эслатма араб мушрикларининг бундай муқаддас Байтни маънавий нажас бўлмиш уч юз олтмишдан ортиқ бут билан, ширк ақийдаси билан ифлос қилганликлари нақадар ёмон иш эканини кўрсатади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Роббимиз, уларнинг ичига ўзларидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Расул юбор. Албатта, давоми...

4362 17:00 / 26.11.2017
Аллоҳнинг йўлида молларини сарфлаб, сўнгра сарфлари кетидан миннат қилмайдиган ва озор бермайдиганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар давоми...

3841 16:05 / 14.04.2018
Ва ўзингиз назар солиб турганингизда денгизни ёриб, сизни қутқариб, Оли Фиръавнни ғарқ қилганимизни эсланг Бақара 50. Мазкур ҳодиса Маккада нозил бўлган оятларда давоми...

3940 09:05 / 30.08.2017
Сўнгра, ўшандан кейин ҳам юз ўгирдингиз. Сизга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, албатта, зиён кўрганлардан бўлар эдингиз. Бақара 64. Яъни .Ўтган оятда зикр давоми...

3713 09:25 / 15.09.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021