1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ислом ҳақ дин, «менимча...» эмас

22:23 / 13.02.2018 4238 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса, албатта, осмонлару ер ва улардаги кимсалар бузилиб кетар эди. Йўқ! Биз уларга ўз шарафларини келтирдик. Улар эса шарафларидан юз ўгирувчидирлар.

Ҳақ битта, яъни Аллоҳнинг динидир. Ҳамма ҳаққа эргашмоғи лозим. Аммо кофирлар ҳақни чегараламоқчи бўладилар. Ҳақни ўз хоҳишларига бўйсундиришни истайдилар. Мушриклар ҳақ ўзларининг ҳавойи нафсларига эргашишини хоҳлайдилар. Шунинг учун ҳам: «Менимча, дин ундай бўлиши керак ёки бундай бўлиши лозим, пистон нарса билан чегараланиши зарур», – дейдилар.

«Агар ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса, албатта, осмонлару ер ва улардаги кимсалар бузилиб кетар эди».

Чунки ҳақ битта, одамларнинг ҳавойи нафслари эса чексиздир. Шунинг учун ҳам ҳавойи нафс ила ҳақиқатга эришиб бўлмайди. Қачон ҳавойи нафснинг кўйига тушилса, фасодга учралади. Фасодга учрамаслик учун ҳақ одамларнинг ҳавойи нафсига эмас, балки одамларнинг ҳавойи нафслари ҳаққа тобе бўлиши керак. Одамлар динни эмас, дин одамларни чегаралаши лозим. Аллоҳдан келган ҳақ – Ислом одамларни йўлга солиши лозим. Аммо одамлар у ҳақдан – Исломдан юз ўгирмоқдалар. Ҳақни – Исломни ҳавойи нафсларига эргаштиришни истамоқдалар.

«Йўқ!»

Уларнинг бу ишлари нотўғри! Ҳақдан юз ўгиришлари ҳам, ҳақни ҳавойи нафсларига тобе қилмоқчи бўлишлари ҳам нотўғри!

«Биз уларга ўз шарафларини келтирдик».

Биз келтирган Қуръон – Ислом – ҳақ улар учун шарафдир. Ким ҳаққа эргашса, амал қилса, шон-шарафга эга бўлади.

«Улар эса шарафларидан юз ўгирувчидирлар».

Уларнинг Аллоҳ таолонинг динидан юз ўгиришлари ўзларига аталган шон-шарафдан юз ўгиришларидир.

Биз «шараф» деб таржима қилган сўз оятда «зикр» лафзи билан келган. «Зикр» эслаш, ёд қилиш маъносини ҳам англатади. Бу оятда одамлар томонидан зикр қилиб юриладиган даражада мартабага эриштирадиган нарса кўзда тутилганини эътиборга олган уламоларимиз бу оятдаги «зикр»ни «шараф» деб таъвил қилганлар. Мисол учун, араблар Исломгача инсоният тарихида ҳеч зикр этилмас эди. Исломдан сўнг улар зикрга эришдилар. Бутун дунё уларни зикр қиладиган бўлди. Бу эса улар учун шарафдир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсон ҳаёти одамлар орасида кечади, вақт ўтиб бу ҳаёт ўзига хос қиссага айланади. Унда ички қарамақаршиликлар рўй беради. Бу қисса гоҳо ибрат ва намуналарга эга давоми...

14567 22:04 / 23.11.2017
Ризқ ҳақидаги ҳадислар.Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло орангизда хулқ ва ризқни тақсимлади. Дунёни яхши кўрганига ҳам, маҳбуб бўлмаганига ҳам беради. Аммо динни фақат яхши давоми...

10663 17:24 / 21.09.2017
Аллоҳ таоло .Исро, сурасида.Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир,, деган давоми...

17951 23:16 / 01.05.2017
Исломий ойлар ҳижрийқамарий бўлиб, улар қуйидагилар 1. Муҳаррам2. Сафар3. Рабиул аввал4. Рабиус соний ёки Рабиъул охир5. Жумодул аввал6. Жумодус соний ёки Жумодул давоми...

5685 14:52 / 18.04.2025
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021