1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Тарихдан ибрат олиш

10:37 / 22.03.2018 5371 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ер юзида юриб, ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмайдиларми?! Ҳолбуки, ўшалар булардан кўра қувватлироқ эдилар. На осмонларда ва на ерда бирор нарса Аллоҳни ожиз қолдира олмас. Албатта, У Зот ўта билувчидир, ўта қодирдир.

Дунё тарихидаги ҳодисалар барча уммат ва халқларга ибрат бўлиши керак. Кейинги авлодлар ўзларидан олдин ўтганларнинг тажрибаларидан фойдаланишлари лозим. Араб мушриклари бунга амал этмадилар. Улар ўзларидан олдин ўтганларнинг хатоларини такрорладилар. Уларнинг тажрибаларидан ўрнак олмадилар. Ҳолбуки, илгари ўтганларнинг бу мушрикларга ўхшаганлари ҳалокатга учраган эдилар. Араб мушриклари ана ўшалардан ўрнак олсалар бўлмасмиди?!

«Ер юзида юриб, ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмайдиларми?!»

Улар ер юзини кезсалар, ўтган кофир-мушрик қавмларнинг яшаган жойларини кўрар ва уларнинг оқибати нима билан тугаганини билар эдилар. Куфр ва исён билан дунёдан ўтганларнинг оқибати ҳалокат бўлганига ер юзида далиллар кўп; ашёвий ҳужжатлар тўлиб ётибди.

«Ҳолбуки, ўшалар булардан кўра қувватлироқ эдилар».

Лекин улар ҳалок бўлдилар. Буларнинг ҳалокати эса турган гап.

«На осмонларда ва на ерда бирор нарса Аллоҳни ожиз қолдира олмас».

Ундан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Уни ҳеч ким алдаб кета билмайди. Унинг иродасига қарши чиққанларнинг ҳаммаси ҳалокатга учрайди.

«Албатта, У Зот ўта билувчидир, ўта қодирдир».

Ўша илми ила кофир-мушриклар нима қилаётганларини тўлиқ билиб туради. Ўша қодирлиги туфайли ҳар бирининг жазосини ҳам беради.

Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер юзида бирорта жонзотни қўймас эди. Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр. Ўша ажаллари келганда эса... Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир.

Ушбу оятда Аллоҳнинг илми яққол кўзга кўринмоқда. Шунчалик илми ва қудрати бўлса ҳам, гуноҳкор бандаларини жазолашга шошилмайди.

«Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер юзида бирорта жонзотни қўймас эди».

Нафақат одамларнинг ўзини, балки бошқа жонзотларни ҳам қўймас эди. Одам боласининг гуноҳи туфайли бошқа жонзотлар ҳам зарар кўриши шундан билиб олинади.

«Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр».

Ўша вақтгача ризқларини териб еб, кунларини кўриб юраверадилар.

«Ўша ажаллари келганда эса...» Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

«Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир».

Шунга биноан, Ўзи билиб, тасарруф қилади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

 (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тоифдан қайтиб келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини турли қабилаларга очиқойдин таништиришни бошладилар. Бунинг учун энг қулай давоми...

2102 16:00 / 28.07.2019
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ўта камбағал ва дунё ишларига зоҳид бўлганликларидан уларнинг ҳаётлари иқтисодий танглик ила ўтар эди. Бу ҳақиқат мўътабар давоми...

27352 18:55 / 19.03.2017
Иккинчи фасл Арабистон яриморолида аҳоли кўпайгач, гуруҳ гуруҳ бўлиб шимоли шарқий тарафларга кўчиб кетгандан кейин уларнинг кўпчилиги Ироқда жойлашиб қолди ва давоми...

5640 18:30 / 21.01.2019
халифалик даври ҳижрий 158169 милодий 775785 У Муҳаммад Маҳдий ибн Мансурдир. Муҳаммад Маҳдийга отасидан кейин, отасининг аҳди асосида ҳижрий 158 йилда байъат қилинди. У давоми...

1028 16:23 / 23.12.2025
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021