1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 246-оят

09:55 / 29.03.2018 4400 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусодан кейинги Бану Исроилдан бўлган зодагонларни билмадингми?! Ўшанда улар ўз набийларига: «Бизга бир подшоҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик», – дедилар. У: «Агар сизларга уруш фарз қилинса, эҳтимол, урушмассизлар?!» – деди. Улар: «Бизга нима бўлибдики, диёримиздан ва фарзандларимиздан жудо қилинсак ҳам, Аллоҳнинг йўлида урушмасак», – дедилар. Уруш фарз қилинганда эса озгиналаридан бошқалари юз ўгириб кетдилар. Ва Аллоҳ зулм қилувчиларни ўта билувчидир. Бақара 246. 

Ушбу ояти каримани Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг қавмидан бўлган аъёнларни эслатиш билан бошламоқда.

«Мусодан кейинги Бану Исроилдан бўлган зодагонларни билмадингми?!»

Мусо алайҳиссалом вафот этиб кетганларидан кейин Бану Исроилнинг аъёнлари, катталари, ишбошиларидан бир гуруҳи

«Ўшанда улар ўз набийларига: «Бизга бир подшоҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик», – дедилар».

Яъни у аъёнлар ўз пайғамбарларининг олдига келиб: «Бизга бир подшоҳ – бошлиқ тайин қилиб бер, унинг раҳбарлигида Аллоҳнинг йўлида урушмоқчимиз», – дейишди. Уларнинг бу гапларидан қалбларида иймон ҳисси уйғониб турган пайт экани билиниб турибди. Улар ўзларича, биз иймон эгаларимиз, ҳақ йўлдамиз, кофирлар ботилда, бизни Аллоҳнинг Ўзи қўллайди, деган фикрдалар. Шунинг учун «Аллоҳнинг йўлида уруш» қилмоқчилар. Лекин улар қуруқ хавас билан иш битмаслигини англаб етмайдилар. Бу ҳақиқатни Аллоҳдан бўлган ҳидоят туфайли уларнинг пайғамбарлари тушуниб етади. Шунинг учун

«У: «Агар сизларга уруш фарз қилинса, эҳтимол, урушмассизлар?!» – деди».

Ҳозир кенгликда туриб, бир-бирингизга қизиқиб, «Бизга бир подшоҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик», – демоқдасизлар. Ҳақиқатан шу иш йўлга қўйилса, уруш фарзга айланади ва унда орқага қайтишнинг иложи қолмайди. Ортга қайтган гуноҳкор бўлади.

Бу мулоҳаза қизишиб турган тўдани янада қидириб юборди. Урушга кириш қарорига олиб келган сабабларни зикр қилишди:

«Улар: «Бизга нима бўлибдики, диёримиздан ва фарзандларимиздан жудо қилинсак ҳам, Аллоҳнинг йўлида урушмасак», – дедилар».

Яъни «Қайтишга йўл йўқ. Урушмасак, нима деган одам бўламиз?! Кофирлар бизни диёримиздан чиқарган, фарзандларимиздан жудо қилган бўлсалар».

«Уруш фарз қилинганда эса озгиналаридан бошқалари юз ўгириб кетдилар».

Аввалги қизиқиш, шижоат ва ҳавасдан асар ҳам қолмади. Одамзоднинг табиати шу – оломон ичида ақли ҳам оломоннинг ақлига қўшилиб қолиб, бир-биридан шижоатли бўлиб, оғзига келганини гапираверади. Турли фидокорона таклифлар қилади. Бошига калтак тушганда эса ҳаммаси ўзини қутқаришга тушиб қолади. Фақат чуқур иймоний тарбия олганларгина собитқадам бўлиб қоладилар. Жамоатга раҳбарлик қилувчи шахслар ушбу ҳолатнинг ҳисобини яхши олишлари керак. Кўпчиликнинг бир-бирига қизиқиб чиққан ташаббусига алданиб қолмаслик керак.

«Ва Аллоҳ зулм қилувчиларни ўта билувчидир».

Бошга иш тушганда ортга қараб қочадиганлар золим эканини шу оятдан биламиз. Аллоҳ таоло уларнинг зулмини билиб, муносиб жазоларини беради.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу, албатта, Аллоҳ Китобни ҳақ ила нозил қилгани учундир. Китоб хусусида ихтилоф қилганлар эса тубсиз мухолифликдадирлар. Бақара 176. Қўлларидаги ҳидоят ва давоми...

3970 08:30 / 14.01.2018
Албатта, иймон келтирган, солиҳ амалларни қилган, намозни тўкис адо этиб, закотни берганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам давоми...

6071 11:04 / 21.06.2018
Куфр келтирганларга дунё ҳаёти чиройли кўрсатилди ва улар иймон келтирганларни масхара қилурлар. Ҳолбуки, қиёмат куни тақво қилганлар улардан устундир. Аллоҳ давоми...

3522 09:30 / 19.02.2018
.Луқмон, 4. Улар намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга аниқ ишонадиганлардир.Аслида, Қуръони Карим бутун оламлар учун ҳидоят ва давоми...

3695 08:16 / 16.06.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021