1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Жаннатнинг мисоли

21:31 / 22.04.2018 5130 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (шуки): ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчиларга лаззатбахш хамрли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун унда барча мевалар ва ўз Роббларидан мағфират бор. (Улар) оловда мангу қолувчи ва ўта қайноқ сув ила суғорилиб, ичаклари титилиб кетган кимсага ўхшарми?

Мазкур оятнинг аввалида Аллоҳ таоло тақводор бандаларига ваъда қилинган жаннатнинг васфини келтирмоқда.

«Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (шуки) »

У ерда сон-саноқсиз неъматлар мавжуд, жумладан:

«...айнимаган сувли анҳорлари...» бор.

Ўйлаб кўрилса, бутун авлоди жазирама саҳрода бир томчи сувга зор бўлиб ўтаётган арабларга ўша вақтда бу нақадар улкан неъмат! Бирор қарич ерида сув оқмайдиган диёрда ҳар замонда бир ёғадиган ёмғирдан қолган кўлмак сувни учратиш мумкин. Кўлмак сув эса, ҳаммага маълумки, бир оз муддатдан сўнг айниб, ҳидланиб қолади. Шунинг учун «айнимаган сувли анҳорлар бор», – дейилмоқда. Бир ёки икки эмас, бир қанча анҳорлари бор! Бу нақадар улкан неъмат!

«...таъми ўзгармаган сутли анҳорлари...» бор.

Бу ҳам тенгсиз бир неъмат. Туяни ҳар замонда соғиб, ичиб юрган араблар учун нақадар тенги йўқ неъмат! Худди сув каби, унинг ҳам таъми ўзгармаган, бир эмас, бир неча анҳорлар бор. Инсон чақалоқлигидан тортиб, то умрининг охиригача сутга кўп ҳожати тушади. Шунинг учун ҳам оятда сувдан кейин сутнинг зикри келган.

«...ичувчиларга лаззатбахш хамрли анҳорлари...» бор.

Майхўрлик араблар учун ўша вақтда энг улуғ ва ҳузурбахш иш ҳисобланарди. Уларнинг каттасию кичиги, эркагию аёли ётса ҳам, турса ҳам майдан гапиришарди. Аллоҳ таоло майхўрликни ундаги зарарлар учун бу дунёда ҳаром қилди. У дунёда эса зарарсиз ҳолатда, ҳузурбахш қилиб, жаннатнинг неъматларидан бирига айлантирди.

«...мусаффо асалли анҳорлари бор».

Асал ҳам Аллоҳнинг улуғ неъматларидан. Айниқса, мусаффо бўлса. Аллоҳ таоло жаннатда тақводор бандалари учун мусаффо асалли анҳорларни оқизиб қўяди. Бу қандай буюк бахт!

«Улар учун унда барча мевалар бор».

Аҳли жаннат учун Аллоҳ таоло ҳамма меваларни ҳам муҳайё этган. Жаннатийлар хоҳлаган меваларини хоҳлаган ҳолатда узиб олиб, ейдилар.

«...ва ўз Роббларидан мағфират бор».

Бу ҳаммасидан юқори, олий мақомли неъматдир. Бандалик ила қилган гуноҳларининг мағфират қилиниши барча неъматларнинг энг аълосидир.

Сўнгра шунчалик неъматларга эришган мўминларнинг ҳоли билан азобга дучор бўлган кофирларнинг ҳоли муқояса қилинади:

«(Улар) оловда мангу қолувчи...»

Мўмин серсоя жаннатдан жой олган бўлса, унинг қаршисида кофир дўзах оташида мангу – абадий қолади. Табиийки, ўтда ёнаётган одам сув сўрайди. Жаннатийларга берилган анҳорлар унга ҳам насиб қилармикан? Йўқ, ҳеч-ҳеч насиб қилмайди, аксинча, у сув сўраб, ёлворганда,

«...ўта қайноқ сув ила суғорилиб, ичаклари титилиб кетган...»

Яъни сув ниҳоятда қайноқ бўлганлигидан, баданининг қаерига тегса, шу ерини, асосан, ичакларни титиб юборади. Бу азоб тинмай такрорланаверади. Бундай ҳолатдаги кимсани юқорида васф қилинган жаннат аҳлига солиштириб бўладими? Асло! У қаерда-ю, бу қаерда?!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Осмону ерда Аллоҳнинг дини биттадир. У Ислом динидир. Аллоҳ таоло .Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир,, Оли Имрон сураси, 19оятдеган. Ва яна .Ва сизга давоми...

7364 17:05 / 01.12.2016
Азиз ўқувчи, биз юқорида Аллоҳ таолонинг нақлий ва ақлий далиллар билан собит бўлган бир қанча сифатларини ўрганиб чиқдик. Ана ўша сифатларга иймон келтириш лозим давоми...

4558 15:00 / 26.04.2021
Илм бирор нарсани ҳужжат ва аниқ далил билан боғламагунча, уни ҳақиқат деб тан омайди. Қуръон ҳам мусулмонларга далилсиз нарсани қабул қилмасликни буюради давоми...

4354 12:00 / 10.10.2018
Бу мавзу қазои қадар ва банданинг амали мавзусига узвий боғлиқдир. Қадария ва мўътазилаларга ўхшаб .Банда ўз амалини ўзи халқ қилади, Аллоҳ таолонинг бу ишга давоми...

5764 18:00 / 13.09.2021
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021