1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Албатта шундай қиламан

09:00 / 23.05.2018 3530 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Итбон ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

(Бу киши Бадр ғазотида иштирок этган саҳобалардан эди.)

«Бану Солимда қавмимга намоз ўқиб берар эдим. Мен билан уларнинг орасини бир водий ажратиб турарди. Ёмғир ёғса, уларнинг масжидлари томон уни (водийни) кесиб ўтишим қийин бўлар эди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб, у зотга: «Кўзим хиралашиб қолди. Мен билан қавмим ўртасидаги водийда ёмғир ёғса, сел бўлиб оқиб, уни кесиб ўтиш менга қийин бўлади. Шунинг учун келиб, уйимдан бирор жойда намоз ўқиб берсангиз, ўша жойни намозгоҳ қилиб олсам, деган эдим», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта шундай қиламан», дедилар. Эртасига, кун қизиганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу олдимга келишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изн сўрадилар, у зотга изн бердим. У зот ўтирмай: «Уйингнинг қаерида намоз ўқиб беришимни истайсан?» дедилар. Мен ўзим намоз ўқишни истаган жойга ишора қилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, таҳрима такбирини айтдилар, ортларидан саф тортдик. Икки ракат намоз ўқиб, салом бердилар, салом берган пайтлари биз ҳам салом бердик. У зотни ўзлари учун тайёрланаётган хазирга* ушлаб қолдим. Маҳалла аҳли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менинг уйимдаликларини эшитган экан. Улардан бир нечаси келиб, уйда одамлар кўпайиб кетди. Улардан бири: «Моликка нима бўлди, уни кўрмаяпман?» деди. Яна бирови: «У мунофиқ, Аллоҳни ва Унинг Расулини севмайди!» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай дема, унинг Аллоҳнинг розилигини истаб, «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деганини кўрмаяпсанми?!» дедилар. У: «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир. Аммо Аллоҳга қасамки, биз унинг дўстлиги ва суҳбати фақат мунофиқларга бўлганини кўряпмиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: «Аллоҳнинг розилигини истаб «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деган кишини Аллоҳ дўзах учун ҳаром қилган», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

* Хазир (хазира ҳам дейилади) – таом тури. Гўштни майда тўғраб, сувда қайнатилади. Гўштни чала пишириб олиб, сўнг уни ун билан аралаштириб пиширилади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Маъбад Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга.Айтингчи, агар бирор кофирлардан бўлган бир кимсага давоми...

3836 13:05 / 10.04.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. Биз билан Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо давоми...

4092 09:20 / 30.05.2018
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Уч нарса иймоннинг аслидандир .Лаа илааҳа иллаллоҳ, деган кимсага тегмаслик. Гуноҳи давоми...

4419 14:55 / 13.07.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Батаҳқиқ суффа аҳлидан етмиш нафарини кўрдим. Уларнинг ичида ридоли киши йўқ эди. Ё битта изори, ёки биргина кийими давоми...

3385 06:10 / 01.09.2018
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021