1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Аллоҳга тавба қилишнинг фазли (11-тавсия)

05:00 / 28.02.2017 6032 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳга тавба қилишнинг фазли (11-тавсия)

 

Ағарр ибн Ясор Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одамлар, Аллоҳга тавба қилиб, Ундан мағфират сўранглар. Мен бир кунда юз марта тавба қиламан», дедилар» (Муслим ривоят қилган).

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳ таолога етмиш мартадан кўпроқ истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан», деганларини эшитдим» (Бухорий ривоят қилган).

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бандасининг тавбасидан бирортангиз биёбонда йўқотиб қўйган туясини топиб олгандагидан кўра кўпроқ хурсанд бўлади», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Лафз имом Бухорийники).

Имом Муслимнинг ривоятида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло бандаси тавба қилганида бирингизнинг ичимлиги ва таоми ортилган улови кимсасиз биёбонда қочиб кетса, ундан умидини узиб, бир дарахтнинг тагига бориб, соясида ётганида, уловидан умиди батамом узилиб бўлганда, ана шу ҳолатдалигида қараса, (улов) олдига келиб қолган бўлса, жиловидан тутиб, хурсанд бўлиб кетганидан «Аллоҳим, Сен бандамсан! Мен Роббингман!» деб юборганидан ҳам кўра кўпроқ хурсанд бўлади. У (ўша одам) қаттиқ хурсанд бўлиб кетганидан хато қилган эди».

 

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ то қуёш мағрибдан чиққунича кундузи гуноҳ қилганлар тавба қилиши учун кечаси қўлини ёзади, кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилиши учун кундузи қўлини ёзади», дедилар» (Муслим ривоят қилган).

 

Изоҳ: «То қуёш мағрибдан чиққунича», яъни қуёш ботган томонидан чиқиши қиёматнинг катта аломатларидан бўлиб, у кунда тавба эшиклари ёпилади.

 

Юқоридаги ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1. Банда доим Аллоҳга тавба қилиб, ундан гуноҳларини мағфират қилишини сўраш керак.

2. Аллоҳ азза ва жалла Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалгию охирги гуноҳларини кечирган бўлишига қарамай, У Зотнинг шукрли бандаларидан бўлиш ва бу борада умматларига ўрнак бўлиш учун бир кунда етмиш мартадан кўп истиғфор айтганлар.

3. Аллоҳ бандасининг тавбасидан биёбонда йўқотиб қўйган туясини топиб олган кишидан ҳам кўра кўпроқ хурсанд бўлар экан.

4. Инсон адашиб кетиб шариатга зид нарсани гапириб юборса, гарчи бу куфр сўз бўлса ҳам, Аллоҳ уни жазога тортмайди.

 

Муҳаммад Алий Муҳаммад Юсуф тайёрлади

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Минг афсуслар бўлсинким, бугунги кунда мужоҳидлик номига доғ тушираётганлар ичимизда йўқ эмас. Мужоҳидлик даъвосидаги уларнинг қилаётган тасарруфларини давоми...

4931 17:00 / 07.09.2021
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зот билан қасамки, давоми...

6891 15:34 / 08.04.2020
иккинчи мақола 8. .Барча одамлар ҳаракат қилиб, ўз жонини савдога қўювчидир. Бас, улар уни озод қилувчи ёки уни ҳалок қилувчилардир,. Яъни, бу дунёда ҳар бир инсон давоми...

4735 19:00 / 10.08.2022
. . Анас розияллоҳу анҳудан .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кавушлари билан намоз ўқирмидилар, деб сўралди. .Ҳа,, дедилар,. Бешовларидан фақат Абу давоми...

2826 19:00 / 19.09.2024