1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бу фоний дунёнинг ҳақиқати ва моҳияти (Иккинчи мақола)

12:44 / 09.08.2018 5503 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар банда мазаммат қилинаётган бу дунёнинг ўзи нималигини, унинг қайси нарсасидан четда бўлиши керагу, қайси нарсасидан четламаса ҳам бўлаверишини билмагунича уни ёмонлашнинг маърифати фойда бермайди.

Аслида дунё ва охират икки ҳолатдан иборат. Улардан яқин турадигани дунё деб аталади ва ўлимдан аввал бўлади. Улардан охирда турадигани охират деб аталади ва ўлимдан кейин келади.

Сенинг ўлимдан аввал ундаги насибанг, ғаразинг, шаҳватинг, лаззатинг бор ҳолат дунёдир. Ҳар бир майл, насиба ва ҳисса бор нарса ёмон бўлавермайди. Балки бундай нарсалар уч қисмга тақсимланади.

 Биринчи қисм

  Банда билан бирга охиратга ҳам борадиган, ўлимдан кейин ҳам самараси у билан бирга қоладиган нарсалардан иборат.

Улар илм ва амалдир.

Илм деганда Аллоҳ таолони, Унинг сифатлари, фаришталари, китоблари, расуллари, еру осмонидаги мулклари ва набийсининг шариати ҳақидаги илм англанади.

Амал деганда эса, Аллоҳ таолонинг розилиги учун ихлос билан қилинадиган ибодат англанади.

Гоҳида олим учун илм бу дунёдаги энг лаззатли нарсага айланади. У илм лаззати деб таом, уйқу, ҳатто никоҳдан воз кечиши мумкин. Чунки илм унинг учун мазкур нарсалардан кўра лаззатли. Ҳа, илм унинг учун бу дунёнинг энг лаззатли насибасига айланган. Аммо биз дунёни ёмонламоқчи бўлсак, мазкур ҳолатни охиратдан, деб айтамиз.

Баъзи обидлар ибодат лаззатига шунчалари бериладики, агар унга бу нарса ман қилинса, унинг учун бу энг қаттиқ азобга айланади. Унинг учун ибодат бу дунёдаги энг лаззатли нарсадир. Аммо бу фоний дунёга қўшилмаслиги аниқ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен учун бу дунёингиздан уч нарса маҳбуб қилинди: аёллар, хушбўй нарсалар ва намоз кўзимнинг қорачиғи қилинди», дедилар». Насаий ва Ҳоким ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда намоз бу дунёнинг лаззатларидан ҳисобланмоқда. Шунга ўхшаш бир қанча нарсалар бор. Улар бу дунёга тегишли. Уларни кўзимиз билан кўриб турамиз.

 Иккинчи қисм

  Банда билан бирга охиратга бормайдиган, ўлимдан кейин самараси у билан бирга қолмайдиган нарсалардан иборат.

Уларга маъсиятлар, эҳтиёждан зиёда мубоҳ нарсалар, керагидан ортиқ жамланган молу дунё, беҳуда ҳою ҳавас ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар киради.

 Учинчи қисм

  Юқорида зикр қилинган икки қисмнинг ўртасидаги нарсалардир. Бу дунёнинг охират амаллари учун ёрдам берадиган нарсалар ушбу учинчи қисмни ташкил этади.

Мисол учун керакли озиқ-овқат ва кийим-кечак. Соғ-саломат яшаб юриш, илм ва амалга эришиш учун зарур бўлган нарсалар ҳам шунга доҳил. Булар биринчи қисмдаги нарсаларга ўхшаб дунё нарсалари эмас. Аммо ўша биринчи қисмга ёрдам берувчи воситалар саналади. Банда илм ва амалга етишиши учун уларни ҳар қанча тановул қилган эса-да, бу дунё учун бўлмайди.

Агар ўша нарсаларни илм ва амал учун эмас, балки оний лаззат учун тановул қилган бўлса, бу дунё учун бўлади.

Islom.uz портали таҳрирятидан

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад ибн Абу Ҳотимдан ривоят қилинади .Абу Заррнинг шундай деганини эшитдим .Муҳаммад ибн Ҳотим Халқонийни тушимда кўрибман. У Муҳаммад ибн Ҳафснинг давоми...

1660 08:00 / 29.07.2020
Усмон бин Савда Тафовийдан ривоят қилинишича, у кишининг онаси Роҳиба исмли обида аёлларидан бўлган экан. Онаси ўлимидан олдин бошини осмонга кўтариб, Эй, менинг давоми...

3827 09:05 / 02.12.2018
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ойга хотинларидан ийло қилдилар. Йигирма тўққиз кун ўтгандан сўнг эса давоми...

2465 16:03 / 08.05.2020
Шу кунларда обҳавонинг кескин кўтарилиб кетиши оқибатида кўпчилик ўзини соясалқин жойларга, сув ҳавзалари бўйига, тоғ олди дам олиш масканларига уряпти.Маълумки, давоми...

4583 13:40 / 13.07.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021