1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

...Ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар

12:10 / 25.10.2018 3457 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:

ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ

«Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора нафақа қиладиганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. У Зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб бериши ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилиши учундир. Албатта, У ўта мағфиратлидир ва кўп савоб берувчидир» (29-30-оятлар).

Бу икки оятда Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг баъзи сифатлари ва уларга бериладиган мукофотлар ҳақида сўз юритмоқда.

«Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар...»

Аллоҳнинг Китоби – Қуръони каримни тиловат қилиш унга кўз югуртириб чиқиш ёки ёдлаб олган жойини шуурсиз такрорлаш эмас. Қуръон тиловати уни бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда тадаббур ила ўқиб, унга амал қилишдир. Аллоҳнинг Китоби – Қуръони каримни тиловат қилиш ҳар бир мўминнинг бурчидир. Ким ҳам Аллоҳнинг Китоби тиловатини билмай туриб, бандалик даъвосини қилади? Қуръон тиловати ҳар бир мўминнинг кундалик вазифаси бўлиши керак. Оддий кишилар учун уламоларимиз ҳар куни бир порадан ўқиб туришни тавсия қиладилар. Шунда бир ойда Қуръони карим бир марта ўқиб чиқилади. Ҳар бир мўмин Қуръонни бошидан охиригача ўқишни ўрганиб, ундан бир порани кундалик вазифа қилиб олиши керак. Ҳа, Қуръон тиловати ниҳоятда зарур. Шунинг учун ҳам оятда мўминларнинг сифатлари ичида биринчи ўринда Қуръон тиловати келмоқда. Аввал айтиб ўтилганидек, ҳақиқий тиловат зикр қилинган ҳукмларга амал этишга чорловчи тиловатдир. Шунинг учун ҳам тиловатдан кейин

«…намозни тўкис адо этиб…» деган сифат келмоқда. Намозни тўкис адо этиш мўмин кишининг асосий сифатларидан биридир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз билан биздан бошқаларнинг орасидаги фарқ намоздир», – деганлар.

«…Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора нафақа қиладиганлар...»

Аллоҳ берган ризқдан Аллоҳнинг йўлида нафақа қилиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг сифати саналади. Мусулмонлар доимо шу сифатлари билан бошқалардан ажралиб турганлар.

Ана шу ишларни бажарганлар, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиб, намозни тўкис адо этиб, Аллоҳ йўлида нафақа-эҳсон қилган мўмин-мусулмонлар

«...ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар».

Чунки улар Аллоҳ таоло билан савдолашмоқдалар. Аллоҳ таоло билан тижорат қилганлар ҳеч қачон касодга учрамаганлар ва учрамайдилар ҳам.

«У Зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб бериши ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилиши учундир».

Демак, бу тижорат нафақат касодга учрамайдиган, балки доимо фойда келтирадиган тижоратдир. Бу тижорат билан шуғулланганлар жуда ҳам бахтли инсонлардир.

«Албатта, У ўта мағфиратлидир, кўп савоб берувчидир».

Яъни Аллоҳ таоло ўта мағфиратли Зотдир. Қуръон тиловат қилган, намозни тўкис адо этган, нафақа-эҳсон қилганларнинг гуноҳларини мағфират этади.

Аллоҳ таоло ўта шукр қилувчи, бандаларининг шукрларини қабул этувчи ва неъматларини зиёда қилувчи Зотдир.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Бас, уларни ердан қўзғатиб, чиқармоқчи бўлди. Шунда уни ва у билан бирга бўлганларни жамлаб, ғарқ қилдик, Исро сураси, давоми...

1445 19:00 / 03.09.2024
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Роҳмандан бошқа сизларга ёрдам берадиган лашкар ким ўзи Кофирлар алдовдан бошқа ҳеч нарсада эмаслар давоми...

3267 19:05 / 26.09.2019
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Агар уни фаришта қилсак ҳам, эркак қилган бўлар эдик ва ўзлари чалкаштираётган нарсани уларга чалкаштириб ташлар эдик, давоми...

971 19:00 / 12.08.2025
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Роббонийлари ва аҳборлари уларни гуноҳни айтишларидан ва ҳаром ейишларидан қайтарсалар бўлмасми давоми...

2096 19:00 / 03.12.2024
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021