1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Таом ва ичимликни пуфламаслик

17:00 / 30.11.2018 5964 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ  نَهَى عَنِ النَّفْخِ فِي الشَّرَابِ، فَقَالَ رَجُلٌ: الْقَذَاةُ أَرَاهَا فِي الْإِنَاءِ، قَالَ: أَهْرِقْهَا، قَالَ: فَإِنِّي لَا أَرْوَى مِنْ نَفَسٍ وَاحِدٍ؟ قَالَ: فَأَبِنِ الْقَدَحَ إِذَنْ عَنْ فِيكَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликка пуфлашдан қайтардилар. Бас, бир киши: 

«Идишга тушиб қолган нарсани кўрсам-чи?» деди.

«Олиб ташла», дедилар у зот.

«Мен бир нафасда ича олмайман», деди.

«Ундай бўлса, қадаҳни оғзингдан узоқлаштир», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таомланиш маданиятини қанчалик меҳнат билан жорий қилганларининг ёрқин намунасини кўриб турибмиз. Ҳар бир нарсани айтиб, тушунтириш, турли саволларга чидам билан жавоб бериш лозим бўлган экан. Аввал у зот саҳобаларга ичиш одобларидан бирини баён қилмоқдалар: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликка пуфлашдан қайтардилар».

Аммо ҳамма ҳам бу қайтаришни эшитиши билан «Бундай қилмаслигимиз керак экан», деб кетавермади.

Бас, бир киши: 

«Идишга тушиб қолган нарсани кўрсам-чи?» деди».

Яъни, «Сиз идиш ичига пуфламанглар деяпсиз. Аммо бир ичимликни ичмоқчи бўлиб, оғзимга олиб борсам, идишда – ичимлик устида бир нарса турган бўлса, пуфлаб юбориш керак бўлади-ку?»

Бу саволга жавобан: 

«Олиб ташла», дедилар у зот».

Яъни «Ўша нарсани ҳам пуфлама, балки олиб ташла». Сўровчида яна бошқа савол пайдо бўлди ва у ўша саволни ҳам берди: 

«Мен бир нафасда ича олмайман», деди.

Яъни, «Мен идишдаги ичимликни бир нафас билан охиригача ичиб, битира олмайман. Орада нафас олишим керак бўлади. Орада нафас олсам, идиш ичига пуфлашим керак бўлади. Бунга нима дейсиз?»

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалани ҳам сабр билан ҳал қилдилар: 

«Ундай бўлса, қадаҳни оғзингдан узоқлаштир», дедилар».

Яъни, «Нафасинг етмай қолганда идишни оғзингдан узоқлаштириб, нафасингни ростлаб олиб, кейин ичишда давом этсанг, идиш ичига пуфлаш содир бўлмайди».

Одамнинг оғзидан чиқадиган нафасда турли кўзга кўринмас зарарли нарсалар, қўланса ҳид ва бошқалар бўлиши ҳозирги пайтда ҳаммага маълум бўлиб қолди.

 

“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
. . Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир киши зикр қилиниб .Тонг отганда ухлаб давоми...

2356 11:00 / 03.03.2023
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Икки қорани заҳарли илон ва чаённи намозда ҳам ўлдиринглар,, давоми...

2329 14:00 / 14.03.2021
Биз мўмин мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммамиздаги ҳақларини танишимиз ва у орқали келадиган яхшиликлардан бохабар бўлашимиз У давоми...

2764 17:00 / 28.06.2022
Хурсандчилик муносабати ила дастурхон ёзиб, таом тортиб, ўтказиладиган маросим валийма дейилади. Ақиқа, никоҳ ва сафардан қайтиш каби муносабатлар ила давоми...

1727 14:35 / 21.01.2025
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151233 14:35 / 11.08.2021