1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рашк иймондандир

19:02 / 30.11.2018 5283 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ рашк қилади. Мўмин ҳам рашк қилади. Аллоҳнинг рашки  мўминнинг Аллоҳ ҳаром қилган нарсасини қилмоғидир», дедилар».

Термизий ва Бухорий ривоят қилишган.

Рашк аслида шерикчилик мумкин бўлмаган нарсага шерикчилик қилиш оқибатида ҳақ эгасининг ғазаби қўзишини англатади. Кўпроқ эр-хотиннинг бир-бирини бошқалардан қизғанишини рашк деб аташ одатга айланган.

Ушбу ҳадиси шарифда Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рашк Аллоҳ таолога ҳам хос нарса эканини айтиш билан бирга, мўмин кишида рашк бўлиши зарурлигини таъкидламоқдалар.

Ҳадиси шарифда Аллоҳнинг рашки Ўзи қилмасликни амр этган ҳаром ишлар мўмин киши томонидан қилиниши туфайли келиши ҳам баён қилинмоқда. Яъни Аллоҳ учун тарк қилиниши лозим бўлган ишнинг қилиниши, Аллоҳнинг амрини эмас, бошқанинг амрини тутиш Аллоҳнинг рашкини, яъни ғазабини келтириши турган гаплиги айтилмоқда.

Ожиз инсон ўзига тобеъ шахс бошқанинг айтганини қилса, қанчалар аччиғи чиқади, аммо ҳамма нарсага қодир Аллоҳнинг айтганини қилмай, бошқанинг айтганини қилишни ўзига эп кўради.

Никоҳ мавзусига қайтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло рашк қиладиган бўлганидан кейин мўмин киши ҳам рашк қилмоғи лозим. Мўътадил, васваса даражасига ўтмаган рашк яхши сифатдир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч ким Аллоҳ бандаси ёки чўрисининг зино қилаётганини кўргандагидан рашкчироқ эмас. Эй Муҳаммад уммати! Агар мен билган нарсани билганингизда, албатта, оз кулиб, кўп йиғлаган бўлур эдингиз», дедилар». 

Бухорий ривоят қилган.

Эркак бўлсин, аёл бўлсин, бандадан Аллоҳнинг энг қаттиқ ғазабланадиган ҳолларидан бири банданинг зино қилаётган пайти экан. Албатта, бу улкан жиноят, катта хиёнат фақат бандага нисбатан эмас, балки Аллоҳга нисбатан ҳам қилинган жиноят ва хиёнат ҳисобланишидандир.

Аллоҳнинг рашк қилиши ана ўша маънони билдиради. Кишилар зинокор зино қилганида ўз жуфти ҳалолига ёки яқин кишисига хиёнат қилади, ана ўшалар рашк қилиши, ғазабланиши, чора кўриши керак, деб ўйлайдилар. Аллоҳнинг рашк қилиши – ғазабланишини билмайдилар.

Умуман олганда ҳам, одамлар кўп нарсаларни билмайдилар, агар билганларида, Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганларидек, оз кулиб, кўп йиғлар эдилар. Аллоҳ таолонинг розилигини топиб, ғазабини қўзғатмаслик учун ҳаракат қилиш билан машғул бўлур эдилар.

Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу:

«Агар хотиним билан бегона эркакни кўрсам, уни қиличнинг тиғидан ўтказар эдим», деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Саъднинг рашкидан ажабланяпсизларми?! Мен ундан кўра рашкчироқман, Аллоҳ мендан кўра рашкчироқ», дедилар».

Икки шайх ривоят қилган. Муслим қилган зиёдада: 

«Аллоҳ Ўз рашки сабабидан фаҳш ишларнинг ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам ҳаром қилди. Аллоҳдан кўра рашкчироқ ҳеч қандай зот йўқ. Аллоҳдан кўра узрни яхши кўрадиган зот ҳам йўқ. Шунинг учун Аллоҳ Расулларни башорат берувчилар ва огоҳлантирувчилар этиб юборди. Аллоҳдан кўра мадҳни яхши кўрувчи зот йўқ. Шунинг учун Аллоҳ жаннатни ваъда қилди», дейилган.

Аҳли Мадина, яъни ансорий саҳобаларнинг раҳбарларидан бўлмиш улкан саҳобий Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу жуда ҳам ғайратли – рашкчи киши эдилар.

Зино тўғрисида, бир эр киши ўз хотинини бегона эркак билан ушлаб олиши тўғрисида гап кетганда, ушбу ҳадисдаги гапни келтириб, ўша зинокор эркакни қилич билан чопиб ўлдиришларини айтганлар. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ўзлари Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан кўра, Аллоҳ таоло эса у зотдан ҳам кўра рашкчи эканини баён қилганлар.

Аммо, шундай бўлса ҳам, на Аллоҳ таоло, на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинини бегона эркак билан ушлаб олган кишига зинокорларнинг иккисини ёки бирини ўлдиришга рухсат бермайди. Чунки одам ўлдириш жуда ҳам оғир иш, у биргина кишининг гувоҳлиги ёки ҳукми билан бўлиши керак эмас.

Агар хотинини бегона одам билан ушлаб олган кишига уни ўлдириш ҳуқуқи берилса, ҳар ким ўзи ёмон кўрган одамини ўлдириб қўйиб, кейин «Хотиним билан ушлаб олиб, ўлдирдим», деб қутулиб кетаверади.

Бундай ҳолатда ҳукуматга арз қилинади. Агар зино собит бўлса, зинокорларга нисбатан шариатда белгиланган жазо берилади. Зино собит бўлмаса, эр-хотин қасам ичиб, бир-бири билан лаънатлашадилар ва оралари ажратилади.


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Европа халқларининг шундай ҳикояси бор.Бир ғоз отни кўриб қолиб унга беписанд назар билан дейди Мен сендан афзалман. Сенинг барча иқтидоринг бир маконда давоми...

2792 11:30 / 06.02.2022
Ҳиндистон ва Покистоннинг олмасиМуҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари шундай дейдилар .Падаримнинг Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда ҳақидаги гапларини эшитганимдан кейин давоми...

4219 16:10 / 17.04.2019
.Эй мўминлар Сўзларимни яхшилаб эшитингиз, яхши англангиз ва яхши муҳофаза этингиз. Раббингиз бирдир. Отангиз бирдир. Барчангиз Одамдансиз. Одам эса тупроқдандир. давоми...

5460 18:09 / 17.08.2020
Маймун ибн Меҳрон айтади .Бир роҳиб Умар ибн Абдулазизнинг олдига кирди. Умар ибн Абдулазиз ундан .Нима учун тинмай йиғлаяпсан, деб сўради. .Эй мўминлар амири, мен давоми...

2273 09:10 / 09.06.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021