1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Кумуш идишдан фойдаланиш мумкинми?

17:40 / 20.12.2018 7441 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ойим кумуш идишда дори ичадилар. Бундан ҳар куни икки ёки уч маҳал фойдаланадилар. Кумуш идишдан фойдаланса бўладими? Шариатимиз бунга қандай қарайди?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Тилла ва кумуш идишлардан фойдаланиб овқатланиш аёл ва эркакларга баробар ман қилинган.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Тилла ва кумуш идишларда ичманглар. Ипак ва дебожни кийманглар. Чунки ўшалар бу дунёда улар учун, охиратда сизлар учун», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Бошқа бир ривоятда: 

«Ким тилла ва кумуш идишда ичимлик ичса, қорнига жаҳаннамдан олов киритур», дейилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз умматларини тўрт нарсадан қайтармоқдалар:

1. Тилла идишда ичимлик ичишдан.

2. Кумуш идишда ичимлик ичишдан.

3. Ипак кийим кийишдан.

4. Дебож кийим кийишдан.

Тилла ва кумуш идишларда ичимлик ичиш ҳаром бўлганидек, уларда таом ейиш ҳам ҳаромдир. Айниқса,

«Ким тилла ва кумуш идишда ичимлик ичса, қорнига жаҳаннамдан олов киритур», дейилган ривоятдан бу маъно яққол англанилади.

Шариатимизда тилла ва кумушни идиш сифатида, шунингдек, бошқа турмуш асбоблари сифатида ишлатишнинг ҳаром қилингани бир неча ҳикматларга биноан бўлганини уламоларимиз алоҳида таъкидлайдилар:

1. Тилла ва кумуш қадимда ҳам, ҳозирда ҳам пул бирлиги, гоҳида муомаладаги, гоҳида эҳтиётдаги давлат мулки сифатида ишлатиб келингани ҳаммага маълум. Агар тилла ва кумушни идиш ёки шунга ўхшаш нарсаларга ишлатиш йўлга қўйиладиган бўлса, мазкур соҳага, яъни хазина бойлиги соҳасига зарар етиши мумкин.

2. Тилла ва кумушдан идиш-товоқ, тароқ, қошиқ ва шунга ўхшаш нарсалар тутишга изн берилса, бойлар орасида манмансираш, мутакаббирлик, ҳамма нарсасини тилладан қилишга уриниш кучайиб кетиб, жамиятда ноқулай ҳолат вужудга келади. Кўпгина дунёни ларзага солиб турган империяларнинг таназзулга юз тутишларига айни шунга ўхшаш ҳолатлар сабаб бўлгани ҳаммага маълум.

3. Тилла ва кумушдан турли асбоб-анжомлар тутишга рухсат бўлса, бойлар бу борада ўзаро кимўзарга мусобақа қилган бир пайтда камбағалларнинг кўнгли синиб, паришонҳол бўлишлари юзага келади. Ислом эса бу ҳолатга мутлақо йўл қўймайди. Валлоҳу аълам.

 

“Зикр аҳлидан сўранг” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Мусо Имрон ибн Мусо Турсусийдан ривоят қилинади .Фатҳ Мусилий икки ёш бола олдидан ўтиб қолди. Бирининг қўлида асал суртилган нон, бирида эса тузламали нон давоми...

3579 07:10 / 26.02.2019
Аҳли сунна ва жамоа мазҳабини маҳкам тутмоғимиз лозим. Ўшанда Аллоҳ таолонинг .Оли Имрон, сурасида нозил қилган қуйидаги оятларига амал қилароқ Аллоҳ таолони давоми...

3582 21:09 / 20.11.2018
Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган энг мўътабар ва улкан масжид МасжидулҲаром БайтулҲаром деб аталади. Бундай ном олишига масжид ва унинг атрофида давоми...

10226 14:00 / 16.08.2019
Инсон умри поёнига етиб қабрга дафн этилгач, унинг жони яна қайта жасадига киради. Бу масалада баъзи аҳли илмлар таваққуф қилиб қатъий қарорга кела олмаган давоми...

6873 17:30 / 23.04.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021