1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ёлғонга уч ҳолатда рухсат бор

17:10 / 04.01.2019 5627 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умму Кулсум бинти Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бу аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи муҳожиралардан бўлган эди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Одамлар орасини ислоҳ қилган каззоб эмас. Хайрни айтади ва хайрни етказади», деганларини эшитган экан.

«Мен у зотнинг одамлар «ёлғон» дейдиган нарсадан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Фақат уч нарсага: урушда, одамлар орасини ислоҳ қилишда ва эрнинг ўз хотинига ва хотиннинг ўз эрига гапиришида рухсат берганлар», деди у».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Абу Довуднинг лафзида:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғондан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Фақат уч нарсани «ёлғончи ҳисобламайман», дер эдилар: одамлар орасини ислоҳ қилган одамни. У бир гапни айтса, ундан ислоҳдан бошқани ирода қилмайди. Урушда сўз сўзлаган кишини ва ўз хотинига сўз айтган эрни ҳамда ўз эрига сўз айтган хотинни», дейилган.

Исломда ёлғон ҳаром ва катта гуноҳ ҳисобланса ҳам ундан каттароқ зарарни қайтариш учун истисно тариқасида уч ҳолатда ёлғон ишлатишга рухсат берилган.

1. Одамлар орасини ислоҳ қилиш учун.

Мусулмонларнинг бир-бирлари билан уришиб юришлари жуда ҳам ёмон иш. Бу ёмон иш оқибатида инсонлар ва жамиятлар ораси бузилади. Кишиларнинг бир-бирлари билан хусуматлашишлари, уришишлари барча бало-офатларнинг бошидир. Шунинг учун бу ҳолат пайдо бўлиши билан қандай қилиб бўлса ҳам уни бартараф қилишга ўтиш зарур. Бу йўлда, ҳатто ёлғон гапиришга ҳам рухсат бор. Чунки одамларнинг орасини ислоҳ қилиш учун ёлғон гапирган одам фақатгина яхшилик учун ёлғон гапиради.

2. Урушда ғалаба қилиш учун.

Душман билан бўлаётган қуролли қарама-қаршилик ҳаёт-мамот жанги бўлади. Бу жангда душман қўлидан келган барча ишларни, жумладан, ёлғонни ҳам ишга солади. Агар аскар енгилса, барча уммат ва миллат душман асорати остида қолади. Шунинг учун ҳам кўпчилик манфаати йўлида душманни доғда қолдириш учун ёлғон гапиришга рухсат берилган.

3. Оиланинг аҳиллигини сақлаб қолиш учун.

Ҳар бир жамиятда оиланинг аҳиллиги алоҳида аҳамият касб этади. Аҳил оилада ўсган болалар салоҳиятли фуқаро бўлиб ўсадилар. Ота-онанинг жанжаллари садоси остида ўсган болалар эса салоҳиятли фуқаро бўлишлари қийин.

Шунинг учун ҳам эр-хотин орасидаги ўзаро аҳиллик жуда ҳам муҳимдир. Ана ўша аҳилликни сақлаб қолиш мақсадида эр-хотинга бир-бирларига яхши маънода ёлғон гап айтишларига рухсат берилган.

Истисно тариқасида рухсат берилган ушбу уч ҳолатдан бошқа ҳолларда ёлғон гапириш мумкин эмас.

«Ёлғон» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Келинг, бу илмнинг аҳамияти қанчалик катта эканини ҳис қилиш учун маълум бир муддатга уни бутунлай унутайлик ва фақиҳлардан содир бўлган маълумотларнинг давоми...

4948 15:06 / 03.07.2019
СаволАссалому алайкум, мен Хоразм вилоятининг Гурлан туманиданман. 60 ёшга қадам қўйган аёлман. Саволим шуки, бизлар ҳар йили ёз ойларида 3040 нафар хотинқиз ва 56 давоми...

2963 16:45 / 20.02.2020
Инсон табиатан шошқалоқликдир. Баъзан фитратидаги бу шошқалоқлик юзага чиққанда, хаттиҳаракатларининг оқибатини ўйламасдан иш тутади. Ҳар нарсани нозик давоми...

4593 11:00 / 16.02.2019
Миҳбардан ривоят қилинади .Биз бир маййит учун тобут ҳозирлаётган эдик, олдимиздан Рабиъ ибн Барра ўтиб қолиб, .Бу ғариб ким, деб сўради. .У ғариб эмас, қариб қариб давоми...

3406 08:00 / 06.03.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021